Шавкат Мирзиёев 13 март куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилишида айрим ҳокимлар сайёр қабулларни «номига» ўтказаётганини танқид қилди.
Йиғилишда мамлакат аҳолиси 38 миллиондан, меҳнатга лаёқатли аҳоли 20 миллиондан ошгани, сўнгги тўққиз йилда аҳоли даромади 2 карра кўпайгани қайд этилган. Халқнинг оғирини енгил қилиш, кўтарган масалаларига ечим топиш бўйича вазир ва ҳокимлар маҳаллага тушиб ишлайдиган тизим яратилди. Бу йил ҳам маҳаллаларда аҳоли турмушини яхшилашга 56 триллион сўм ажратилмоқда.
«Энди вазирлар, ҳокимлар ўзига савол берсин: шунча имконият бўла туриб, аҳоли кўтарган масалаларга вақтида ечим топиб беряптими? Бундан тўққиз йил олдин Халқ қабулхоналари ташкил қилинганда битта мақсад қўйилган эди: давлат идораларини халққа яқинлаштириш. Тўғри, Халқ қабулхоналари вақтида самарали ишлади. Лекин бу идорани ҳам одамларнинг бугунги талабига мос ҳолда ўзгартирадиган вақт келди», деди президент.
Давлат раҳбари бундан кейин «Ҳар бир инсон ва хонадон муаммосини билиб, вақтида кўмак беришим керак» деган шиор ҳар бир туман, шаҳар, вилоят ҳокими, вазир, унинг ҳудудий ташкилот раҳбарларининг бош қоидаси бўлиши зарурлигини қайд этди.
Мамлакатда ҳар ўн минг кишига ўртача 319 та ариза ва шикоят тўғри келади. Лекин бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 535 та, Навоий вилоятида 462 та, Сирдарё ва Сурхондарёда 452 тадан, Жиззахда 430 та, Қашқадарёда 368 та, Тошкент вилоятида 350 тани ташкил қилмоқда.
Деҳқонобод, Миробод туманлари, Навоий, Оҳангарон ва Янгиер шаҳарларида ҳар ўн минг аҳолига тўғри келадиган аризалар сони бошқа туманлардан икки баробар юқори. Мурожаатлар сони республикада 16 фоизга камайгани билан Қоровулбозор, Нурота, Конимех, Тупроққалъа туманлари, Наманган шаҳрида олдинги йилдан 50 фоизгача ошган.
Шавкат Мирзиёев Бухоро, Кармана, Учқудуқ, Сардоба, Ховос, Бўстонлиқ туманлари, Ангрен, Ғозғон шаҳар ҳокимлари маҳалладаги 4-5 нафар одам билан «номига» гаплашиб, сайёр қабул ўтказдим деб юрганини танқид қилди.
Ўтган йили Халқ қабулхоналарига ҳокимларнинг ўзи раҳбар қилиб тайинланганди.
Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарё, Хоразм, Сирдарёда раҳбарларнинг ўзи шуғуллангани учун ҳудудидаги мурожаатлар 25-30 фоизга камайгани, аҳоли кўтарган масалаларнинг 60-70 фоизи ижобий ҳал бўлаётгани таъкидланди. Лекин қолган ҳокимлар ва айрим вазирлар ҳали бу борада кескин ўзгариш қилмагани кўрсатиб ўтилди.














