Жаҳон | 10:05 / 20.08.2022
11067
2 дақиқада ўқилади

БМТ Африкада юз бериши мумкин бўлган очарчиликдан огоҳлантирди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Африканинг Эфиопия, Кения ва Сомали давлатларида 22 миллионга яқин одам давом этаётган қурғоқчилик туфайли очлик ёқасида турганини маълум қилди.

Фото: UNICEF

«Йил бошидан бери Эфиопия, Кения ва Сомалида яна тўққиз миллион одам озиқ-овқат маҳсулотларининг жиддий танқислигига дуч келди. Шундай қилиб, умумий ҳисобда 22 миллион киши озиқ-овқат билан таъминлаш муаммосига дуч келмоқда», — дейилади БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖОД) баёнотида.

Қайд қилинишича, минтақа мамлакатларида чорва моллари нобуд бўлмоқда, аҳоли ўткир сув танқислигига дуч келган, 1,1 миллиондан ортиқ одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Ташкилотнинг таъкидлашича, минтақада қурғоқчилик ҳали тугамагани учун келгуси олти ойда маҳаллий аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун яна 418 миллион долларга яқин маблағ керак.

ЖОД маълумотларига кўра, ҳозирда дунёда 345 миллион киши озиқ-овқат етишмовчилигига дуч келмоқда ва 800 миллиондан ортиқ киши ҳар кеча оч ухламоқда.

Очарчиликнинг асосий сабаблари: ҳарбий можаролар, иқлим офатлари, Covid-19 пандемияси оқибатлари ва очликка қарши курашга жуда кам маблағ сарфланаётгани.

Июль ойи бошида БМТ Украинадаги жанговар ҳаракатлар туфайли бу йил дунёда яна 13 миллионга яқин одам тўйиб овқатланмаслик муаммосига дуч келишини башорат қилган эди. Янгиланган прогнозларга кўра, 2030 йилда уларнинг сони 670 миллиондан ошади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид