Жаҳон | 07:41 / 07.08.2025
3824
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Россиядан нефт импорти танқид қилинишини «асоссиз» деб атади

АҚШ ва Европа Иттифоқи Москва билан савдо алоқаларини сақлаб қолишда давом этмоқда, бироқ Ню-Деҳлини Россия нефтини импорт қилгани учун танқид қилмоқда, дея баёнот берди Ҳиндистон ТИВ.

Фото: BIJU BORO/AFP

Ҳиндистон расмийлари АҚШ ва Европа Иттифоқининг Россия нефтининг импорти бўйича танқидини «асоссиз» деб атади. «Ҳар қандай йирик иқтисодиёт сингари Ҳиндистон ҳам ўзининг миллий манфаатлари ва иқтисодий хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўради», дея маълум қилди Ню-Деҳлидаги Ташқи ишлар вазирлиги.

Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан сўнг, Ҳиндистон анъанавий етказиб берувчилари Европага фаолиятини йўналтирганидан сўнг, Ҳиндистон Россиядан нефт импорт қилишни бошлади, дея таъкидлади Ҳиндистон ТИВ. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар «ўша пайтда глобал энергия бозорлари барқарорлигини мустаҳкамлаш учун Ҳиндистонга бундай импортни фаол равишда рағбатлантирган», дейилади баёнотда.

Россия нефтининг импорти ҳинд истеъмолчилари энергия учун олдиндан тахмин қилинадиган ва арзон нархларга эга бўлиши мақсадида амалга оширилади, деб таъкидлади Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги. У Ню-Деҳлини танқид қилаётган мамлакатлар Россия билан савдо қилишда давом этаётганини билдириб, бу Ҳиндистондан фарқли ўлароқ, «ҳатто ҳаётий миллий эҳтиёж ҳам эмаслиги»ни таъкидлади.

Шу билан бирга, идора 2024 йилда ЕИ ва Россия ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 67,5 миллиард еврони, 2023 йилда эса бу кўрсаткич тўрт баравар кам — 17,2 миллиард еврони ташкил қилганини ёзди. «Бу Ҳиндистоннинг ўша йили ва ундан кейинги йилги Россия билан умумий савдосидан сезиларли даражада кўпдир. Европанинг СТГ импорти 2024 йилда амалда рекорд даражадаги 16,5 миллион тоннага етди ва бу 2022 йилда ўрнатилган 15,21 миллион тонна бўлган аввалги рекорддан ўтиб кетди», — дея қайд этди Ҳиндистон вазирлиги.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид