Жамият | 10:08 / 14.03.2026
9941
9 дақиқада ўқилади

Қашқадарёдаги “Санта-Барбара”: адолат излаган деҳқоннинг 7 йиллик саргузаштлари

Ҳоким–фермер низолари тез-тез учраб туради, кўплаб фермерлар охиригача бориб ўтирмай, қўл силтаб қўя қолади. Лекин Қашқадарёнинг Нишон туманидаги “Бобур” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Қўлдошев ҳақида бундай деб бўлмайди. У тортиб олинган ерини қайтариш учун 2019 йилдан бери судма-суд югуряпти.

Ўтган ойда Human Rights Watch халқаро нодавлат ташкилоти Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги ҳолат ҳақида “Фермерларда эркинлик йўқ” номли ҳисобот эълон қилган эди. Ҳисоботда, жумладан, шундай дейилади:

Ҳокимлик томонидан ерининг тортиб олинишига қарши судга даъво аризаси билан мурожаат қилган фермерлар Ўзбекистон судларида камдан кам ҳолларда адолат топа олади. Топган тақдирда ҳам, маҳаллий амалдорлар ерни фермерга қайтариш тўғрисидаги қарорларни деярли ижро этмайди”.

Қашқадарё вилояти Нишон туманидан Kun.uz'га мурожаат қилган “Бобур” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Қўлдошев – ана шу реал вазиятнинг яна бир мисоли.

У қарийб 7 йилдирки адолат излаб судма-суд югуради. 2019 йилда 106 гектар ерини Нишон туманининг ўша пайтдаги ҳокими Мухтор Ҳайитмуродов ноқонуний равишда тортиб олган.

Фермер кейинчалик суд орқали ҳуқуқларини тиклашга эришган, лекин уни олдинда ҳали янги синовлар кутаётган эди.

Судма-суд саргузаштлар. 1-қисм

Нишон тумани ҳокимининг 2019 йил 23 январдаги қарори билан, “Бобур” фермер хўжалигига пахта ва ғаллачилик учун қарийб 106 гектар ер ажратилган. Орадан 4 ой ўтиб, туман ҳокимининг 2019 йил 24 май кунги қарори билан бу ерлар яна туман захирасига қайтарилган.

2019 йил июн ойида ҳоким бу ерларни бошқа иккита юридик шахсга ажратиб берган. Улардан бири – “Nishan Chicken’s” МЧЖ ХКга 36 гектар ер берилган.

“Бобур” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Қўлдошев бу қарорлардан норози бўлиб, судга арз қилган. Нишон туман маъмурий судининг 2019 йил 20 ноябр кунги ҳал қилув қарори билан, туман ҳокимининг 105 гектарни захирага қайтариш ва бу ерларни бошқа иккита юридик шахсга ажратиб бериш ҳақидаги қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган.

Нишон тумани ҳокимлиги суд қароридан норози бўлиб, шикоят киритган, лекин 2020 йил 13 феврал куни Қашқадарё вилояти маъмурий суди кассация инстанцияси қарорни ўзгаришсиз қолдирган.

Кўриниб турганидек, фермердан ерини олиб қўйган олган ҳоким Мухтор Ҳайитмуродов биринчи ва иккинчи инстанция судларида ютқазган, Олий судга эса шикоят киритмаган. Натижада фермернинг 106 гектар ерга нисбатан ҳуқуқи тикланиши керак эди.

Лекин амалда ундай бўлмаган. Ҳоким Ҳайитмуродов ўз ҳаракатларини давом эттириб, 2020 йил 20 март кунги қарори билан “Бобур” фермер хўжалигига тегишли ернинг юқорида тилга олинган 36 гектарлик қисмини яна “Nishan Chicken’s” МЧЖ ХКга ажратиб берган. Ваҳоланки, бу вақтда мазкур ер майдони “Бобур” фермер хўжалигига тегишли эди – ҳоким ерни захирага олиш тўғрисида янги қарор чиқармаган (захирага олиш тўғрисида 2019 йил 24 майдаги ҳоким қарори судлар томонидан ҳақиқий эмас деб топилгани ҳақида юқорида тўхталиб ўтилди).

Ҳоким мени алдаган экан”

Фермер Баҳодир Қўлдошевнинг айтишича, у 2019-2020 йиллардаги судларда ютиб чиққач, туман ҳокимининг илтимоси билан “Бобур” фермер хўжалигига тегишли 86-контурдаги 36 гектар ерни “Nishan Chicken’s” МЧЖга 1 йил фойдаланиш учун норасмий тарзда, оғзаки келишув асосида бериб турган, лекин келишилган муддат ўтганидан кейин ерини қайтариб ололмаган. У, ўзининг айтишича, туман ҳокими 2020 йил 20 мартдаги қарори билан ушбу 36 гектар ерни мазкур МЧЖга иккинчи марта бериб юборганидан 2022 йилга келибгина хабар топган.

[2019-2020 йиллардаги] судларда ютганим учун ерим ўзимга қайтган эди, фақат 36 гектар ерни ҳоким “кейинроқ оласан” деган эди. Кейин билсам, улар мени алдаган экан”, – дейди Баҳодир Қўлдошев.

Қайд этиш лозим, унинг “туман кенгаши қароридан бехабар эдим”, “ҳоким мени алдаган экан” мазмунидаги важини ҳозирга қадар судлар бир нечта асосларга кўра рад этиб келмоқда.

Судма-суд саргузаштлар. 2-қисм

Фермер суддаги саргузаштларининг иккинчи сериясида туман ҳокимининг 36 гектар ерни “Nishan Chicken’s”га ажратиб бериш ҳақидаги 2020 йил 20 март кунги қарорини бекор қилмоқчи бўлади.

Лекин энди у янги муаммога дуч келади: халқ депутатлари Нишон туман кенгашининг 2019 йил 18 майдаги қарори ҳамон қонуний кучида эди. Биз юқорида тўхталиб ўтган, 106 гектар ерни олиб қўйиш ҳақидаги ҳоким қарори – формал жиҳатдан ана шу кенгаш қарори асосида қабул қилинган бўлган. Эслатиб ўтамиз, у пайтларда туман кенгашларига ҳокимларнинг ўзи раис эди; фермерлардан ерни олишда аввалига кенгаш қарори қабул қилиниб, шундан кейин ҳоким қарори билан у ижро қилинарди.

Баҳодир Қўлдошевнинг хатоси шунда эдики, у аввалги суд жараёнларида фақат ҳоким қарорини бекор қилишга эришган, лекин унга асос бўлган туман кенгашининг қарори бўйича низолашмаган.

Бундан ташқари, кадастр органи унинг 106 гектар ердан фақат 40 гектарига нисбатан ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказган. Ер кодексига биноан эса, ерга бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин вужудга келади, яъни ҳокимнинг ер ажратиш ҳақидаги қарорининг ўзи етарли эмас.

Қолаверса, Баҳодир Қўлдошев ҳокимнинг 2020 йил 20 март кунги қарори устидан судга арз қилиш бўйича қонунда белгиланган муддатни (ҳуқуқи бузилганидан хабар топганидан кейин узоғи билан 3 ой) узрсиз сабабларга кўра ўтказиб юборган, деб ҳисобланмоқда.

Ушбу важлар туфайли фермер аввалига Қарши туманлараро маъмурий судида, кейинроқ вилоят судининг апелляция инстанциясида, ундан кейин Олий судда ҳам ютқазган.

Судма-суд саргузаштлар. 3-қисм

Фермер энди туман кенгашининг 2019 йил 18 майдаги қарорини бекор қилишни сўраб, Қарши туманлараро маъмурий судига даъво киритган. Суд 2024 йил 21 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириб, халқ депутатлари Нишон тумани кенгашининг 2019 йил 18 майдаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топган.

Лекин шу куннинг ўзида Қашқадарё вилоят прокуратураси “Nishan Chicken’s” МЧЖнинг манфаатида протест киритган ва 2025 йил 22 апрел куни кассация инстанцияси прокуратура протестини қаноатлантирган.

“Бобур” фермер хўжалигини қўллаб-қувватлаётган Қашқадарё вилояти Фермерлар кенгаши прокуратуранинг протести ва кассация қарорини “асоссиз” деб ҳисобламоқда. Кенгаш 2026 йил 2 март куни Қашқадарё вилояти маъмурий суди тафтиш инстанциясига шикоят киритиб, Қарши туманлараро судининг 2024 йил 21 октябрдаги ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни сўради.

“Сериал”нинг бу қисми ҳозирча шу нуқтада турибди.

Бунақа шароитда соҳа ривожланмайди”

Баҳодир Қўлдошев 1998 йилдан бери фермерчилик билан шуғулланади. Лекин 2019 йилдан бери халовати йўқлигини айтади, чунки ўзига қонуний тарзда ажратиб берилган ернинг 36 гектаридан фойдалана олмаяпти.

Мана, 7 йилдан буён фақат суд билан шуғулланамиз, бошқа иш қилолмаяпмиз. Фақат биз эмас, 2019 йилда Нишон туманида жуда кўп фермерлар ана шундай адолатсизликка учради. Бунақа шароитда соҳа ривожланмайди.

Ноҳақликлар бўлаверса, туман ҳокимлари фермерларнинг устидан босим ўтказиб, ерни олиб қўяверса, у қўрққанидан бир иш қилолмайди, катта-катта режаларни амалга оширолмайди”, – дейди у.

Мақола сарлавҳасида тилга олинган “Санта-Барбара” сериали ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Бу сериал 2137 сериядан иборат бўлиб, АҚШда 1984 йилдан 1993 йилгача эфирга узатилган. Биз юқорида ёритганимиз ҳолат ҳам бир неча юзлаб бўлмаса-да, ўнлаб қисмлардан иборат сериал бўлишга арзигулик...

Бадиий бўёқлар билан бойитилган сериал, бош қаҳрамон деҳқоннинг фарзандли бўлганидан қувонаётгани акс этган кадрлардан бошланади, сўнгги қисмларида эса ўша фарзанди мактабнинг 1-синфига қадам қўйганида ҳам у ўша эски муаммолар билан ўралашиб юрган бўлади. Оралиқ қисмларда эса айрим ҳокимларнинг шахсий портрети ва фермерчиликдаги аччиқ реалликни очиб бериш мумкин.

Сериал хулосаси эса қуйидагича бўлади: қонунларда озод ва эркин экани ёзиб қўйилган деҳқоннинг ери ғирт қароқчиларча, ноқонуний тарзда тортиб олмаганида эди, у шунча йиллик ташвишларга гирифтор қилинмаган бўларди.

Шокир Шарипов
Муаллиф Шокир Шарипов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид