Узундаги мантиқсиз «снос»лар: ғазнада маблағ бўлмай туриб, юздан ортиқ объект бузилган
Собиқ ҳокимдан «мерос» қолган муаммони амалдаги ҳокимият ҳал этишга шошилмаяпти. Улар «снос»дан жабр кўрган мулкдорларнинг жами сони ва уларни қандай қилиб рози қилиш мумкинлиги ҳақида аниқ маълумотга ҳам эга эмас.
Kun.uz ходимлари Сурхондарё вилояти Узун туманидан тушган мурожаатни ўрганиш мақсадида ушбу туманда бўлди.
Маълум бўлишича, 2018 йил 5 февралда туманнинг собиқ ҳокими А.Норматов қарори билан туман марказидаги Ўзбекистон, Баҳористон ва Эркинлик кўчалари бош режага асосан қайта реконструкцияга тушади. Натижада, кўча ёқасидаги турар ва нотурар бинолар бузилади.

Қарорнинг 4-бандида: «Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (У.Алимов), туман молия бўлими бошлиғи (Б.Баратов) билан биргаликда туман марказий кўчаларининг бузиладиган турар ва нотурар биноларини баҳолатиш, тўланадиган товон пулларининг миқдорини аниқ ҳисоб-китобини юритиш ҳамда ушбу товон пулини тўлаш масалаларини амалдаги қонун талаблари асосида ҳал этиш юклатилсин», дейилган.
Аммо туман марказидаги Ўзбекистон кўчасида дўкони бўлган бир гуруҳ тадбиркорлар бузилган мулкининг товонини ололмай келяпти.
Масалан, Остонақул Турдиевнинг дўкони ҳам Ўзбекистон кўчасида бўлган. Айтишича, икки ўғли ва набиралари ушбу дўконда савдо қилиб келган. Ҳозирги вақтда бу оила ишини ҳам, мулкини ҳам йўқотган.
Тадбиркор дўкони бузилгач, бошқа ҳудудда ижара тўлаб, қисман фаолият кўрсатиб келяпти. Отахон бир неча марта суд ва ҳокимиятга мурожаат қилгани, аммо талаби қондирилмаётгани ҳақида гапирди.
Остонақул отанинг ўғли Абдуфаттоҳ Турдиев мазкур дўконда жияни билан савдо қилиб келганини айтди. Мулки бузилгач, жияни вақтинча ишлаш учун хорижга чиқиб кетган.
«22 яшар жиянимнинг Россиядан ўлиги келди. У мени ёнимда ишлаётганди. Унинг ўлимига мулкимни бузганлар ва тадбиркорлигимга тўсқинлик қилганларни айбдор, деб биламан. Президент тадбиркор давлатнинг таянчи, имконият яратиб беринглар, деётган бир пайтда, нега бизнинг раҳбарлар бунга амал қилмаяпти?» – дея чорасиз қолишганини билдирмоқда Абдуфаттоҳ Турдиев.
Бошқа бир мурожаатчи Абдужаббор Ҳайдаров мулки бузилгунча ота касби – пойабзал таъмирлаш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланганини маълум қилди. Отахон пойабзал ишлаб чиқариш ва таъмирлаш цехида ўндан ортиқ одамни иш билан таъминлаб келган. Шунингдек, савдо дўкони ҳам бўлган.
«Мулкимиз бузилишига аввалига қаршилик кўрсатдик. Туман ҳокими, прокурор, ИИБ ва солиқнинг бошлиғи (тўртала сектор раҳбарлари) келиб, ўртага олишди. Ўша вақтда «хўп» дейишга тўғри келди. Қўрқдим. Очиғи, Афғонистонга бориб хизмат қилганман, қўрқмаганман. Лекин шу ерда қўрқдим, «олиб бориб тиқиб қўяман» деса, қўрқаркансан-да…» – дейди А.Ҳайдаров.
Шу билан ҳозирга қадар отахонга бир сўм ҳам компенсация тўлаб берилмаган.
«Менга таклиф қилинаётган ер тупканинг тубида. Ҳокимнинг айтишича, ўн йилларда у жойлар ҳам гавжум бўлармиш. Унгача биз нима қиламиз? Оиламизни қандай боқамиз?» – демоқда Абдужаббор бобо.
Тўлқин Турдиев ҳам дўкони бузилгач, даромадини йўқотганини айтмоқда. Айтишича, у бир неча марта халқ қабулхонасига, Сенатга ҳам хат ёзган, аммо натижа бўлмаган. У эски жойи қайтариб берилиши ёки вақтинча енгил конструкциялардан фойдаланган ҳолда дўкон қуриб, фаолиятини давом эттириш истагини билдирмоқда.
«Даромадсиз қолдик, фарзандларим контрактда ўқияпти... Имкон беришсин, ишчи кучи яратайлик, камбағалликни йўқотайлик. Бунақада ривожланиш бўлмайди Узунда», – дейди у.
Турдиев ҳокимлик унга компенсация ўрнида таклиф қилаётган ер туман марказидан анча четда ва у ерда мутлақо савдо фаолиятини давом эттириш имкони йўқлигини билдирмоқда.
Мурожаатни ўрганар эканмиз, ушбу бузилишдан азият чеккан бошқа фуқаролар ҳам йиғилиб кела бошлади.
Маълум бўлишича, Шарофиддин Ёқубов, Жўрақул Рабиев, Шердил Холмирзаев, Акбаржон Мўминов, Исмат Ражабов, Абдураим Назаров ва яна кўплаб фуқароларнинг ҳам Ўзбекистон кўчасидаги мулки бузилган.
Кимдир савдо, кимдир ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Уларга ўтган икки йил давомида на товон тўлаб берилган ва на фаолиятини давом эттириши учун шароит яратилган.
Вазиятга изоҳ олиш мақсадида дастлаб туман молия бўлими бошлиғи Б.Баратов билан суҳбатлашдик.
У киши ўша вақтда кўчадаги объектлар туманнинг бош режасига асосан бузилгани ва бюджетда компенсацияни тўлаб беришнинг имкони бўлмагани ҳақида гапирди. (Ҳокимлик бузишдан аввал ўз ғазнасига бир қараб олмагани ғалати).
«Фуқароларга компенсация тўлаб беришнинг имконияти бўлмагани сабабли, ҳокимият ва мулк эгалари ўртасида битим имзоланди. Шунга асосан дўкон эгаларига ер бериш тўғрисида тўхтамга келинди», – деди молия бўлими бошлиғи.
Савол туғилади: ҳокимнинг ўша ғалати қарорида биноларни баҳолатиш, тўланадиган товон пуллари миқдорининг аниқ ҳисоб-китобини юритиш биринчи ўринбосар ва молия бўлими бошлиғига юклатилган. Билишимизча, ўша қарор кучини йўқотгани йўқ. Наҳотки, аввал қарор қабул қилиниб, мулк бузилгач, аллақандай битим пайдо бўлса?!
Бу мулкдорнинг ҳуқуқини поймол қилиш, объекти бузилиб, чорасиз қолгач, битимга кўндириш эмасми?
Хуллас, молия бўлими мулкдорларнинг бирортаси вақтида мулкини баҳолатмаганини айтмоқда. Содда қилиб айтганда, ўша битим сабабли молия бўлими бошлиғи бу савдони ўз зиммасидан соқит қилди.
Туман ҳокимининг айни вақтдаги биринчи ўринбосари Малик Чоршанбиев бузилиш даврида бўлмаганини айтмоқда. Жорий йилдан фаолият бошлабди. У ҳам масаладан тўлиқ хабардор эмаслигини ва мулкдорларнинг мулки эвазига ер беришга келишилганини билдирди.
«Ишга тайинланганимдан сўнг ёнимга келиб, компенсация пулини талаб қилган 11 нафар фуқаронинг жами 455 589 942 сўм маблағи тўлаб берилишига бош бўлдим. Агар сизларга (Kun.uz сайтига) мурожаат қилган мулкдорлар ичида ҳам кимдир ер эмас, компенсация пулини талаб қилса, албатта, тўлаб берамиз», – деди М.Чоршанбиев.
Ўз навбатида, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ушбу воқеаларга бевосита гувоҳ бўлган ва айни вақтгача ишлаб келаётган раҳбарлардан бири – туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Абдулҳамид Элмуродовдан изоҳ олишимизни таклиф қилди.
Мурожаатчилар таклифидан келиб чиқиб, архитекторга савол бердик. Яъни тадбиркорлар мулки бузилган ҳудудда талаб асосида бино қуриб, фаолиятини давом эттириши мумкинми?
А.Элмуродов бизни туманнинг бош режаси билан таништирар экан, мурожаатчиларнинг икки йил аввал бузилган мулки ҳудудида келгусида ҳам ҳеч қандай объектлар қурилмаслиги, бирор тадбиркорга берилмаслиги ва кўкаламзорлаштириб қўйилишини маълум қилди. Демак, энди тадбиркорлар ўзлари истаган тақдирда ҳам эски жойларида фаолиятларини давом эттира олмайдилар.
Архитектор ҳам туман ҳокимининг 2018 йил 5 февралдаги қароридан ташқари битимга эришилгани, бузилишдан жабр кўрганларга ер беришга келишилганини айтди.
Ҳокимлик берган маълумотга кўра, туман ҳокимининг икки ярим йил аввалги ўша қарори қабул қилингач, юздан ортиқ турар ва нотурар жой бузилган. Туманнинг барча масъуллари қайта-қайта тилга олган ўша келишув битими ҳоким қарори қабул қилиниб, бинолар бузилгандан бир ярим йил ўтиб, 2019 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида тузилган.
Бизга тақдим этилган ҳужжатга кўра, 122 нафар фуқаро билан келишув битимига эришилган ва уларга ер бериш кўзда тутилган. Юқорида айтганимиздек, 11 нафар фуқарога товон пули тўланган.
Шуниси аниқки, бизга мурожаат қилган тадбиркорлар ҳокимлик таклиф қилаётган ҳудуддан ер олишга рози эмас. Ҳоким ўринбосари ўзи айтганидек, уларнинг зарарини қоплаб берар ҳам. Аммо саволлар бисёр.
- Нега туман ҳокимининг бузиш тўғрисидаги қарори қабул қилинади, мулки бузилади, битим эса кейин пайдо бўлиб қолади?
- Мулк икки йил аввал шаҳарсозлик талабига жавоб бермагани ва бош режага асосан қайта реконструкция қилиниши важи билан бузилган, дейлик. Нега шунча вақт ўтиб ҳам Ўзбекистон кўчаси кенгаймади, бузилган объектлар ўрни тартибга келтирилмади?
- Ғазнада маблағ бўлмаган экан, унда нега фуқароларнинг мулки бузилди?
- Ўтган вақт давомида қанча фуқаро даромадидан қолди, сарсон бўлди, зарар кўрди. Бу ҳақда ким ўйлайди? Қачон амалга ошиши номаълум бўлган бош режани деб фуқаролар йиллар давомида сарсон қилинишида мантиқ борми?
Энг аянчлиси, қарийб уч йил аввал бузилган биноларнинг ўша вақтдаги баҳоси хозирга келиб, инфляциянинг таъсири сабаб ўз қадрини каррасига йўқотган десак адашмаган бўламиз.
Хулоса қилиш мумкинки, туманнинг собиқ раҳбарлари юзлаб объектларни бузган, товонини ўйламаган ва амалидан кетгач, муаммони ўзларидан кейингиларга қолдирган. Бугунги раҳбарлар эса ҳозирча бузилишдан норози бўлган мулкдорларнинг жами сони ва уларни қандай қилиб рози қилиш мумкинлиги ҳақида аниқ маълумотга ҳам эга эмас.
Умид қиламиз, Узунда арқони узун ташлаб қўйилган муаммога тез орада ечим топилади. Kun.uz эса бу мавзуга яна қайтади.
Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Фахриддин Ҳотамов.
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
АҚШ Халқаро космик станцияни молиялаштиришни қисқартиради
Жаҳон | 23:59 / 03.05.2025
-
Гибрид электромобилларни олиб киришда экологик сертификат олиш талаби қўйилди
Иқтисодиёт | 23:20 / 03.05.2025
-
Энергетикада янги нархлар, хусусий ОТМга талаблар ва урушга ёлланган ўзбеклар — ҳафта дайжести
Ўзбекистон | 22:51 / 03.05.2025
-
Швеция мигрантларга ватанига қайтиши учун 32 минг евро тўлайди
Жаҳон | 22:46 / 03.05.2025
Мавзуга оид

12:04 / 05.04.2025
«Жиноят таркиби аниқланмади» – Узун туманида сўроққа олиб кетилган фуқаро вафот этгани юзасидан текширув якунланди

13:30 / 28.02.2025
Узун туман ИИБда фуқаро вафот этиши билан боғлиқ ҳолатни прокуратура ва Омбудсман ўрганмоқда

14:50 / 27.02.2025
ИИБдан яна ўлик чиқди: Узундаги қотиллик иши доирасида сўроққа олиб кетилган фермер вафот этди

17:44 / 26.02.2025