Жаҳон | 20:39 / 16.01.2026
9726
6 дақиқада ўқилади

Гренландия неча пул туради?

Гренландиядаги табиий ресурслар ва ернинг қиймати 1 трлн доллардан 4 трлн долларгача баҳоланяпти. Аммо, уларни ўзлаштириш харажатлари ниҳоятда катта бўлгани сабабли якуний нарх сезиларли даражада арзонлашади. Трамп давлат котиби Марко Рубиога яқин ҳафталар ичида оролни харид қилиш бўйича таклиф тайёрлашни буюрди. Вашингтон эҳтимолий «аср савдоси» учун 700 млрд долларгача тўлашга мажбур бўлиши мумкин.

Фото: Getty images

Доналд Трамп АҚШ Гренландияни «қандай бўлмасин» қўлга киритиши кераклигини муттасил равишда такрорлаб келади. Бундай агрессив ёндашув оролни Россия ёки Хитой томонидан эгаллаб олинишининг олдини олиш сифатида оқланяпти. Ушбу контекстдаги энг муҳим инструмент – пул билан боғлиқ. Гренландия аҳолиси – атиги 57 минг кишини ташкил этади ва орол кўп жиҳатдан Копенҳагендан келадиган субсидияларга қарам бўлиб қолган. Вашингтоннинг йирик инвестициялари Гренландия аҳолиси учун жозибали бўлиб кўриниши ҳам мумкин. Дастлаб Трамп оролнинг ҳар бир фуқаросига АҚШга қўшилиши учун 100 минг долларгача пул тўламоқчилиги ҳақида хабарлар чиқди. Аммо, бу таклиф маҳаллий аҳолини қизиқтира олгани йўқ. Вашингтондагилар ставкани янада оширишмоқчи.

Гренландиянинг нархи қанча?

Олимлар ва собиқ АҚШ расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра Гренландияни сотиб олиш Қўшма Штатларга 700 млрд долларга тушиши мумкин. Трамп давлат котиби Марко Рубиога яқин ҳафталар ичида оролни харид қилиш бўйича таклиф тайёрлашни буюрган. Таққослаш учун, америкаликлар 1803 йилда Луизианани Франциядан 15 млн долларга, 1867 йилда Аляскани Россиядан 7,2 млн долларга сотиб олишганди.

АҚШ аввал ҳам Гренландияни сотиб олиш масаласини кўриб чиққан ва 1946 йилда 100 млн доллар (бугунги ҳисобда қарийб 1,7 мрлд доллар) миқдорида расмий таклиф билдирган. Дания бу таклифни рад этган. Ўша пайтда бу сумма АҚШ ялпи ички маҳсулотининг 0,04 фоизига тенг бўлган. Ҳозирда шундай нисбат тахминан 1,2 млрд долларга тўғри келади.

Кўплаб таҳлилчилар Гренландиянинг ҳақиқий қиймати анча юқори деб ҳисоблайди. «Бир неча триллион доллар атрофидаги нарх мантиқан тўғри бўлади», дейди American Action Forum таҳлил маркази президенти Дуглас Ҳолтс-Икин. Унинг жамоаси Гренландиянинг тахминий қийматини ҳисоблашда табиий ресурс захиралари ҳамда кўчмас мулк сифатидаги потенциалини инобатга олган. 2025 йил январда эълон қилинган ва АҚШ, Дания ҳамда Гренландиядаги геологик тадқиқотлар маълумотларига таянган тадқиқотга кўра, оролда аниқланган муҳим минераллар ва энергетика ресурсларининг умумий қиймати 4,4 трлн доллардан ошади. Агар 2021 йилда экологик сабаблар билан қидирув лицензиялари бериш тўхтатилган нефть ва табиий газ конларини ҳисобдан чиқарса, бу кўрсаткич 2,7 трлн долларгача камаяди. Аммо, оролда инсон ресурсларининг етишмаслиги ва ўта совуқ иқлим сабаб захиралардан тўлиқ фойдаланиш имконияти паст.

Трампнинг Гренландияни қўлга киритиш ҳақида илк даволари пайдо бўлган 2019 йилда Financial Times оролнинг қийматини 1,1 трлн долларга баҳолаганди. Россиялик иқтисодчи Антон Свириденкога кўра, Гренландиянинг табиий ресурсларини ҳисобга олган ҳолдаги реал қиймати 1 трлн доллардан ошади. Шундай бўлса-да, АҚШнинг Данияга 60–70 миллиард доллардан кўпроқ пул таклиф қилиши эҳтимолдан йироқ.

АҚШнинг Гренландияни сотиб олишга пули борми?

АҚШда Гренландияни сотиб олишга молиявий имконият бор, лекин масала пулда эмас. Сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатдан бу жуда мураккаб жараён. Американинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 31 трлн долларни ташкил этади. Бир неча ўн миллиард доллар нарх белгиланса ҳам, бу Қўшма Штатлар бюджети учун жуда кичик сумма бўлади. Масалан, мамлакатнинг йиллик мудофаа бюджети ўтган йилда қарийб 850 млрд доллар бўлган.

 

Гренландия Данияга қарашли, аммо ўзини ўзи бошқарувчи ҳудуд. Орол аҳолиси розилигисиз ҳеч қандай савдо бўлиши мумкин эмас. XXI асрда ҳудудларни «сотиб олиш» амалиёти бирор марта кузатилмаган. Бу мустамлакачилик сифатида баҳоланади. Ўз навбатида гренландияликларнинг аксарияти Даниядан узил-кесил мустақил бўлиш ғоясини қўллаб-қувватлашига қарамай, АҚШ таркибига қўшилишга мутлақо қарши.

Гренландияда қандай фойдали қазилмалар бор?

Гренландия замонавий технологиялар учун жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган жуда бой фойдали қазилма захираларига эга. Қурилиш, электроника ва молия соҳалари учун зарур бўлган мис ва олтиндан ташқари, оролда соҳиллар бўйлаб катта ҳажмда графит, нодир ер элементлари, никель, темир рудаси ва рух конлари мавжуд.

Графит ва никель аккумуляторлар, электромобиллар ҳамда қайта тикланувчи энергетика тизимлари ишлаб чиқаришида тобора муҳим аҳамият касб этяпти. Темир рудаси ва рух оғир саноатни таъминлаб турса, нодир ер элементлари шамол турбиналари, юқори технологияли электроника ва мудофаа тизимлари ишлаб чиқарилишида марказий ўрин тутади.

Геологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ушбу ресурсларнинг катта қисми аниқ ажралган ҳудудларда, айниқса Гренландиянинг жануби ва ғарбида жамланган. Бу оролнинг ўзига хос ва ниҳоятда қадимий геологик тузилиши билан боғлиқ. Гренландиянинг алоҳида аҳамияти фақат оддий металлар мавжудлигида эмас, балки стратегик аҳамиятга эга ресурслар спектрининг жуда кенглигида. Айниқса, нодир ер элементларига қизиқиш катта: бу ресурсларни қазиб олиш чекланган сондаги мамлакатлар қўлида жамланган. Ўз навбатида, фойдали қазилмаларнинг «қоғозда» мавжудлиги уларни амалда самарали қазиб олиш кафолати эмас. Гренландияда тоғ-кон саноати яхши ривожланмаган ва лойиҳаларнинг жуда оз қисми разведка босқичидан ўтган. Бу ерда экологик тартибга солиш ҳам катта роль ўйнайди. Масалан, ҳукуматнинг уран қазиб олишни тақиқлаши нодир ер элементлари билан боғлиқ бир қатор лойиҳаларнинг тўхтатилишига олиб келди. 

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид