Жаҳон | 12:53 / 17.05.2026
10440
5 дақиқада ўқилади

Россия бўйлаб оммавий дронлар ҳужуми: Москвада 3 киши ҳалок бўлди

17 майга ўтар кечаси Москва региони кенг кўламли дронлар ҳужумига учради. Камида уч киши ҳалок бўлди ва турар жой биноларига зарар етди. Россия регионлари бўйлаб Украинанинг 556 та дрони уриб туширилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Россия мудофаа вазирлиги 16 майдан 17 майга ўтар кечаси бутун мамлакат бўйлаб Украинанинг 556 та дрони уриб туширилганини маълум қилди. BBC нашрига кўра, вазирлик ҳудудлар кесимидаги аниқ рақамларни келтирмаган.

Бироқ дронлар қуйидаги ҳудудларда уриб туширилганига аниқлик киритган:

  • Москва региони;
  • Белгород, Калуга, Курск, Орёл, Брянск, Воронеж, Тула, Смоленск, Псков, Липетск, Твер ва Ростов вилоятлари;
  • Краснодар ўлкаси.

Шунингдек, ушбу рақамга аннексия қилинган Қрим ҳамда Қора ва Азов денгизлари акваториялари ҳам киритилган, дейилади ҳисоботда.

Днепрдаги ҳужумда 3 киши жабрланди

Днепропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжа вилоят маркази Россия қўшинларининг тунги ҳужумига учраганини маълум қилди. У қўлланилган қурол турига аниқлик киритмаган.

Ганжанинг ёзишича, Днепрда бир аёл — у оғир аҳволда шифохонага ётқизилган — ва икки эркак киши жабрланган. Постга вайронагарчиликларнинг бир нечта фотосуратлари илова қилинган.

Москва регионидаги ҳужумлар ҳалокатли бўлди

Москва вилояти губернатори Алексей Воробёв пойтахт яқин атрофидаги ҳудудларида уч киши ҳалок бўлганини ёзди.

Воробёвнинг ёзишича, Химкида дрон хусусий уйга келиб урилган, бунинг оқибатида бир аёл ҳалок бўлган, яна бир киши вайроналар остида қолмоқда. Митиши яқинидаги Погорелки қишлоғида икки эркак ҳалок бўлди, дея қўшимча қилди у.

Бундан ташқари, дронлар Красногорск ва Истрадаги кўп квартирали ҳамда хусусий уйларга зарар етказган; уч эркак ва бир аёл жароҳатланган.

Москва шаҳар мэри Сергей Собянин эса регионга қилинган дронлар ҳужуми натижасида 12 киши яраланганини маълум қилди.

«Учувчисиз учиш аппаратлари келиб урилиши натижасида, дастлабки маълумотларга кўра, ўн икки киши яраланди. Асосан Москва Нефтни қайта ишлаш заводи назорат-ўтиш жойи яқинида қурувчилар сменаси жабрланди. Заводнинг технологик жараёни бузилмаган. Учта уй шикастланган», деди Собянин.

Собяниннинг сўзларига кўра, охирги сутка ичида пойтахт узра 120 дан ортиқ дрон уриб туширилган.

«Шереметево» аэропортига дрон бўлаклари тушди

Москва «Шереметево» халқаро аэропорти ўз ҳудудига дрон бўлаклари тушганини хабар қилди. Аэропортнинг Telegram-каналида бўлаклар тушган аниқ вақт кўрсатилган — 17 май Москва вақти билан соат 04:21.

«Росавиация» бундан бир соат олдин «Шереметево»да парвозларга чеклов жорий этилгани ҳақида маълум қилган эди; ушбу чекловлар тўрт соатдан ортиқ давом этди.

«Бўлаклар йўловчиларга ва ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш зоналаридан хавфсиз масофада жойлашган. Воқеа жойида тезкор хизматлар ишламоқда, зарур хавфсизлик чоралари таъминланмоқда. Аэропорт ҳудудида жабрланганлар ва вайронагарчиликлар йўқ», дея таъкидланади «Шереметево» хабарида.

Уруш шароитида томонлар расмийларининг баёнотларини зудлик билан текширишнинг имкони йўқ. Украина томони ҳозирча Москва ва унга туташ ҳудудга қилинган дронлар ҳужуми бўйича баёнот бермади.

Москвада ахборот тарқатишга чекловлар

Ушбу ҳужумлар Россия дрон зарбалари оқибатларини ёритишга нисбатан янги чекловлар жорий қилганидан бир неча кун ўтиб юз берди.

Россия кўплаб регионлари қатори пойтахт Москвада ҳам ўрнатилган чекловларга кўра, расмий рухсатсиз фотосуратлар, видеолар ёки тафсилотларни нашр этиш тақиқланади.

Қоидабузарларни қуйидаги миқдордаги жарималар кутмоқда:

  • Жисмоний шахслар учун: 3 000 дан 5 000 рублгача ($38–$64);
  • Мансабдор шахслар учун: 50 000 рублгача ($640);
  • Юридик шахслар учун: 200 000 рублгача ($2,500).  
Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид