Ўзбекистон | 09:12 / 24.06.2020
5161
2 дақиқада ўқилади

Парламент, депутат ва сенатор сўровига мансабдор шахснинг ўзи жавоб беради

2019 йилда 242 та депутат сўрови муайян идоранинг биринчи шахси номига юборилган бўлса, уларнинг 175 тасига ўринбосарлар томонидан, 13 тасига қуйи ташкилот раҳбарлари ва 2 тасига умуман бошқа идора мансабдор шахслари томонидан жавоб хати юборилган.

Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари томонидан мансабдор шахслар номига юборилаётган сўровларга уларнинг ўзи эмас, балки турли даражадаги бошқа ходимлар жавоб бериш ҳолатлари учраб турибди, дейилади парламент сайтида.

Қайд этилишича, бу “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунда мансабдор шахс номига юборилган депутат (сенатор) сўровига мансабдор шахснинг ўзи жавоб бериши лозимлиги тўғрисидаги империатив норманинг йўқлиги билан изоҳланади.

Қонунчиликдаги ана шу бўшлиқни тўлдириш мақсадида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси киритилди.

Қонунчилик палатасининг жорий йил 23 июнь куни бўлиб ўтган мажлисида мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Муҳокамалар чоғида депутатлар таҳлилий маълумотларга эътибор қаратдилар. Унга кўра, Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 2018 йилда мансабдор шахслар номига жами 207 та депутат сўрови юборилган бўлиб, улардан 120 тасига жавоб тегишли мансабдор шахс номидан эмас, бошқа шахс номидан келган. 2019 йилда эса жами 242 та депутат сўрови муайян идоранинг биринчи шахси (раҳбари) номига юборилган бўлса, уларнинг 175 тасига ўринбосарлар томонидан, 13 тасига қуйи ташкилот раҳбарлари ва 2 тасига умуман бошқа идора мансабдор шахслари томонидан жавоб хати юборилган.

Қонун лойиҳаси парламент, депутат ва сенатор сўровига жавоб хати, сўров кимнинг номига юборилган бўлса айнан ўша мансабдор шахс томонидан ёки унинг вазифасини бажариш юклатилган шахс томонидан имзоланиши тўғрисидаги мажбурий нормани жорий қилишни кўзда тутади.

Депутатларнинг фикрига кўра, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши депутатлик фаолияти кафолатларини кучайтиришга, мансабдор шахсларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга ҳамда вакиллик демократиясининг ривожланишига хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид