Жаҳон | 10:59
1436
6 дақиқада ўқилади

Уруш ичидаги давлат: Малида нималар бўлмоқда?

Африка ғарбидаги Мали давлати охирги вақтларда янгиликларда тез-тез тилга олинмоқда. Чунки бир неча йиллардан буён давом этаётган сиёсий инқироз охирги ойларда чўққига чиқди, мамлакат олов ичида қолди. Қуйида Малида нималар бўлаётганига тўхталамиз.

Давлат тўнтаришидан кейин

Африка, шубҳасиз, яшаш учун дунёдаги энг ноқулай ҳудуд. Доим иссиқ, сувсизлик, очарчилик муаммоси. Бундан ташқари, бу қитъадаги давлатлар сиёсий бошқаруви асосан диктатура, устига устак ҳарбий диктатурага асосланган, доим айри гуруҳлар ҳукумат талашади. Оқибатда жуда кўп Африка давлатлари уруш ичида. Етмаганига катта-катта давлатлар африкаликларга ёрдам бериш ўрнига очкўзларча бу давлатлардаги олтин, олмос, нефт умидида қайсидир гуруҳни қўллайди, урушга, тинч аҳоли ўлимига олиб келаётган қирғинларга йўл очади.

Малида ҳам уруш ичидаги бошқа Африка давлатлари каби вазият ҳарбийлар амалга оширган давлат тўнтаришидан кейин кескинлашган. 2020 йил Малида ҳукумат жангариларга қарши кураша олмаяпти деган иддао билан намойишлар бошланади. Ҳарбийлар бундан фойдаланиб ҳукуматни ағдаради. Балки намойишларни ҳам генералларнинг ўзи уюштиргандир, бунисини билмайман. Хуллас, Россиянинг ҳудуддаги асосий дўсти, яқинда ўлдирилган Садио Камара деган полковник бошчилик кучлар ҳукуматни ағдариб, президент Иброҳим Бубакара кетказилади.

Кейин 2021 йил май ойида яна бир давлат тўнтариши бўлади-да, Ассим Гоита деган полковник мамлакатнинг амалдаги раҳбарига айланади. Уни ҳозир Мали президенти деб ҳам аташяпти, лекин бундай эмас, расман Ассим Гоита Мали ўтиш даври президенти. У малиликлар севиб танлаган сиёсий лидер эмас, шунчаки куч билан ҳукумат тепасига келган ҳарбий хунта етакчиси. Демак, ана шу ерда ҳозирги инқирознинг асосий сабаби юзага чиқади – Малида сайланган, халқ қўлловидаги ҳукумат йўқ, умуман ўз функциясини бажарадиган ҳукуматнинг ўзи йўқ бу давлатда. Табиийки, бундай давлатда ижтимоий-сиёсий аҳвол издан чиққан бўлади.

Ассими Гоита ва Садио Камара бошчилик хунта ҳукуматни қўлга олгач, Малида ҳукумат учун кураш янада авж олади. Мамлакатда ўтиш даври кучларидан ташқари яна икки катта куч бор: туареглар ва жангарилар. Бири ўзини «Ал Қоида»нинг Малидаги бўлинмаси деб ҳисоблайдиган «Жамоат нусрат ал Ислом вал Муслимин» гуруҳи, уларни қисқа қилиб JNIM дейишади. Туареглар эса Малида ва қўшни давлатларда мавжуд бўлган алоҳида миллат. Улар бир неча ўн йиллардан бери ўз давлатини тузиш учун курашиб келади.

Қизиғи, жангарилар ва туареглар ҳеч қачон бир-бири билан яқин бўлмаган, лекин узоқ йиллар Евгений Пригожиннинг «Вагнер» гуруҳи, кейинчалик Россия армияси қўлловига эга бўлган Гоита ва Камара бошқарувидаги ўтиш даври кучларига қарши биргаликда курашишга қарор қилишди, яъни алянс тузишди. Европада сиёсий партиялар бошқа партияга қарши туриш учун алянс тузишади, Африкада эса икки қуролли гуруҳ бошқа бир қуролли гуруҳга қарши тузиш учун алянс тузади, классика!

Ўзига хос алянс Малидаги шаҳарларни эгаллай бошлади, хусусан, Кидал деган каттагина шаҳарни эгаллашди. Пойтахт Бамакога ҳам ҳужум қилишди, лекин кучлари етмади.

Энди нима бўлади?

Ҳозирги вазиятдан келиб чиқсак, Малида жиддий ўзгаришлар бўлиб кетишини кутиш қийин бўлса керак. Келажакда нима бўлишини тахмин қилиш учун ҳозирги гуруҳлар нима хоҳлаяпти деган саволга жавоб топиш керак: «Азавадни озод қилиш ҳаракати» деб аталмиш туареглар гуруҳи ўз давлатини тузишни истайди, «Ал Қоида»га орқа қиладиган жангарилар ўз идеалидаги давлат тузилишини. Тўғрисини айтиш керак, икки гуруҳнинг мақсадларини амалга ошириш жуда қийин.

Жангарилар ва туареглар буткул бошқача мақсадда бўлишига қарамай, «душманимнинг душмани менинг дўстим» деган шиор билан ўтиш даври кучларига қарши бирлашгани уларни қандайдир куч ўз манфаати учун қўллаётганини билдиради. Ўтиш даври кучларининг шаҳарларни ташлаб чиқиши Россиянинг ташқи сиёсатдаги обрўсига салбий таъсир кўрсатади. Мали Россия мудофаа вазирлигининг «Африка корпуси» учун муҳим давлатлардан бири, у ердаги муваффақиятсизлик бутун Африкадаги ҳарбий кампанияга салбий таъсир қилиши мумкин. Малида ҳатто Украина Россия қўлловидаги кучларга қилинган ҳужумларда ёрдам бергани айтилади. Хуллас, ҳозир Мали чинакам манфаатлар тўқнашган бечора давлатга айланиб қолди.

Бир нарсани унутмаслик керак, Мали денгизга тўғридан тўғри чиқа олмаса-да, бир давлат ошиб дунё океанига чиқадиган, жойлашуви қулай, 25 миллионга яқин одам яшайдиган давлат. Бу ерда яшайдиган малиликлар манфаати барчасидан устун бўлиши керак. Мусулмонларми, туарегларми, бошқа эътиқоддагиларми – мустаҳкам бир давлат атрофида биргаликда ривожланиши керак. Катта давлатлар бу давлатга ёрдам бериши, тинч аҳоли ўлиб кетишига йўл қўймаслиги шарт.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид