Ўзбекистон | 07:47 / 05.10.2018
20897
3 дақиқада ўқилади

2019 йил 1 апрелга қадар республикадаги барча кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилади

Фото: Depositphotos

Ўзбекистон Республикаси президенти “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда 2019 йил 1 апрелга қадар муддатда кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказади ва хатлов натижаларига кўра Кўчмас мулк объектларининг ягона реестри ва Кўчмас мулк объектлари манзилларининг ягона реестрини шакллантириш жараёнини якунига етказади. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари уйма-уй юриб ўрганиш натижасида тўпланган ахборотни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар ахборот базасига киритиш учун компьютер ускуналари билан жиҳозланган зарур хоналар ва ходимларни ажратади.

Қуйидагиларга: 

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р.Бобожонов зиммасига – фуқароларни уйма-уй юриб ўрганиш орқали уларнинг паспорт маълумотларини кўчмас мулк объектининг кадастр рақамига боғлаган ҳолда Ички ишлар вазирлигининг ахборот базасидаги фуқароларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари тўғрисидаги ахборотнинг тўлиқ долзарблаштирилиши учун; 

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси А.Х.Абдуллаев зиммасига – кўчмас мулк объектларининг тўлиқ хатловдан ўтказилиши ҳамда Кўчмас мулк объектларининг ягона реестри ва Кўчмас мулк объектлари манзилларининг ягона реестрини шакллантириш бўйича ишларнинг якунига етказилиши учун; 

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М.Содиқов зиммасига – Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимининг янада такомиллаштирилиши ва тўлиқ ишлаши, шунингдек, сайлов комиссиялари сайлов вақтида маълумотлар узатиш тармоқларига узлуксиз уланишини таъминлаш учун; 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига – фуқароларнинг яшаш жойлари манзиллари тўғрисидаги ахборотни долзарблаштириш ва сайлов вақтида сайлов комиссиялари Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан самарали фойдаланиши учун зарур хоналар, замонавий ускуналар ва ходимлар тақдим этилиши учун; 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Э.Абдусаломов зиммасига – сайлов комиссиялари вакилларини Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими билан ишлаш кўникмаларига ўқитиш ва давлат органларининг улар зиммасига сайлов жараёнига СЯЭРни жорий этиш учун зарур шароитларни яратишга доир юкланган мажбуриятларининг бажарилиши устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш учун шахсий жавобгарлик юкланди. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид