17:18 / 13.08.2021
7738

Тошкент ва Қарши шаҳарларида пандемия даврида талаб юқори бўлган дориларни ноқонуний сотаётган шахслар ушланди

Тошкент ва Қарши шаҳарларида пандемия даврида талаб юқори бўлган дориларни ноқонуний сотаётган шахслар ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда ИИББ ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда, фуқаро М.Б. бошқа бир фуқарога Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган 20 дона «Remdesivir Jubi-R» дори воситасининг ҳар бирини 900 минг сўмдан, Украинада ишлаб чиқарилган 20 қути «Цереброкурин» дори воситасининг ҳар бир қутисини 410 доллардан ҳисоблаб, жами 9 900 долларга сотган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Департаментнинг Олмазор туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ш.А. хорижда ишлаб чиқарилган 130 дона «Covifor» (Remdesivir Injectio) дори воситасининг ҳар бир донасини 650 минг сўмдан ҳисоблаб, жами 84,5 миллион сўмга сотган вақтда қўлга олинган.

Бундан ташқари, Департаментнинг Қарши шаҳар бўлими ходимлари томонидан фуқаро Р.Ш. ва Ф.А. олдиндан тил бириктириб, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган 21 дона «Remdesivir for injection» дори воситасининг ҳар бир донасини 850 минг сўмдан ҳисоблаб, жами 17,8 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top