Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Рақобат тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинади
Фото: Shutterstock
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди. Ҳужжат билан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири ҳам тақдим этилган.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Ўзбекистон Республикасида рақобатни ҳимоя қилиш ва уни ривожлантиришга кўмаклашиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли орган ҳисобланади.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири олдида ҳисобдор ҳисобланади, ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда амалга оширади.
Давлат органлари ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки уларга ишониб топширилган тармоқлар ва ҳудудларда рақобат муҳитини ривожлантиришга жавобгардирлар.
Монополияга қарши сиёсат асосий қоидалар (принципларга) қуйидагилар ҳисобланади:
одиллик;
мусобақалашиш
рақобат нейтралитети;
ҳалоллик;
қонунийлик;
истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя қилиш;
самарали, бироқ минимал зарурий давлат аралашуви;
шаффофлик.
Устун (монопол) мавқе товар ёки рақамли бозорда хўжалик юритувчи субъект, шахслар гуруҳи ёки ўзаро боғланмаган бир неча шахснинг сотувчи ёки харидор сифатида рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектлар, сотувчилар, харидорлар ва пировард истеъмолчиларга боғлиқ бўлмаган ҳолда унга товар нархи, ҳажми, ҳудуди, сифати, сотиш шартларига ҳамда инновация даражасига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш имкониятини берадиган ҳолатидир.
Товар ёки рақамли бозорда устун мавқе сифатида:
табиий монополия шароитларида товарлар ишлаб чиқариш ва (ёки) сотиш фаолиятини амалга оширувчи;
бозордаги улуши эллик фоиз ва ундан ортиқни ташкил этган хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг ҳолати эътироф этилади.
Устун мавқе сифатида тегишли товар ва рақамли бозорда хўжалик юритувчи субъектлар улуши қуйидагича бўлган ҳолати эътироф этилиши мумкин:
бир хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳининг улуши йигирмадан эллик фоизгачани ташкил қилганда;
ҳар бирининг бозордаги улуши қолган хўжалик юритувчи субъектлар ёки шахслар гуруҳларининг улушидан ортиқ бўлган иккита ўзаро боғланмаган хўжалик юритувчи субъектлар ёки шахслар гуруҳларининг улуши қирқ фоиздан кўпроқни ташкил қилган;
ҳар бирининг бозордаги улуши қолган хўжалик юритувчи субъектлар ёки шахслар гуруҳининг улушидан ортиқ бўлган учта ўзаро боғланмаган хўжалик юритувчи субъектлар ёки шахслар гуруҳининг улуши эллик фоиздан кўпроқни ташкил қилган;
ҳар бирининг бозордаги улуши қолган хўжалик юритувчи субъектлар ёки шахслар гуруҳларининг улушидан ортиқ бўлган бештадан кўп бўлмаган ўзаро боғланмаган хўжалик юритувчи субъектлар ёки шахслар гуруҳларининг улуши учдан икки қисмдан кўпроқни ташкил қилган;
Ушбу модда учинчи қисмининг талаблари қуйидаги шартларга бирга риоя қилинганда татбиқ этилади:
хўжалик юритувчи ҳар бир субъектнинг бозордаги улуши товар ва рақамли бозорда камида бир йилдан кўпроқ вақт мобайнида барқарор бўлиб туриши;
бошқа хўжалик юритувчи субъектлар (рақобатчилар)нинг бозорга киришини қийинлаштирадиган тўсиқларнинг мавжудлиги;
товар истеъмол қилишда бошқа товар билан алмаштирилиши мумкин бўлмаганда.
Рақамли бозорда хўжалик юритувчи субъектнинг устун мавқеини аниқлашда, шунингдек қуйидагилар эътиборга олинади:
бевосита ва билвосита тармоқ самараси;
фойдаланувчиларнинг турли хўжалик юритувчи субъектларнинг товарларидан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш имконияти ва уларни алмаштириш билан боғлиқ харажатлар миқдори;
хўжалик юритувчи субъектнинг тармоқ самараси муносабати билан пайдо бўладиган самара кўлами;
хўжалик юритувчи субъектнинг рақобат муҳитига таъсир қилаётган ёки таъсир қилиши мумкин бўлган маълумотлардан фойдаланиш имконияти;
унинг бозордаги рақобатдаги устунлигига инновацияларнинг таъсири.
Ушбу модда учинчи қисми иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлари талаблари, агар кўрсатиб ўтилган хўжалик юритувчи субъектлардан камида биттасининг бозор улуши ўн фоиздан камроқни ташкил этса, татбиқ этилмайди.
Хўжалик юритувчи субъект ва шахслар гуруҳи устун (монопол) мавқе эга деб эътироф этилган пайтдан эътиборан икки йил давомида товар ва рақамли бозорда шундай мавқега эга сифатида кўрилади.
Хўжалик юритувчи субъект ва шахслар гуруҳининг ҳолати, агар унинг охирги икки йилдаги даромади ҳисоблашнинг базавий миқдорининг тўрт минг беш юз баробаридан камроқни ташкил этса, устун (монопол) мавқе деб эътироф этилмайди.
Табиий монополия товари ҳисобланмаган ўз товари ёки бошқа сотувчилар товарини сотиш учун фойдаланиладиган, тармоқ инфратузилмаси (филиал тармоғи) ёки рақамли платформага эга бўлган ва бозордаги улуши эллик фоиздан камроқни ташкил этган хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг харидор ва сотувчиларда товарни бошқа товар билан алмаштиришга етарлича имконият мавжуд бўлмаганда ўзи учун фойдали йўналишда битимлар натижасига, товарни сотиш чегараларини, шартларини ва нархини белгилаш ёки инновация даражасига бир томонлама таъсир кўрсатиш имконияти, юқори музокара устунлиги деб топилади.
Бир гуруҳ шахслар сифатида битта товар ва рақамли бозорда фаолият юритадиган, ягона (умумий) иқтисодий манфаатга эга бўлган шахслар йиғиндиси шахслар гуруҳи деб эътироф этилиб, уларга татбиқан қуйидаги бир ёки бир нечта шарт бажарилади:
икки ва ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъектнинг бири бевосита ёки билвосита, шунингдек ўзга шахслардан олган ваколатларига мувофиқ бошқа хўжалик юритувчи субъект устав фондининг (устав капиталининг) эллик фоизидан ортиғига эгалик қилади;
икки ва ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъектда айни бир жисмоний шахс, шунингдек унинг эри (хотини), ота-онаси (фарзандликка олувчилари), болалари (фарзандликка олинган болалари), туғишган ва ўгай ака-укалари ҳамда опа-сингиллари ушбу хўжалик юритувчи субъектлардаги иштироки туфайли ёхуд бошқа шахслардан олган ваколатларига мувофиқ мазкур хўжалик юритувчи субъектлардан ҳар бирининг устав фондининг (устав капиталининг) эллик фоизидан ортиғига бевосита ёки билвосита эга бўлади;
икки ва ундан ортиқ юридик шахсда айни бир юридик шахс ушбу юридик шахсларда ўзининг иштироки туфайли ёхуд бошқа шахслардан олган ваколатларига мувофиқ мазкур юридик шахслардан ҳар бирининг устав фондининг (устав капиталининг) эллик фоизидан ортиғига бевосита ёки билвосита эга бўлади;
икки ва ундан ортиқ юридик шахснинг ижро этувчи органи таркибига айни бир жисмоний шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари киради;
икки ва ундан ортиқ юридик шахснинг коллегиал ижро этувчи органи ва (ёки) кузатув кенгаши сон таркибининг эллик фоизидан ортиғини айни бир жисмоний шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари ташкил этади;
икки ва ундан ортиқ юридик шахслардан бири қонун ҳужжатларига ёки ушбу юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатларига ёхуд улар ўртасида тузилган шартномаларга асосан ушбу юридик шахсларга ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беришга ҳақли бўлади;
икки ва ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъектда айни бир жисмоний шахс ёки айни бир юридик шахс қонун ҳужжатларига ва ушбу юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатларига ёхуд улар билан тузилган шартномаларга асосан уларга ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беришга ҳақли бўлади.
Ушбу Қонунда шахслар гуруҳига товар ёки рақамли бозорнинг ягона субъекти сифатида қаралади.
Товар ёки рақамли бозорда устун (монопол) мавқени эгаллаб турган, хўжалик юритувчи субъект томонидан белгиланадиган нарх, агар ушбу нарх:
рақобатни чекласа ёки истеъмолчига зарар келтирса;
товар ёки рақамли бозорнинг бошқа иштирокчилариникидан юқори ва ривожланган рақобат шароитда худди шу ёки таққосланувчи бозорда шаклланган нархдан юқори бўлса, бундай бозор мавжуд бўлган тақдирда;
бундай товарни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш учун зарур харажатлар ва фойда суммасидан юқори бўлса ёки асоссиз харажатларнинг ўрнини қоплашга ёхуд товар сифатини пасайтириш натижасида қўшимча фойда олишга йўналтирилган бўлса, монопол юқори нарх деб ҳисобланади.
Шунингдек, товар бозорида устун (монопол) мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъект товарининг унинг нархининг ошишига олиб келган манипуляция, товарларни биржа савдоларига чиқариш жадвали ва шартларига риоя этмаслик ва бошқа ҳаракатлар натижасида биржа савдолари якунлари бўйича шаклланган нархи монопол юқори нарх деб эътироф этилади.
Товар ёки рақамли бозорда устун (монопол) мавқени эгаллаб турган, хўжалик юритувчи субъект томонидан белгиланадиган ва бундай товарни ишлаб чиқариш ва реализация қилишга зарур харажатлар ва фойда суммасидан паст ёки ушбу товарни сотишдан зарар келтирадиган даражада белгилаш йўли билан рақобатнинг чекланишига қаратилган нарх товарнинг монопол паст нархидир.
Давлат томонидан нархни тартибга солиш ижтимоий аҳамият ва стратегик характер касб этадиган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган, шунингдек табиий монополия шароитларида ишлаб чиқариладиган товарларга нисбатан амалга оширилади.
Ушбу модда талаблари экспорт нархларига нисбатан жорий қилинмайди.
Монополияга қарши комплаенснинг асосий вазифалари бўлиб, қуйидагилар ҳисобланади:
давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва юридик шахслар бирлашмалари томонидан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш;
рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши хатарларини самарали бошқариш;
давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва юридик шахслар бирлашмалари учун обрў йўқолишининг олдини олиш;
бизнесни юритишнинг инсофли амалиётини шакллантириш.
Монополияга қарши комплаенсни жорий этиш давлат органлари, устав фонди (устав капитали)даги эллик ва ундан ортиқ фоиз акция (улуш)лар давлатга тегишли бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг шўъба корхоналари, шунингдек юридик шахслар бирлашмаларида мажбурий ҳисобланади ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектлар учун тавсиявий ҳисобланади.
Давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва юридик шахслар бирлашмаларида монополияга қарши комплаенсни жорий этиш учун масъул шахс тайинланади.
Монополияга қарши комплаенснинг лозим даражада амал қилишини таъминлаш учун қуйидагилар масъул ҳисобланадилар:
устав фонди (устав капитали)даги эллик ва ундан ортиқ фоиз акция (улуш)лар давлатга тегишли бўлган хўжалик жамиятларида – кузатув кенгаши таркибига мажбурий тартибда киритиладиган монополияга қарши орган вакили;
Давлат органлари, устав фонди (устав капитали)даги эллик ва ундан ортиқ фоиз акция (улуш)лар давлатга тегишли бўлган ва кузатув кенгаши мавжуд бўлмаган ёки шакллантирилмаган хўжалик юритувчи субъектларда, шунингдек уларнинг аффиланган шахсларида ва шўба хўжалик жамиятларида – раҳбар.
Монополияга қарши комплаенсни жорий этиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Табиий монополия субъектлари қуйидагиларга мажбурдирлар:
тарифнинг кучга киришидан камида ўн беш кун аввал унинг амалга киритилиши ҳақида истеъмолчиларни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиш ва монополияга қарши органга истеъмолчилар лозим тарзда хабардор қилинганлиги ҳақида маълум қилишга;
табиий монополия субъектларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўтказиш учун имкониятни таъминлашга;
ўз фаолияти ҳақида ҳар йиллик оммавий ахборотни, шу жумладан молиявий натижалар, улар томонидан ишлаб чиқариладиган товарнинг сифат кўрсаткичларига риоя этилиши, уларнинг фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичларига эришилиши тўғрисидаги ҳисоботларни уларнинг расмий веб-сайтида жойлаштириш ёки оммавий эшитишлар ўтказиш йўли билан ошкор этишга.
Хизмат кўрсатилиши шарт бўлган истеъмолчиларни рўйхати ва (ёки) уларни табиий монополия субъектлари реализация қиладиган товар билан тўлиқ ҳажмда қондиришнинг имкони бўлмаган тақдирда, таъминлашнинг энг кам даражасини белгилаш тартиби вазирлар маҳкамаси томонидан белгиланади.
Мавзуга оид
15:15 / 24.12.2025
Уй-жой ва ер бўйича якуний хулоса чиқариш муддати 3 баробарга қисқариши мумкин
11:13 / 22.12.2025
Девелоперларга чеклов, улушдорларга кафолат: улушли қурилиш тартиби ўзгаради
13:16 / 15.12.2025
Тиббий жиҳозлар хавф даражасига кўра 4 синфга ажратилади: янги қоидалар
15:22 / 08.12.2025