Ўзбекистон | 13:00 / 03.04.2019
24487
2 дақиқада ўқилади

Пропискани қатъийлаштириш ҳақидаги қарор лойиҳаси нега муҳокамадан олиб ташлангани маълум қилинди

Фото: KUN.UZ

«Давлат божи ставкаларининг 4-бандига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. 

Лойиҳада Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлмаган шахслар томонидан кўчмас мулк сотиб олинганда ундириладиган давлат божи билан боғлиқ масалалар назарда тутилган эди.

Адлия вазирлиги расмий хабарида айтилишича, давлат божи ставкаларини комплекс кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлигидан келиб чиқиб ҳамда прописка масаласида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масаласи қўшимча ўрганилаётганлиги сабабли лойиҳа жамоатчилик муҳокамасидан олиб ташланди.

Маълумот учун: ҳужжат лойиҳасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатдан ўтиш имконини берувчи шартларни қатъийлаштириш таклиф этилган.

Унга кўра, бошқа давлатлардан келган ва Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 3300 бараваридан кам бўлмаган миқдорида янги қурилган кўчмас мол-мулк сотиб олинганида –шартнома суммасининг 10 фоизи миқдорида тўлов ундирилиши мумкин.

Ушбу таклиф Ўзбекистон фуқароларига тааллуқли эмас, аммо қуйида ҳужжат лойиҳасида айнан маҳаллий аҳолига алоқадор таклиф ҳам келтирилади. 

«Агар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида янги қурилган кўчмас мол-мулк икки ёки ундан ортиқ шахс томонидан умумий мулк ҳуқуқи асосида сотиб олинган тақдирда, уларнинг ҳар бири мазкур кичик бандда белгиланган ставкада давлат божи тўлайди», — дейилганди муҳокамага ҳавола қилинган ҳужжат лойиҳасида.

Мавзуга оид