Жамият | 20:10 / 18.06.2019
65163
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аҳолиси сони неча йилда 40 миллионга етади? — БМТ прогнози

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон аҳолиси энг камида 40 йил давомида ўсишдан тўхтамайди, 20 йил ичида эса ўзбекистонликлар сони 40 миллионга етиши кутилмоқда. БМТ эълон қилган демографик ҳисоботда шундай маълумот келтириб ўтилган.

Ўртача прогнозларга асосан, Ўзбекистон аҳолиси сони 2038 йилда илк марта 40 млн нафардан ошади. Мамлакат аҳолиси бундан кейин ҳам кўпайишда давом этиб, 2070 йилда энг юқори нуқта – 44 млн 400 минг кишигача етади. Шундан сўнг Ўзбекистонда демографик регрессия бошланиб, пасайиш 2100 йилга бориб 42 млн 200 минг кишини ташкил этади.

Энг оптимистик тахминларга кўра эса, ўзбекистонликлар сони 2034 йилдаёқ 40 миллионга етиши эҳтимоли бор. Асрнинг охирги ўн йиллигига бориб эса аҳоли сони 60 млн кишидан ҳам ортиб кетиши мумкин.

Энг пессимистик прогнозларнинг кўрсатишича, Ўзбекистон аҳолиси сони энг камида 40 йил давомида муттасил ўсиб боради ва 2059 йилга келиб 38 млн нафарга етиши мумкин. Шундан кейин бошланган камайиш натижасида 2087 йилда 30 миллионлик нуқтага қайтилиши эҳтимоли бор.

Умуман, БМТ тадқиқоти хулосасига кўра, Ер юзи аҳолиси 30 йилдан кейин 2 млрд кишига кўпайиб, 9,7 млрдга етади, Ҳиндистон эса аҳоли сони бўйича 8 йилда Хитойни ортда қолдиради.

Аср охирида жами аҳоли сони 11 млрдга яқинлашиши мумкин.

Маълум бўлишича, 1900 йил билан солиштирганда ҳозир инсонлар ўртача 8 йил кўпроқ яшаяпти. Айни пайтда дунё аҳолисининг ўртача умр кўриш давомийлиги 72,6 йилга тенг. 2050 йилда эса одамлар ўртача 77,1 ёшгача умр кечириши тахмин қилинган.

Ҳисоботда айтилишича, ҳозир жаҳон миқёсида бир аёлга 2,5 нафар янги туғилган чақалоқ тўғри келмоқда. 2050 йилга бориб бу кўрсаткич 2,2 нафаргача камаяди.

Олимлар дунё аҳолисининг қаришига икки асосий омилни келтиришган: умр кўриш давомийлигининг ошгани ва туғилиш даражаси пасайгани. Сайёра нуфусининг қариб бораётгани меҳнатга лаёқатли одамлар улушининг камайишига олиб келади, натижада кекса ёшдаги кишиларнинг ижтимоий таъминоти, жумладан пенсия борасида муаммолар келиб чиқади.

Шунингдек, туғиш кўрсаткичлари пастлиги ёки эмиграция даражаси юқорилиги туфайли аҳоли сони камаяётган давлатлар ҳам кўпаймоқда. 2050 йилгача 55та мамлакатда аҳоли сони камида 1 фоизга камаяди. Бу, жумладан, МДҲнинг Россия, Украина, Беларусь, Арманистон, Латвия ва Литва каби давлатларига ҳам тааллуқли.

Кейинги 30 йил давомида Украина, Латвия, Литва ва Болгария каби давлатлар аҳолиси камайиши бўйича энг юқори ўринларда бўлиши, ушбу мамлакатларда яшовчилар 20 фоиз ва ундан ҳам кўпроққа камайиб кетиши мумкин.

Қайд этилишича, айнан энг қашшоқ давлатларда аҳоли энг юқори жадаллик билан ошиб боряпти. Бу эса мазкур ҳудудлардаги қашшоқлик, тенгсизлик ва очликка қарши курашишда, уларни таълим ва соғлиқни сақлаш тизимлари билан таъминлашдаги муаммоларни кўпайтиради.

Биргина тропик Африка минтақаси давлатларида яшовчи одамлар сони 2050 йилгача 2 баробарга ошиб кетиши кутилмоқда.

Мавзуга оид