Президент Шавкат Мирзиёев 28 апрел куни Фарғона шаҳрида Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Давлат раҳбари аввало кейинги йилларда ҳудуд иқтисодиётида рўй берган ўзгаришларга тўхталиб ўтди.

Сўнгги йилларда вилоятда 8 миллиард 200 миллион доллар инвестиция ҳисобига 8 мингта замонавий қувват ишга туширилди. Тадбиркорлик учун 100 триллион сўм ресурс йўналтирилди, тижорат майдонлари 10 миллион квадрат метрга кўпайди. 13,5 минг кичик ва ўрта корхона ташкил этилиб, уларнинг сони қарийб 2 карра ошди.

Натижада ялпи ҳудудий маҳсулот 1,7 баробарга, саноат 1,5 баробарга, хизматлар 3 баробарга ўсди. Асосийси, сўнгги тўрт йилда ишсизлик 9,2 фоиздан 4,6 фоизга, камбағаллик даражаси эса 11,6 фоиздан 5,2 фоизга тушди.

Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Марғилондаги Ипакчи ва Қиргули маҳаллаларида 241 та эски ҳовли ўрнида 2,5 минг хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилди. Наврўз маҳалласида қурилаётган «Янги Ўзбекистон» массивига бу йил яна 6,5 минг оила кўчиб киради. Бундай ишлар Ёзёвон, Қува туманлари, Қўқон ва Фарғона шаҳарларида ҳам давом этмоқда.

Сўнгги ўн йилда вилоятда 74 минг ўринли мактаб, 145 минг ўринли боғча ва 3 минг койкали шифохоналар ишга туширилди. 167 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларда 40 мингдан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда. Таълим сифати ошгани натижасида ёшларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи бўйича Фарғона республикада 3-ўринга кўтарилди.

Қишлоқ хўжалигида 15 минг гектар саноатлашган боғ ва токзор яратилди, яна 6 минг гектари янгиланди. Мева-сабзавот экспорти 3 карра кўпайиб, 400 миллион долларга етди. Фарғона, Сўх, Қува туманлари, Марғилон ва Қўқон шаҳрида туризм жадал ривожланмоқда. Ўтган йили хорижий туристлар сони илк бор 500 мингдан, маҳаллий сайёҳлар 3 миллиондан ошди, туризм экспорти эса 185 миллион долларга етди.

– Фарғона аҳли биздан янада катта натижа кутяпти, – деди президент.

Шу боис, жорий йил вилоятда иқтисодиётни 9,1 фоизга, саноатни 9 фоизга ўстириш, 4,5 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиш, экспортни 2 карра кўпайтириб, 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда Фарғона давлат идоралари, саноат, сервис ва қишлоқ хўжалигида замонавий технологиялар, рақамли ечимлар ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш бўйича намуна бўлиши кераклиги таъкидланди.