Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тадбиркор Дилшод Тўрахўжаевга оид суд иши 1 ой муддатга тўхтатилди
Судда дастлабки тергов органи томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар аниқланган. Шу сабабли ишнинг айрим тафсилотлари бўйича тергов ўтказиш учун прокурорга хабар юборилиб, суд иши 1 ойга тўхтатилган, деб хабар бермоқда суд мажлисида иштирок этган Кun.uz мухбири. Босқинчилик ва одам ўғирлаш каби жиноятларда айбланаётган наманганлик тадбиркор билан яна 9 киши айбланмоқда.
Фото: Омбудсман матбуот хизмати
14 декабр куни жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида наманганлик йирик тадбиркор Дилшод Тўрахўжаев билан боғлиқ жиноят иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, суд дастлабки тергов органи томонидан хато ва камчиликларга йўл қўйилгани сабабли ишни кўришни 1 ой тўхтатиш бўйича ажрим чиқарган. Жиноят иши тергов давридаги камчиликлар тузатилиши учун Бектемир туман прокуратурасига юборилган.
Тадбиркор билан бирга яна 9 киши босқинчилик ва одам ўғирлаш каби жиноятларда айбланмоқда. Суд ишида Тўрахўжаевнинг синфдоши бўлган жабрланувчи қолган 9 нафар судланувчини танимаслиги ҳақида кўрсатма берган. Шунингдек, суд мажлисида Дилшод Тўрахўжаевга сўз берилганида, у жабрланувчига қарата “Аслида бу ерда сен ўтиришинг керак эди. Тергов жараёнида сенга нисбатан кўрсатма беришимни айтишди, лекин мен бундай қилмадим”, дея таъкидлаган.
Дилшод Тўрахўжаев ким?
Поп тумани Чодак қишлоғида яшаган Дилшод Тўрахўжаев 2000-2020 йилларда Россияда яшаб, ўша ерда тадбиркорлик билан шуғулланган. 3-4 йил олдин Ўзбекистонга қайтиб, жами 400 минг доллар ҳамда 4 млрд сўм кредит ҳисобига Чодак қишлоғида Aparat Hotel Kosmos дам олиш маскани – меҳмонхона-кемпинг хизматларини кўрсатувчи туризм объектига асос солади.
Бу ташаббус президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳам эътиборига тушган.
“Поп тумани Чодак қишлоғидаги 2 гектар тоғли майдонда тадбиркор томонидан 25 миллиард сўмга замонавий дам олиш комплекси барпо этилган. Бунинг ҳисобига бу ерга бир ойда 15-20 минг нафар сайёҳ келмоқда”, дея видеоселектор йиғилишида Тўрахўжаевни бошқаларга ибрат қилиб кўрсатган Шавкат Мирзиеёв.
2023 йилнинг 12 апрел куни Дилшод Тўрахўжаев ИИВ Тезкор қидирув департаменти Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, Тошкент шаҳар ИИББ, Наманган вилояти ИИБ ҳамда ДХХ ходимлари томонидан Тошкент шаҳри ва Наманган вилояти ҳудудларида ўтказилган тезкор тадбирлар жараёнида қўлга олинган. У билан бирга яна 9 киши ушланган.
Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлигининг расмий баёнотига кўра, “йирик уюшган жиноий гуруҳ тадбиркорларга нисбатан товламачилик қилиб уларни қўрқув остида ушлаб келгани, улар илгари оғир турдаги жиноятлар билан бир неча маротаба судлангани ҳамда ниҳоятда тажовузкор экани сабабли махсус кучларни жалб этган ҳолда” қўлга олинган.
“Гумондорларнинг ёнидан олдиндан махсус тайёрланган 2 дона ўткир тиғли жисм, бир нечта скотч, ички ишлар органлари ходимларининг дала формалари, резина қўлқоплар, 0,7 грамм “опий” гиёҳвандлик моддаси, трамадол таблеткаси ва спорт сумкаси далилий ашё сифатида олинган”, дейилади расмий баёнотда.
Тадбиркор тергов пайтида қийноққа солинганмиди?
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига мурожаат қилган Дониёр Тўрахўжаев босқинчиликда гумонланган 40 яшар укаси Дилшоджоннинг 12-15 апрел кунлари Тошкент шаҳар ИИББ тергов бўлимида шафқатсиз қийноқларга солингани, оғзи ва қўллари скотч билан боғланиб, ноинсоний қийноқларга солинганини иддао қилади.
“Суриштирув, адвокатлари ва гувоҳлар билан суҳбатлардан сўнг маълум бўлдики, Дилдошжон Тўрахўжаев ҳақиқатан ҳам фуқаро кийимидаги жиноят қидирув бўлими ходимлари, қора махсус кийимдаги “ажал фаришталари” ва терговчилар томонидан мажбурий кўрсатма олиш мақсадида қийноққа солинган”, дейилади “Эзгулик” жамияти матбуот хизмати номидан тарқатилган хабарда.
Дилшод Тўрахўжаевнинг адвокати Нурулло Тўлаганов ҳам мижози тергов бўлимларида шафқатсиз калтакланганини айтиб, унинг тан жароҳатлари акс этган суратларни эълон қилади.
Адвокат мижозининг олиб кетилиш тафсилотларига тўхталаркан, унинг процессуал ҳуқуқлари бузилганини айтган.
“ИИБ биносига киргандан кейин уйига бир марта телефон қилиш ҳуқуқи бор. Лекин бу талаб ҳам бажарилмаган. Уйдагилари 15 апрелда уни қидириб, Тошкентга олиб кетилганини аниқлашган, шундан сўнг мени шартнома асосида ёллашди. Терговчини топиб гаплашсам, у ҳам кўришишга рухсат бермади, судда гаплашиб оларсиз, деди”, – дея таъкидлаган адвокат.
Судда кўришганда Тўлаганов тадбиркор баданида жароҳатлар пайдо бўлганини кўриб, уларни тасвирга тушириб олган.
ИИВ эса Дилшод Тўрахўжаев қўлга олинаётганда қаттиқ қаршилик кўрсатгани, шу сабабли махсус хизматлар томонидан унга жисмоний куч ишлатилгани, эркакнинг танасидаги моматалоқ излари шунинг асоратлари экани ҳақида расмий муносабат берган.
Тадбиркорнинг жароҳат олган суратлари тарқалгач, 6 май куни Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги 1-сон Тергов ҳибсхонасига бориб, Дилшод Тўрахўжаев билан учрашган. Суҳбат давомида тадбиркор ўзига нисбатан Поп тумани ИИБда ва кейинчалик Тошкент шаҳар ИИББда руҳий ва жисмоний босим ўтказилганини тасдиқлаган.
6 май куни Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари Зангиота туманидаги 1-сон Тергов ҳибсхонасига бориб, Дилшод Тўрахўжаев билан учрашган. Суҳбат давомида тадбиркор ўзига нисбатан Поп тумани ИИБда ва кейинчалик Тошкент шаҳар ИИББда руҳий ва жисмоний босим ўтказилганини, қийноқлар натижасида айбига иқрор бўлганини маълум қилган.
Ўзбекистон бош прокурорининг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов Тўрахўжаевга нисбатан жисмоний тазйиқ ўтказилгани ҳолати юзасидан тадбиркорнинг ҳимоячиси берган аризага асосан Миробод туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини, текширув давомида тадбиркорнинг тан жароҳати олгани ҳамда унинг барча важлари ҳар томонлама, тўла ва холисона текширилиб, тўпланган далилларга асосан ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланишини билдирган эди. Бироқ ўрганиш ишлари натижаси ҳозиргача жамоатчиликка номаълум.
Мавзуга оид
15:53 / 06.06.2024
“Ҳақиқий бизнесмен рақобат тарафдори бўлади” — Дониёр Ғаниев ЖСТга аъзолик ҳақида
09:39 / 03.06.2024
Президентнинг тадбиркорлар билан мулоқоти жорий йилда Қорақалпоғистонда бўлиб ўтади
18:29 / 30.05.2024
“Бу тадбиркорларнинг қўрқувда яшашига олиб келади” – мутахассис бозор нархлари асосида солиқ ҳисобланиши ҳақида
10:07 / 30.05.2024