Жамият | 12:20 / 19.06.2019
12402
2 дақиқада ўқилади

Боёвутдаги боғчада овқатдан заҳарланиш ҳолати қайд этилди

18-19 июнь кунлари Сирдарё вилояти Боёвут тумани 21-сонли мактабгача таълим муассасасининг 23 нафар тарбияланувчиси, 1 нафар тарбиячиси ҳамда 1 нафар ҳамшираси тана ҳароратининг кўтарилиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши, қорин соҳасида оғриқ каби касаллик белгилари билан Боёвут туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига «ўткир ичак касаллиги, овқат токсикоинфекцияси» ташхисига гумон қилиниб ётқизилган.

«Дастлабки эпидемиологик суриштурувлар жараёнида мазкур муассаса ичимлик суви билан таъминланмагани, 17 июнь куни тоза ичимлик суви ташиб келтирилмагани натижасида боғчанинг санитария-гигиена қоидалари ҳолати қониқарсизлиги, шунингдек, болалар қайнатилмаган сув ичгани ҳамда боғча ҳудудидаги мавжуд ўрикзордан ўрик мевасини яхши ювмасдан егани оқибатида касаллик келиб чиққани тахмин қилинмоқда. Ўрганиш ва лаборатория  текшириш ишлари давом этмоқда.

Беморларнинг аҳволи ўрта ва енгил оғирликда, шифохонада дори- дармонлар етарли миқдорда, уларга керакли  барча тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти, Вирусология илмий текшириш инсититути ҳамда Республика давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг бир гуруҳ тажрибали мутахассислари мазкур ҳолатни жойига чиқиб ўрганиш, амалга оширилаётган даволаш, профилактика ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни мувофиқлаштириш, маҳаллий шифокорларга амалий ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этилди.

Вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан  назоратга олинган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид