Жамият | 15:40 / 26.07.2021
17856
6 дақиқада ўқилади

«Газ, ток, сувсиз икки йил амаллаб турдим» — Оҳангаронлик тадбиркорнинг қуёнлари қирилиб, банкрот бўлди. У бунда кадастрдагиларни айбламоқда

Kun.uz’га мурожаат қилган оҳангаронлик тадбиркор аёл қуёнчилик бизнесини уйида бошлаб, иши юришиб кетгач, ҳокимият масъулларининг ташаббуси билан унга ер ажратилганини айтди. Тадбиркорга ажратилган ернинг ҳужжатлари туман кадастр бўлинмаси ва ҳокимият масъулларининг эътиборсизлиги туфайли охирига етмайди. Натижада, сув, газ, токсиз қолган қуёнхонада тадбиркорнинг 600дан зиёд қуёнлари нобуд бўлади, аёл эса банкротга учрайди.

Kun.uz’га мурожаат қилган оҳангаронлик тадбиркор Саломатхон Ўлмасова қуёнчилик бизнесини ўз уйида бошлагани, уй шароитида юзлаб қуёнларни парвариш қилгани ва ишни яхшигина йўлга қўйиб олгани ҳақида айтиб берди. Маҳалла ва ҳокимият вакилларининг ташаббуси билан 2018 йилги давлат дастури доирасида унга қуёнларини кўпайтириш ва соҳани ривожлантириш учун ер майдони ҳам ажратилади.

«Уч болам бор, қачонгача боқиманда бўламан дедим-да, ўз бизнесимни бошладим. Қуёнчилик соҳасига қарасам, жуда катта бойлик манбаси экан. Лекин қуёнчиликка унча катта маблағ керак эмас экан. Битта она қуён 10-15тагача болалайди, макка, беда каби озуқалар бериб турсангиз, 40 кунда етилади. 40 кун ичида битта қуёндан 350 минг сўмдан фойда келиб туради.

Шуларни ўйлаб Сирдарёга бориб, учта қуён олиб келдим. Уй шароитида боқа бошладим. Қуёнларим 450тага етганда, (2018 йилда) қуёнчилик бўйича давлат дастури чиқиб қолди. Шунда маҳалла ва ҳокимлик масъуллари келиб, қуёнчиликни ривожлантириш керак, сизга ер ажратамиз, деб каттадан катта ваъдалар беришди», дейди тадбиркор аёл.

Шундан кейин у ажратилган ерда қуёнлари учун махсус объект қурилишини бошлайди. Қуёнхонани жиҳозлаб, керакли ускуналарни олиб келган тадбиркорнинг қуёнлари адади 2 йил ичида 1000тага етади. Бироқ Тошкент вилояти «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри» давлат корхонаси Оҳангарон туман ҳудудий бўлими тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришни пайсалга солиши оқибатида объектга газ, ток ва сув тортиб бора олмайди. Бунинг натижасида 600дан зиёд қуёнлари нобуд бўлади. 2020 йилда банкротлик ёқасига келиб қолган тадбиркор аёл 2021 йилга келиб, ўз фаолиятини бутунлай якунлашга мажбур бўлади.

Тадбиркор 80 миллион сўмдан ортиқ зарар кўргани ҳақида айтиб берди. Бир қарашда арзимас туюлиши мумкин бўлган бу маблағ оддий қишлоқ оиласининг бир неча йиллик даромадини ташкил қилишини унутмаслик керак.

Хуллас, кадастр ҳужжатлари охирига етмагани боис, аёлда газ, ток ва сув муаммоси ҳал бўлмайди. Ҳокимият эса тадбиркорни қўллаб-қувватлашини, барча ҳужжатлар расмийлаштирилишини айтиб, ваъда беришда давом этади.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, ер ажратиш тўғрисидаги далолатнома асосида у қурилишни бошлаган. Қурилиш бўлаётган ҳудудга ҳоким ва кадастр бошқармаси масъуллари келади. Шу ернинг ўзида ҳоким кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун ер ажратиш тўғрисидаги қарорни имзолаб, Тошкент вилояти «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри» давлат корхонаси Оҳангарон туман ҳудудий бўлими масъули Саъдулла Каримовга беради. Тадбиркор эса барча ташкилотлар хулосасини, керакли ҳужжатларни кадастрчига топширади.

Саломатхон Ўлмасова кадастр ҳужжатларини охирига етказиш учун, кадастр агентлигининг ҳудудий бўлимига, Саъдулла Каримовга

бир неча бор мурожаат қилгани, бироқ кадастр ходими турли баҳоналар билан ишни пайсалга солганини айтади.

Оҳангарон туманида 2018 йилда ҳоким вазифасида ишлаган Ўктам Турсуновнинг қарори билан ер ажратилиши керак эди. Туманда 2019-2020 йилларда эса икки марта ҳоким алмашган. Aсосий муаммони юзага келтирган важ ҳам шу бўлса ажаб эмас: ҳоким йўқ, қарор ижросини сўрайдиган ҳам.

«Кадастр бўлимига, туман ҳокимлиги архитектура бўлимига ҳужжатларни расмийлаштириш борасида бир неча бор мурожаат қилдим. Ҳар сафар «ҳа бўляпти», деб баҳона қилаверишди. Менга ажратилган ерда қурилиш бошлаганман, фаолиятимни йўлга қўйганман, кадастр ҳали ҳам битмаган. Кадастр йўқ, газ, ток, сув йўқ – икки йил амаллаб турдим. 2020 йил шароит йўқлигидан банкротлик ёқасига келиб қолдим, 2021 йилда эса бутунлай фаолиятимни тўхтатдим.

Ўзим етимхонада катта бўлганман, давлат мени едирди, ичирди, одам қилди, ўқитди; энди давлатга нафим тегсин, деб уй шароитида тинчгина ишлаётган жойимдан чўл ҳудудига чиқдим. Давлат дастурини бажараман деб, ҳам маблағимдан, ҳам соғлиғимдан айрилдим», дейди Саломатхон Ўлмасова.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент вилояти «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри» давлат корхонаси Оҳангарон туман ҳудудий бўлимида бўлдик.

Саъдулла Каримов билан шахсан учрашишнинг имкони бўлмади, у билан телефон орқали мулоқот қилдик. У тадбиркор аёлга ажратилган ер бошқа фермер хўжалигига тегишли эканлигини, шунингдек, тадбиркор ҳужжатларни тўлиқ топширмаганини айтди. Ҳокимнинг олдида барча ҳужжатларни олганини эса рад этди.

Ҳолатни ўрганиб, ким айбдорлиги тўғрисида ҳукм чиқармоқчи эмасмиз. Тадбиркор «давлат дастури»ни бажараман деб, масъулларнинг гапи билан иш бошлаб, якунда куйиб қолганини айтмоқда. Aммо кадастр хизмати ходими «ҳеч қандай ҳужжатларни олмагани»ни иддао қилиб, масъулиятни зиммасидан соқит қилишга уринмоқда.

Ер билан боғлиқ масалаларда муаммолар юзага келаётган бир пайтда, кадастр ҳужжатлари битмай иш бошлаган тадбиркорни ҳам, тадбиркорга ер ажратиш тўғрисида далолатнома тузилиб, барча ҳужжатларни олгани иддао қилинаётган кадастр ходимини ҳам оқлаб бўлмайди.

Бунда масаланинг аҳамиятли жиҳати шундаки, маҳаллий ҳокимлик тадбиркор аёл тақдирига панжа ортидан қарамаганида ҳозир потенциал солиқ тўловчи бой берилмаган ҳамда бир оила даромадсиз қолмаган бўлар эди.

Мадина Очилова, Kun.uz мухбири,
Тасвирчи: Шерзод Эгамбердиев,
Монтаж устаси: Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид