Ўзбекистон | 17:37 / 02.03.2019
15391
2 дақиқада ўқилади

Мадумаров: Қашқадарёда 75 фоиз ички​ йўллар таъмирталаб аҳволда 

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Вилоятдаги мавжуд ички хўжаликлараро автомобиль йўлларининг 11 200 километрлик қисми ёки 75 фоизи таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Бу ҳақда сенатор Толиб Мадумаров маълум қилди. 

«2018 йилги инвестиция дастурига мувофиқ 66,6 километр йўлни таъмирлаш белгиланган бўлса-да, йўлбоп битум маҳсулоти танқислиги оқибатида белгиланган йўлнинг 34,6 километрлик қисми ёки 52 фоизи умуман таъмирланмаган», — дейди у. 

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳрига элтувчи 4Р87 автомобиль йўлининг абгор ҳолати ҳақида репортаж эълон қилган эди.

Шунингдек, Мадумаров ​вилоятда истиқомат қилаётган 3 млн.дан ортиқ аҳолининг қарийб 47 фоизи ташиб келтириладиган ичимлик сувини истеъмол қилаётганини таъкидлаган. 

Унинг айтишича, айрим туманларда ташима йўл орқали сув истеъмоли учун ҳам тўлов ундирилади. 

«Мавжуд бўлган ичимлик суви тармоқларидан 62 фоизи таъмирталаб ҳолатга тушиб қолган», — дейди у.

​Сенатор Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан йиллар давомида сақланиб қолган коммунал соҳага оид муаммолар ечимига комплекс тарзда ёндашилмаётгани аҳолининг жиддий эътирозларига ​сабаб бўлаётганини айтди. 

«Қарши шаҳридаги 1, 2-даҳалардаги 46 та кўп қаватли уйнинг 60 фоизини ички иситиш тизими ишдан чиққан. Шаҳардаги 222 та кўп қаватли уй учун локал қозонхоналарни қуриш ишлари тегишли дастурларда белгиланган бўлса-да, шу кунга қадар бошланмаган. 

Инвестиция дастурига киритилган «Сувоқова»​ ДУК тизимидаги 18 та объектдан 7 тасида тегишли қурилиш ва реконструкция ишларини олиб бориш учун зарур маблағлар ўз вақтида ажратилмаган», — дея қайд этган Мадумаров.

​Аввалроқ, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев аҳолининг 47 фоизи ташима йўллар орқали сувни истеъмол қилишга мажбурлигини айтганди.

Тайёрлаган:  Алишер Рузиохунов

Мавзуга оид