Ўзбекистон | 16:40 / 07.05.2022
104174
8 дақиқада ўқилади

ИИВ Тошкентда ўтказилган “соқол тадбирлари” бўйича изоҳ берди

Тошкентда ўнлаб эркаклар ИИБ биносига олиб келиниб, уларнинг соқоли олинди. Ички ишлар вазирлиги Kun.uz саволига жавобан “жамоат хавфсизлигини таъминлаш жараёнида ўтказиладиган тезкор-профилактик тадбирларини диний эътиқод билан боғлаш мутлақо нотўғри” эканини маълум қилди. ИИВга кўра, фуқаро ҳуқуқи поймол этилган деб ҳисобласа, тегишли жойга шикоят қилиши мумкин.

Абдураҳмон Муфид / Фото: Facebook

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Учтепа ва Чилонзор туманларида соқол қўйган эркаклар жамоат жойидан ушлаб кетилаётгани ва ИИБ биносига олиб борилгач, соқоли олиниб қўйиб юборилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz ҳодиса иштирокчилари ва Ички ишлар вазирлиги билан боғланди.

Абдураҳмон Муфид тахаллусида ижод қилувчи вайнер Instagram'даги саҳифасида ўзининг соқолли ва соқолсиз суратини жойлаб, пост қолдирди.

“Ҳар бир ишда бир ҳикмат бор, кўриб турганингиздек соқол олинди. Сизлардан илтимос, нима бўлди, нима учун соқолни олдингиз, тинчликми, муаммо борми деган саволларни берманглар. Жавоб беришга қийналишим мумкин. Лекин кўрган, билган одамларнинг ўзлари тушуниб олишди деган умиддаман. Нима ҳам деймиз, ижодни янада кучайтирамиз, ҳар қандай ҳолатда ҳам ижод қилишдан, одамларга мотивация беришдан тўхтамасликка ҳаракат қиламиз. Сизларни яхши кўраман. Дуоларингиздан умидворман”, деб ёзган у.

Муҳаммадюсуф исмли Facebook фойдаланувчиси Kun.uz мухбири билан суҳбатда кундалик юмуши билан кўчада юрган вақтда ички ишлар ходимлари уни тўхтатишгани ва шахсига аниқлик киритиш мақсадида Учтепа тумани ИИБ биносига олиб боришганини айтди.

“Воқеа кеча, 6 май куни соат 16:30 – 17:00 атрофида содир бўлди. Ишларим билан кўчада юргандим. Дўкондан сув олиб чиқаётганимда ППХ ходимлари тўхтатишди. “Шахсингизни тасдиқлашингиз керак, биз билан борасиз. Аниқлик киритиб қўйиб юборамиз”, деб айтишди. Бир ойча аввал Чилонзорда ҳам ички ишлар ходимлари тўхтатиб, ИИБга олиб боришган, ишхонадагилар паспортимни олиб келишгач, шахсимга аниқлик киритиб қўйворишганди. Бу сафар ҳам шундай бўлса керак деб улар билан бирга Учтепа тумани ИИБга бордим.

Бўлган воқеа ҳақида ўзим ишлайдиган фирма раҳбарига қўнғироқ қилиб айтдим. У киши ИИБга ҳужжатимни олиб келганларида соқоли бўлгани учун уларни ҳам ичкарига олиб киришди. Бизни расмга олишди. Бу пайтда ИИБ биносида худди шу ҳолат бўйича ушлаб келинган камида ўнтача эркак бор эди. Ходимлар бизга соқолимизни олиш кераклигини айтишди. “Машинка” бериб, ўзларингиз олиб чиқиб кетаверинглар”, дейишди. Йўқса мажбуран оламиз дейишди.

Бу гапдан кейин деярли ҳамма соқолини ўзи олди. Ходимлар соқол бор пайтда ва олингандан кейинги ҳолатларни суратга олиб туришди. Соқоли олинганлар шу заҳоти қўйиб юборилди. Мен ва раҳбарим соқолимизни олмаслигимизни айтдик. Шундан кейин бизни алоҳида хонага олиб кириб, тушунтириш хати ёзиб беришимизни айтишди. Шунга асосан 15 суткага қамалишимизни, ундан олдин эса барибир соқолимиз олинишини маълум қилишди.

“Тинчгина бир-бирларингнинг соқолларингни олинглар”, дейишди, биз рад этганимиздан сўнг лавозими юқорироқ раҳбарлардан бирининг хонасига олиб киришди.

Шу тариқа 5 соат давомида сўроқ-савол қилиб, босим қилиб туришди. Бу вақтда бўлимга олиб келинаётган фуқаролар соқолларини олиб бўлгач, чиқиб кетаверди. Биз эса соатлаб ўтиравердик. Бу вақт ичида телефонларимизни титкилаб кўришди. Қачондир ўзбекистонлик расмий имомлардан бири марҳум Ёрқинжон домла Фозиловнинг маърузаларини дўстларимдан бирига юборган эканман. Шеригимнинг телефонидан ҳам шунга ўхшаш нарса топишди.

“Агар соқолингларни олмасанглар бошқа “статья” бўйича кетасизлар” деб босим қилди. Биз йўқ жойдан иш катталашиб кетмасин деб уларнинг талабига рози бўлдик, фақат соқолимизни ўзимиз олмаслигимизни, бир-биримизникиниям олмаслигимизни айтдик. Шундан сўнг ёшроқ ходимлардан бири “машинка”да олиб қўйди.

Соқолимиз олингач бизни суратга олишди. Телефонларимизни қайтариб бериб, қўйиб юборишди. Бизни тутиб келишгани бўйича ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирилгани йўқ. Биздан ҳам ҳеч қандай ҳужжатга имзо қўйиш талаб қилинмади”, дейди Муҳаммадюсуф.

Муҳаммадюсуф ибн Қобил /  Фото: Facebook

У ППХ ходимлари билан бирга ИИБ биносига келаётган вақтда ва бинодан чиққанидан сўнг ўзини суратга олган ва беш соат ичидаги ўзгариш акс этган ушбу суратларни Facebook'даги саҳифасига жойлаштирган. Ижтимоий тармоқлардаги бошқа фойдаланувчилар томонидан кўп марта улашилган ушбу постга юздан ошиқ изоҳ ёзиб қолдирилган.

Мусанниф Адҳам тахаллусли блогер Адҳам Олимов бундай амалиётнинг Конституция ва қонунларда белгиланган шахсий ҳуқуқ-эркинликларга зидлиги, буни ички ишлар ходимларининг ўзлари ҳам билишини таъкидлаган. У ўзидаги маълумотларга таяниб ёзишича, бу тадбирлар давомида ходимлар: “Тўғри тушунинг, бу сиёсат, бизга ҳам буюришган”, дейишган.

“Хўп, бу зорманда соқоллар олинди, юзлар қиртишланди, лекин инсон организми ўзгармайди: эртаданоқ бу соқоллар яна ўсиб бошлайди, икки-уч ойда асл ҳолатига келиб, узайиб қолади. Унда нима қиласизлар? Яна бюджетнинг пули исроф, яна рейдма-рейд – соқолли йигитларни тутиб келиб, соқол олдирасизларми? Халқнинг пешона тери билан тўлаётган солиғини бамаънироқ, тузукроқ йўлларга сарфлаш чораси йўқми?” дея ёзади блогер.

Муҳаммад Маъруф / Фото: Facebook

Блогер Олимжон Ҳайдаров Telegram-каналида Учтепа тумани ИИБда соқоли мажбуран олинганлар томонидан берилган маълумотларга таяниб, ички ишлар ходимлари “рўмоллиларга ҳам шундай тадбир кетяпти” дейишгани ҳақида ёзган. Алихонтўра Шокиржон ўғли исмли Facebook фойдаланувчиси эса Олимжон Ҳайдаров тарқатган маълумотга аниқлик киритиб, ҳижобга қарши тадбирлар бурқа (фақат кўз очиқ қолдириладиган кийим) кийган аёлларга нисбатан ўтказилаётганини айтган.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Kun.uz саволига жавобан фуқаролар профилактик тадбирлар давомида конституциявий ҳуқуқлари поймол этилган деб ҳисобласа, ўрнатилган тартибда шикоят қилиши мумкинлигини айтди.

“Ички ишлар органлари томонидан жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш жараёнида ўтказиладиган тезкор-профилактик тадбирларини фуқароларнинг диний эътиқоди билан боғлаш мутлақо нотўғри. Фуқаро, ўзининг конституциявий ҳуқуқлари поймол этилган деб ҳисобласа, ўрнатилган тартибда шикоят қилиши мумкинлигини эслатиб ўтамиз”, деди ИИВ мулозими.

Эслатиб ўтамиз, бу Ўзбекистондаги биринчи шундай ҳолат эмас. 2021 йилда ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳри ички ишлар бўлими тезкор штаб раҳбарларидан бирининг қўл остидаги ходимларига ҳар бир бўлим 20 нафардан соқолли фуқарони келтириб, расмга олиши, шунингдек соқолини олгандан сўнг ҳам расмга олиб, ёнига шахсий маълумотларини киритган ҳолда топшириши кераклиги айтилган овозли топшириқ аудиоси тарқалган эди.

Ўшанда Шоҳрух Ғиёсов ҳолат юзасидан изоҳ бериб: “Ички ишлар органларида бундай номланадиган тадбир умуман йўқ. Соқол қўйиш ёки қўймаслик ҳар фуқаронинг ўзига, эътиқодига боғлиқ. Бунга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, деганди.

2019 йил август ойида Тошкент шаҳридаги “Малика” бозоридан ўнлаб фуқаролар ИИБ биносига олиб кетилиб, мажбуран соқоллари олинган эди. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқалгач, кенг жамоатчилик ва бутун дунё ОАВлари томонидан жиддий танқид қилинган.

2020 йил январдаги тадбирда Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи, исломшунос Бахтиёр Бобожонов бу жуда ёмон ва шармандали иш бўлганини ва бу ишни қилганлар ўшандаёқ жазоланганини таъкидлаган эди.

Шунингдек, ўша тадбирда ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари ҳам “Малика” бозорида йигитларнинг соқолини мажбурий олганлар жазоланганини айтганди.

2021 йил декабр ойида қатор ўзбек телеканаллари эфирида соқолли эркакларнинг соқоли хиралаштириб қўйилганди.

Мавзуга оид