Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда ўртача ойлик 6 млн сўмдан ошди. Соҳалар кесимида даромадлар қандай?
Сентябр ойи якунларига кўра, Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақи 6 млн 167 минг сўмни ташкил этди. Энг катта ойликлар Тошкент шаҳри (10,4 млн сўм) ва Навоийда (7,6 млн сўм), энг ками эса Қашқадарё (4,2 млн сўм) ва Сурхондарёда (4,3 млн сўм). Соҳалар бўйича энг баланд иш ҳақи суғурта соҳасида (20,9 млн сўм), энг ками эса мактабгача таълимда (2,7 млн сўм).
Фото: Kun.uz
2025 йил январ-сентябр ойларида ўртача ойлик иш ҳақи 6 млн 167 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19,2 фоизга ўсган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.

Ҳудудлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори Тошкент шаҳри (10 млн 379 минг), Навоий (7 млн 612 минг) ва Тошкент вилоятида (5 млн 803 минг), энг кам миқдори эса Қашқадарё (4 млн 270 минг), Сурхондарё (4 млн 347 минг) ва Наманган (4 млн 543 минг) вилоятларида қайд этилган.

Ойлик маошларнинг энг юқори ўсиши Самарқанд (+24,8 фоиз), Наманган (+20,9 фоиз) ва Сирдарё (+20,7 фоиз) вилоятларида кузатилган.
Ҳисобот даврида фақатгина иккита маъмурий ҳудудда (Тошкент шаҳри ва Навоий вилояти) номинал иш ҳақи республикадаги ўртача даражадан юқори бўлиб, қолган барча ҳудудларда бу кўрсаткич республика даражасидан турли миқдорда паст шаклланган.
Пойтахт ва ҳудудлар ўртасидаги иш ҳақи фарқи катталигича қоляпти. Хусусан, энг юқори (Тошкент) ва энг паст (Қашқадарё) иш ҳақи ўртасидаги тафовут 2,43 баробарга етган.
2020-2023 йилларда йилда энг кўп ва энг кам ўртача ойлик тўланувчи ҳудудлардаги тафовутлар:
● 2020 йилда: (Тошкент/Қашқадарё). Фарқ – 96 фоиз;
● 2021 йилда: (Тошкент/Сурхондарё). Фарқ – 2,03 баробар;
● 2022 йилда: (Тошкент/Самарқанд). Фарқ – 2,17 баробар;
● 2023 йилда: (Тошкент/Наманган). Фарқ – 2,25 баробар.
Ҳисобот якунларига кўра, соҳалар кесимида ўртача ойлик иш ҳақи миқдори:
● банк, суғурта, лизинг ва кредит воситачилик фаолиятида – 16 млн 829 минг сўм;
● ахборот ва алоқа соҳасида – 14 млн 985 минг сўм;
● ташиш ва сақлаш соҳасида – 9 млн 382 минг сўм;
● саноат соҳасида – 7 млн 301 минг сўм;
● савдо соҳасида – 6 млн 875 минг сўм;
● қурилиш соҳасида – 6 млн 342 минг сўм;
● яшаш ва овқатланиш хизматлари соҳасида – 5 млн 122 минг сўм;
● санъат, кўнгил очиш ва дам олиш соҳасида – 5 млн 114 минг сўм;
● таълим соҳасида – 4 млн 188 минг сўм;
● соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида – 3 млн 765 минг сўм.
Ўқитувчи ва шифокорлар иш ҳақининг ўсиш суръати тезлашган бўлса-да, республика бўйича ўртача кўрсаткичдан (мос равишда 32,1 фоиз ва 39 фоизга) пастлигича қоляпти.
Саноат соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 7 млн 301 минг сўмни ташкил этган бўлса, унинг таркиби бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдори тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш соҳасида 9 млн 646 минг сўм, электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш соҳасида 8 млн 979 минг сўм, ишлаб чиқариш саноати соҳасида 6 млн 987 минг сўм, сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш соҳасида 4 млн 721 минг сўм бўлган.

Савдо соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 6 млн 875 минг сўмни ташкил этган бўлса, унинг таркиби бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдори автомобил ва мотоциклларнинг улгуржи ва чакана савдоси ва уларни таъмирлаш тармоғида 9 млн 15 минг сўмни, автомобил ва мотоцикллар савдосидан ташқари улгуржи савдо соҳасида 7 млн 165,7 минг сўмни, автомобил ва мотоцикллар савдосидан ташқари чакана савдо соҳасида 6 млн 324 минг сўмни ташкил этган.

Ахборот ва алоқа соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 14 млн 985 минг сўмни ташкил этган бўлса, унинг айрим соҳалари бўйича ўртача ойлик иш ҳақи компютер дастурлаштириш, маслаҳат бериш ва бошқа ёрдамчи хизматлар соҳасида 19 млн 995 минг сўмни, ахборот хизмати кўрсатиш соҳасида 18 млн 643 минг сўмни, алоқа соҳасида 11 млн 758 минг сўмни ташкил этган.

Банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 16 млн 829 минг сўмни ташкил этган бўлса, унинг таркиби бўйича ўртача ойлик иш ҳақи мажбурий ижтимоий суғурталашдан ташқари, қайта суғурталаш ва нафақа жамғармалари соҳасида 20 млн 973 минг сўм, молиявий хизматлар кўрсатиш ва суғурталаш бўйича ёрдамчи фаолият соҳасида 18 млн 143 минг сўм, суғурталаш ва нафақа таъминотидан ташқари молиявий хизматлар соҳасида 16 млн 456 минг сўм бўлган.

Таълим соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 4 млн 188 минг сўмни ташкил этган бўлса, унинг таркиби бўйича ўртача ойлик иш ҳақи олий таълим соҳасида 9 млн 513 минг сўмни, техник ва профессионал таълим соҳасида 4 млн 259 минг сўмни, умумий ўрта таълим соҳасида 4 млн 136 минг сўмни, мактабгача таълим соҳасида эса 2 млн 771 минг сўмни ташкил этган.

Мавзуга оид
11:30 / 04.12.2025
Ўзбекистонда таълим олаётган хорижликлар: энг кўп Ҳиндистон ва Туркманистон фуқаролари
09:59 / 04.12.2025
Навоий вилояти аҳоли жон бошига инвестициялар ҳажми бўйича етакчилик қилмоқда
10:06 / 03.12.2025
Ўзбекистонликлар энг кўп сафар қилаётган давлатлар маълум қилинди
14:35 / 02.12.2025