Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғонада оммавий безорилик уюштирган Отабек Валломов 6,5 йилга қамалди
Суд Фарғона шаҳридаги компютер клубида содир этилган безорилик жиноятида Отабек Валломовдан ташқари яна 5 йигитни айбдор деб топиб, уларнинг барчасига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинлади. Машҳур тадбиркорнинг ўғли экани айтилган Валломов ўшанда фуқароларни калтаклаб, “керак бўлса клубни сотиб олиши”ни айтганди.
“Валлoмов иши”да суд ҳукми ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Жиноят ишида жами 6 нафар йигит айбланган. Улар 27 ёшли Отабек Валломов, 27 ёшли Муҳаммадазиз Ғуломжонов, 28 ёшли Муҳаммад Қодиров, 26 ёшли Назиржон Маҳмуджонов, 24 ёшли Муҳаммадали Омонуллаев ва 26 ёшли Хожиакбархон Мамажонов.
Ҳукмда келтирилишича, Отабек Валломов ва бошқа судланувчилар 2025 йил 21 феврал куни соат 17:40 ларда бир гуруҳ бўлишиб, Фарғона шаҳридаги “Verona” компьютер ўйинлари клубига боришган. Улар ўйин ўйнаш жараёнида бақир-чақир қилишиб, жамоат тартиби ва бошқа мижозларнинг тинчлигини бузишган.
Клуб иш юритувчиси Ф.Худойназаров уларни тартибга чақириб, тинчлик сақлашларини, бақир-чақир қилмасликларини сўраган. Бироқ судланувчилар жанжал чиқариб, Ф.Худойназаровни, сўнгра клуб ишчиси Ф.Мусаевни калтаклашган. Безорилар тегишли органларга хабар бермоқчи бўлган клуб иш юритувчиси М.Суярқуловни ҳам ҳеч бир сабабсиз уриб, унга қасддан оғир тан жароҳати етказишган ва воқеа жойидан кетиб қолишган.
Отабек Валломов судда айбига қисман иқрор бўлган ва Ф.Худойназаров онасини ҳақорат қилгани учун урганини айтган.
“Verona” клубига илгаридан бориб турардик. Борганимизда бир киши ўйин учун тўлов қиларди ва ишчилар компьютерларни бирданига ёқиб беришарди. Доим яхши кутиб олишиб, самимий муносабатда бўлишган. Ўртамизда адоват бўлмаган. Ўйин вақтида қулоқчинлар тақиб, ўйинга берилиб кетардик, баланд овозда гаплашардик. Лекин бу бўйича бизга ҳеч ким эътироз билдирмаган.
Воқеа куни клубга бордик. Ф.Худойназаров кассада турганди, унга салом бердик, у алик олмади. Ўйинга пул бердим ва компьютерларни очишини сўрадим. Ф.Худойназаров ҳамма алоҳида тўлов қилишини сўраб кўпол муносабатда бўлди. Бу ҳолатдан ҳайрон бўлдим.
2 та жамоага бўлиниб ўйнашни бошладик. 10-15 дақиқадан кейин ўйинга берилиб кетиб, овозимизни баланд кўтардик. Шунда кўзим Ф.Худойназаровга тушиб қолди, у бизга сўкиниб бақирди. Унинг гапини ўзимга олмасдан, ўйнашда давом этдим. Орадан 2-3 дақиқа ўтиб, Ф.Худойназаров олдимга келди ва “сенга гапиряпман” деб компьютерни ўчириб қўйишини айтди. Унга бу ер кутубхона эмаслигини, баланд овозда гапириб ўйнашимиз мумкинлигини тушунтирдим.
Ф.Худойназаров гапининг орасида онамни ҳақорат қилиб сўкинди. Шунда унинг гапларига чидай олмасдан, юзига уриб юбордим. М.Суярқулов ҳам сўкиниб, менга ташланди. Унинг ҳам юзига шапалоқ билан урдим”, деган у ўз кўрсатмасида.
Отабек Валломов тадбиркорлигини, қўл остида 100 нафардан ортиқ ишчи борлигини, қилмишидан пушаймонлигини айтиб, суддан енгиллик сўраган.

Қолган судланувчилар ҳам Отабек Валломовникига ўхшаш кўрсатмалар берган.
Жабрланувчи Ф.Худойназаров судда эса Валломовни сўкмагани, онасини ҳам ҳақорат қилмаганини маълум қилган.
“Қоида бўйича клубда мижозлар бақир-чақир қилишганда огоҳлантириш берамиз. Воқеа куни судланувчилар бақир-чақир қилишганига бошқа мижозлар эътироз билдиришди. Шунинг учун судланувчилар олдига бордим. Судланувчилар уларга сўкинганим ҳақида нотўғри кўрсатма беришмоқда. Олган тан жароҳатларим бўйича 3 кун шифохонада даволандим”, деган у.
Жабрланувчилар етказилган моддий ва маънавий зарарлар қопланганини, судланувчиларга нисбатан даъволари йўқлигини айтишган.
Суд ҳукми билан судланувчилар Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми “г” банди ва 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “б,е,к” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Отабек Валломовга 6,5 йил, Муҳаммадазиз Ғуломжонов, Муҳаммад Қодиров, Назиржон Маҳмуджонов, Муҳаммадали Омонуллаев ва Хожиакбархон Мамажоновга 5,5 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 14 июлдаги ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Kun.uz феврал ойида Отабек Валломов ва унинг шериклари компютер клуби ходимларини калтаклагани ҳақида хабар берганди. Клубдаги шовқин-сурон ва фуқароларни калтаклашни бошлаган йигит ўзининг «Отабек Валломов» эканини айтиб, керак бўлса клубни сотиб олишини билдирган. У «хоҳлаган одамингни бошлаб кел», деб бақирган.
Отабек Валломов Фарғонадаги машҳур тадбиркор Бахтиёр Валломовнинг ўғли. Бахтиёр Валломов 2018 йилда Марғилондаги “Файз-бинокор Олтиариқ” корхонаси раҳбари ўринбосари сифатида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи” фахрий унвонини олган эди.
Мавзуга оид
11:28 / 23.12.2025
Йўл талашиш жанжалга айланди: Чилонзордаги ҳолатга расмий изоҳ берилди
18:18 / 18.12.2025
Танқиддан сўнг: тафтиш инстанцияси ажрими билан Акмал Шукуров қамоққа қайтарилди
15:41 / 16.12.2025
«Қўқонлик табиб» яна судга берилди
08:30 / 06.12.2025