Ўзбекистон | 12:30
21500
4 дақиқада ўқилади

Кармана туман ҳокими ўқитувчиларни ҳокимликка йиғиб, қарийб 1 соат турғизиб қўйди

Навоий вилояти Кармана тумани ҳокими Шоҳрух Болтаев тумандаги 9-мактабга бориб, ўқувчига турли саволлар берган, шеър айтиб беришни сўраган. Ҳаяжонланган ўқувчилар шеър айтиб беролмаган. Бундан ғазабланган ҳоким мактабнинг барча ўқитувчиларини автобусга солиб, туман ҳокимлигига олиб боришни буюрган. Ҳоким бу ишни “туманда таълим сифатини кўтаришга ҳаракат” дея изоҳлади.

Кармана тумани ҳокими Шоҳрух Болтаев мактаб ўқитувчиларни ҳокимликка йиғиб, турғизиб қўйган ҳолда мажлис ўтказган. Бу ҳақда Kun.uz’га ушбу мактаб ўқитувчилари мурожаат йўллади.

Маълум бўлишича, ҳоким 12 март куни Ҳазора қишлоғидаги 9-умумтаълим мактабида ёшлар билан учрашув ўтказган. Учрашув вақтида Шоҳрух Болтаев ўқувчи ва ўқитувчиларга турли саволлар берган, шеър айтиб беришни сўраган. Бироқ ўқувчилар ҳокимнинг кетма-кет саволларидан ҳаяжонланиб, шеър айтиб беролмаган.

Учрашувдан сўнг ҳоким мактабнинг барча ўқитувчиларини соат 17:00 да ҳокимлик биносига олиб боришни буюрган. Аксарияти хотин-қизлардан иборат бўлган 46 нафар ўқитувчи автобусда 30 км йўл босиб, айтилган вақтда ҳокимлик биносига борган.

Соат 17:00 да етиб бордик. Кутиб ўтирдик. Ярим соатлардан сўнг ҳоким келди. Барча ўқитувчини тик оёқда турғизиб қўйиб, мажлис ўтказди. Қаттиқ гапирди, “РайОНО” вакилларига мактабимизда текшириш ўтказиш бўйича топшириқ берди, директор ўринбосарларининг аризасини оласан, деди. Кўпимиз рўзадор эдик”, дейди Kun.uz билан гаплашган ўқитувчилардан бири.

Ҳоким шу тариқа, бир соатга яқин мажлис ўтказиб, ўқитувчиларга жавоб бериб юборган.

Қайтишда йўлдан сув сотиб олиб, оғзимизни очдик. Ҳокимнинг бу ҳаракати барча ўқитувчини хафа қилди. Чунки мактабимиз туманнинг олди мактабларидан бири. Ҳа энди, бола ҳоким олдида ҳаяжонланиб, билганини ҳам айтолмаган бўлиши мумкин”, дейди яна бир ўқитувчи.

Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Кармана тумани ҳокими Шоҳрух Болтаев билан боғланди. Унинг маълум қилишича, ўқувчи ва ўқитувчилар саволларига жавоб беришолмаган.

Шеър сўрасам айтиб беришолмади, турли саволлар бердим, бирортаси жавоб беролмади. Бу мактабда битирувчиларнинг ОТМга кириш кўрсаткичи 3 йилдирки, 50 фоиздан ошмайди. Айтиб бўлмайдиган ҳар хил ҳолатлар бор. Туманда таълим сифатини кўтаришга ҳаракат қиляпмиз. Ўша куни ёшлар билан учрашувдан сўнг мажлисим бор эди. Шу сабабли автобус гаплашиб, ҳокимликка йиғдим. 10 минут гаплашиб, жавоб бердим. Бугун яна ўша мактабга бориб, ўқитувчилар билан учрашаман”, дея ҳолатни изоҳлади ҳоким.

Аммо Kun.uz гаплашган мактаб ўқитувчиларига кўра, битирувчиларнинг ОТМга кириш кўрсаткичи 3 йилдан буён 65-70 фоиз атрофида бўлган.

Мактабимизда жиноятчилик йўқ, таълим сифатимиз яхши, ҳатто туманда вазирлик устамасига лойиқ кўрилган икки мактабнинг биримиз. Туман рейтингида юқори ўринларда турамиз. Албатта, бу натижалар замирида ўқитувчиларнинг меҳнати ётибди. Шунча меҳнатимиз бўлган ҳолда ҳокимнинг бизга нисбатан бундай муносабати барчамизни хафа қилди”, дейди ўқитувчилардан бири.

Ҳокимнинг топшириғидан сўнг мактаб директорининг икки ўринбосаридан ариза ёздириб олинган.

Шавкат Мирзиёев 13 март куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида Кармана тумани ҳокими маҳалладаги 4-5 нафар одам билан «номига» гаплашиб, сайёр қабул ўтказдим деб юрганини танқид қилганди.

Шоҳрух Болтаев 2025 йил ноябр ойи бошида Кармана тумани ҳокими лавозимига тайинланганди. Бунга қадар у Кармана тумани ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид