Ўзбекистон | 19:45 / 24.11.2025
6855
2 дақиқада ўқилади

Комил Алламжонов президент администрациясининг АҚШдаги вакили лавозимига тайинланди

Шу билан бирга, у президент администрацияси раҳбари маслаҳатчиси лавозимидаги фаолиятини давом эттиради.

Фото: Президент матбуот хизмати

Комил Исмоилович Алламжонов маслаҳатчи-вакил – Ўзбекистон Республикаси президенти администрациясининг (ПА) АҚШдаги вакили лавозимига тайинланди. Бу ҳақда президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг фармойиши имзоланган.

Комил Алламжонов жорий йил июнидан буён президент администрацияси раҳбарининг жамоатчилик асосидаги мустақил маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келмоқда.

У параллел равишда бу лавозимдаги фаолиятини ҳам давом эттиради.

Ноябр ойида президент фармонига мувофиқ, АҚШ томони билан ҳамраисликда Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши тузилганди. Кенгаш стратегик бизнес ташаббусларини мувофиқлаштириш, йирик инвестиция ва савдо лойиҳаларини илгари суриш ҳамда мониторинг қилиш билан шуғулланади.

Кенгашга Ўзбекистон томонидан президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, Америка томонидан эса АҚШ президенти махсус вакили Сержио Гор ҳамраислик қилади.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тузилмасига қўшимча маслаҳатчи элчи – Ўзбекистон президенти администрациясининг АҚШдаги вакили лавозими киритилиши белгиланганди.

Маслаҳатчи элчи ўз фаолиятида ПА раҳбарига ҳисобдор ва Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари фаолиятини икки томонлама муносабатларни ривожлантириш қисмида қўллаб-қувватлашга масъул ҳисобланади.

Сентябр ойида Комил Алламжонов АҚШдаги Жорж Вашингтон университетининг Марказий Осиё тадқиқотлари дастурининг махсус маслаҳатчиси этиб тайинланганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид