Ўзбекистон | 10:01 / 04.04.2024
26122
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистондаги ЙТҲда 8 нафар ўзбекистонлик вафот этгани бўйича ҳукумат комиссияси тузилди

Президент топшириғига кўра, Қозоғистондаги ЙТҲда вафот этган 8 нафар ўзбекистонликнинг жасади Мудофаа вазирлигининг махсус ҳаво борти орқали ватанга қайтарилади. 

Фото: Polisia.kz

Қозоғистоннинг Ақтўбе областида содир бўлган ЙТҲ оқибатида вафот этган 8 нафар ўзбекистонлик жасади мамлакатга олиб келинади, деб хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан, бахтсиз ҳодисада вафот этганларни Мудофаа вазирлигининг махсус ҳаво борти орқали ватанга олиб келиш ва дафн этиш маросимларини ўтказиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилиб, керакли барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

«Фавқудодда вазиятлар вазирлиги масъуллари қозоғистонлик ҳамкасблари билан доимий алоқада бўлиб, бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш бўйича ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда», — дейилади хабарда.

3 апрел куни Самара-Чимкент трассасининг Қозоғистоннинг Ақтўбе области Маржонбулоқ қишлоғидан ўтган қисмида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. ЙТҲ Volvo юк машинаси ҳамда Ўзбекистон фуқароси бошқарувидаги Toyota-Аlhpard минивэни иштирокида содир бўлган.

Ҳодиса оқибатида минивэн ҳайдовчиси ва ундаги етти нафар йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Қурбонларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳаракат вақтида юк автомобилининг шинаси ёрилиб кетган, ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва минивэн билан тўқнашган.

Мавзуга оид