Ўзбекистон | 18:04 / 25.12.2022
33766
5 дақиқада ўқилади

«Эски Captiva ўрнига янги Equinox» – Қашқадарё вилояти ҳокимлиги хизмат машиналари ҳақида

Украинада бошланган уруш ортидан Ўзбекистон ҳам харажатларини мақбуллаштира бошлади. Шавкат Мирзиёев ҳудуд ва тармоқ харажатларини 10 трлн сўмга қисқартиришни айтган, 2022 йил охиригача давлат органларига автомобил харид қилишни қатъиян тақиқланганди. Аммо шунча гаплардан кейин ҳам Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 450 миллион сўмга Equinox харид қилиш учун шартнома имзолаган.

Қаловини топиб, қорниям ёқишнинг ҳадисини олган ҳокимлик тақиқни айланиб ўтишнинг чорасини ҳам топган. Қандай қилиб дейсизми? Вилоят ҳокими ўринбосари миниб юрган Captiva хизмат машинаси Чироқчи тумани ҳокимлигига «ҳадя қилинган». Ўз навбатида, Чироқчи тумани ҳокимлиги балансида бўлган хизмат машинаси янги ташкил этилган Кўкдала тумани ҳокимлигига «беғараз» берилган.

Equinox эски Captivaʼсини туман ҳокимлигига туҳфа қилгани учун машинасиз қолган вилоят ҳокими ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Ўткиржон Қодиров учун олиняпти.

Вилоят ҳокимлигининг ҳотамтойлиги ҳам бежиз эмас аслида. Нега энди бошқаларга эмас, айнан Чироқчи туман ҳокимлигига «беғараз» автомобил ажратилгани туман ҳокими лавозимига тайинланган Нодир Эркаев билан боғлиқ. Чунки у 2019-2022 йилларда вилоят ҳокимининг молия-иқтисод масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

Энди вилоят ҳокимлиги гаражига қайтамиз.

Ҳокимлик тасарруфида 15 та автомашина мавжуд. Шундан:

  • 2 та Toyota Land Cruiser;
  • 1 та Trailblazer;
  • 2 та Tracker;
  • 2 та Captiva;
  • 4 та Gentra;
  • 1 та Nexia-3;
  • 1 та Damas;
  • 1 та Equinox.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги тасарруфидаги хизмат автомобиллари. Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги расмий сайти

Вилоят ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Ўткиржон Қодиров учун сотиб олинаётган, аллақачон пули ҳам тўлаб бўлинган автомобил ҳам етиб келса, ҳокимлик балансидаги Equinox’лар сони иккитага етади.

Маълум бўлишича, Иккита Toyota Prado йўлтанламасининг биридан Қашқадарё ҳокими Муроджон Азимов фойдаланади. Иккинчиси эса вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Алишер Қодировга бириктирилган.

Қашқадарё вилояти ҳокимининг яна 8 нафар ўринбосари бор. Ҳокимнинг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Муродулло Азизовга Equinox, қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Улуғбек Узоқовга Trailblazer, жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Илҳомжон Арзиқуловга Tracker, ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Анвар Қобилов ҳамда жамоатчилик билан ишлаш бўйича маслаҳатчиси Долли Аллаевга Captiva, ҳокимнинг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Алишер Зокиров ҳамда вилоят ҳокими матбуот котиби Аҳрор Содиқовга Gentra автомобиллари ажратилган.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги тасарруфидаги хизмат автомобиллари. Фото: Kun.uz

Шунингдек, ҳоким ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Комила Карамовага Tracker, ҳокимнинг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нодирбек Ҳамроевга Nexia-3, вилоят нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ҳамда Муроджон Азимовнинг нуронийлар масалалари бўйича маслаҳатчисига бир хилда Gentra автомобиллари хизмат машинаси сифатида бириктирилган.

Вилоят ҳокимлиги балансидаги 15 та хизмат автомобили 2015-2021 йиллар давомида харид қилинган. Автомобилларнинг энг эскиси олинганига 7 йил, энг янгисига 1 йил бўлган.

Ҳокимлик сайтида 2022 йилнинг ўтган даврида тасарруфдаги хизмат машиналарининг ёнилғи-мой, таъмирлаш ва бошқа харажатлари учун қанча маблағ сарфланганига оид маълумотларни топиб бўлмади. Аввалги таҳлилларда президентнинг очиқликка доир фармони талабларига кўра бу маълумот давлат органларининг сайтларида жойлаштириб борилиши кераклиги ҳақида маълумот берилганди.

Очиқ манбаларга кўра, Қашқадарёдаги Миришкор тумани ҳокимлиги балансида 10 та хизмат машинаси бор. Вилоятдаги қолган туман ва шаҳар ҳокимликлари ихтиёрида мавжуд хизмат автомобиллари ҳақидаги маълумотлар ҳам уларнинг сайтларидан топилмади. Вилоят ҳокимлиги очиқлик борасида анча илғор, афсуски, Қашқадарёдаги туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳақида бундай деб бўлмайди. Буни назорат қилиши керак бўлган идоралар эса жим.

Жамшид Ниёзов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Абдусалим Абдувоҳидов

Жамшид Ниёзов
Муаллиф Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид