Ўзбекистон | 12:37 / 18.01.2018
6137
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокимияти «Рақамли офис» тизимини жорий қилади

Фото: Uzdaily

Тошкент ҳокимияти Жанубий Кореянинг Сеул шаҳри тажрибасидан фойдаланган ҳолда шаҳарни бошқариш бўйича «Рақамли офис» тизимини жорий қилади.

Сеул делегацияси «Рақамли офис» тизимини жорий қилиш, давлат хизматларини такомиллаштириш, шунингдек, Сеул кўчасини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон пойтахти ҳокимиятига кўмак бериш учун Тошкентга келди.

Жанубий Корея мутахассислари 16-23-январь кунлари жойлардаги объектларни ўрганиш ва иш ҳажмини баҳолаш учун дастлабки тадқиқотлар ўтказишни режалаштиришмоқда.

Хусусан, Сеул делегацияси Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Давлат хизматлари агентлиги, уй-жой коммунал хизмати бошқармаси, халқ қабулхонаси, Тошкент ИИББ IT-тизими фаолияти билан танишади.

Тадбир давомида Жанубий Корея экспертлари шаҳарни замонавий технологиялар асосида бошқаришга самарали ёндашув, мурожаатлар билан ишлаш тизимини ривожлантириш тажрибаси билан ўртоқлашдилар.

Пойтахт ҳокимиятида Сеул делегацияси ахборот-коммуникация технологияларини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар, туманлараро тармоқлар фаолиятини мувофиқлаштириш инновацион тизими билан танишди. Жанубий Корея пойтахтининг ушбу йўналишдаги ютуқларига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид