Жаҳон | 10:01 / 23.12.2025
21435
6 дақиқада ўқилади

Башар Асаднинг Москвадаги ҳаёти: у нималар билан машғул?

24 йил мобайнида Сурияни бошқарган, бир йил олдин кўтарилган исён натижасида ҳокимиятдан ағдарилиб, Россия махсус хизматлари ёрдамида мамлакатни тарк этишга муваффақ бўлган Башар Асад Москвада пинҳона ҳаёт кечирмоқда. The Guardian нашри Россия ва Суриядаги манбаларига таяниб, унинг қувғиндаги ҳаёти ҳақида айрим маълумотларни аниқлади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Асадлар оиласига яқин бўлган шахснинг журналистларга айтиб беришича, Суриянинг собиқ раҳбари бутунлай иҳоталаб қўйилган.

У ҳозирда ўзининг асл касби бўлган офталмология билан овунмоқда ва бу соҳадаги билимларини чуқурлаштириш учун дарсларга қатнамоқда. Башар Асад 1990-йилларда Лондонда тиббиёт олийгоҳида таҳсил олган ва рафиқаси Асма билан ўша ерда танишган. У Суриядалигида, фуқаролик уруши бошланишидан олдин ҳам Дамашқда мунтазам тарзда офталмология билан шуғулланган. Энди эса у шифокор сифатида ишлашга ва Москва элитаси вакилларини даволаш билан шуғулланишга ҳам тайёр.

The Guardian суҳбатдошининг сўзларига кўра, Башар Асад рус тилини ҳам катта иштиёқ билан ўрганмоқда.

Нашр мақоласида ёзилишича, Асадлар оиласи ҳашамат ичида ҳаёт кечирмоқда, аммо унинг ўзи ташқи дунёдан узиб қўйилган – унга Сурия ёки Россия элитаси вакиллари билан алоқа ўрнатишига рухсат йўқ. У «фақат бир неча киши» билан гаплашиши мумкин. Бундай одамлар орасида президент ишлари бўйича собиқ вазир Мансур Аззам ва собиқ иқтисодий маслаҳатчиси Яссар Иброҳим бор.

Кремлга яқин бўлган манбанинг нашрга айтишича, Россия президенти Владимир Путин Асадни энди муҳим фигура деб ҳисобламайди, чунки «ҳокимиятдан маҳрум бўлган етакчиларга унинг тоқати йўқ». Москвада суриялик собиқ диктаторни энди нуфузли шахс сифатида ҳам, ҳатто «кечки овқатга таклиф қилиш мумкин бўлган қизиқарли меҳмон» сифатида ҳам кўришмаяпти.

Сўнгги вақтларда Асадлар оиласи вакили фақат бир марта оммага кўриниш берди, шу йил ёзида унинг қизи – 22 ёшли Зейн Москва давлат халқаро муносабатлар институтини тамомлаган ва битирув маросимида қатнашганди. У ерда собиқ диктаторнинг рафиқаси Асма ва унинг икки ўғли – 24 ёшли Ҳафиз ва 21 ёшли Карим ҳам бор эди. Оила аъзолари эътибор жалб қилмасликка ҳаракат қилишган. Талабалардан бири оила узоқ вақт қолмагани ва бошқа оилалар каби Зайн билан саҳнада суратга тушмаганини айтиб берган.

Маълумотларга кўра, Асадлар оиласи «Москва-Сити»да бир нечта квартирага эга, шунингдек, Рублёвкада ҳам уйлари бор. Башар Асад Суриядан камида 250 миллион доллар нақд пул олиб чиқиб, Россия банкларига жойлаштирган.

Собиқ диктаторнинг укаси Моҳир Асад ҳам Москвада яшайди. Илгари у Сурия Араб армиясининг 4-зирҳли дивизиясига – Сурия қўшинларининг элита бўлинмасига қўмондонлик қилган. Бундан ташқари, Моҳир Асад Яқин Шарқда кенг тарқалган синтетик гиёҳванд модда – каптагонни ишлаб чиқарадиган ва сотадиган давлат наркокартелининг амалдаги раҳбари эди.

Die Zeit нашри Башар Асад Москвада видеоўйинларга муккасидан кетгани, Моҳир Асад эса Four Seasons меҳмонхонасида яшаши, у бу ерда ичиш ва чилим чекиш билан машғул экани ҳақида ёзган.

Асаднинг фарзандлари Бирлашган Араб Амирликларига тез-тез ташриф буюришади. Оила ҳокимият тепасида бўлган даврда ҳам БАА уларнинг севимли дам олиш маскани бўлган. Ҳокимият қўлдан кетганидан кейин ҳам аввалига Асадлар БААга доимий яшаш учун кўчиб ўтишга умид қилишганди, чунки болалар Москвада мослашишда қийинчиликларга дуч келишган. Аммо бу режалардан воз кечишга тўғри келган. The Guardian қайд этишича, ушбу мамлакат расмийлари жамоатчилик фикри ҳақида унчалик қайғурмаса-да, Сурия собиқ диктаторини қабул қилиш «ҳатто БАА учун ҳам ноқулай бўларди».

Асаднинг ўзи Россияга қочиб кетганидан кейинги дастлабки ойларда асосий эътиборини лейкемия ташхиси қўйилган рафиқасининг соғлиғига қаратган. У Сурия режими қулашидан олдин ҳам Москвада даволанганди. Манбанинг сўзларига кўра, у «Россия махсус хизматлари назорати остида ўтказилган экспериментал терапия»дан сўнг ўзини яхши ҳис қила бошлаган.

Энди Башар Асад ОАВ билан гаплашиб, Сурияда содир бўлган воқеалар бўйича ўз версиясини баён қилмоқчи. У аллақачон Россиянинг Russian Today пропагандачи канали ва ўнг йўналишдаги америкалик подкастчилардан бири билан интервю ўтказишга келишиб олган. Бироқ, бу интервюлар амалга ошиши учун у Россия ҳукуматининг рухсатини кутмоқда.

2024 йил декабр ойида Башар Асадни ағдариб, ҳокимиятга келган Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа Россиядан Асад ва унинг атрофидагиларни топширишни талаб қилиб келмоқда. У жорий йил октябр ойида Москвага амалга оширган ташрифи вақтида ҳам бу талабни Россия президенти Владимир Путинга етказган, аммо ҳозирча ижобий жавоб бўлмаяпти.

Россия Асаднинг асосий иттифоқчиси бўлган ва Сурияда 2011 йилда бошланган фуқаролар уруши пайтида унга ҳокимиятни сақлаб қолишда ёрдам берган. Диктатор тахтдан ағдарилганда эса, Россия унга сиёсий фаолиятдан воз кечиш шарти билан бошпана берганди.

Оиладан ташқари Сурия элитаси кўплаб вакиллари ҳамда армиянинг юқори мартабали зобитлари ҳозирда Россиядан қўним топган. ОАВ маълумотларига кўра, Асад режими қулаганидан кейин Россияга 1200 нафарга яқин собиқ суриялик зобит келган.

Улар Сурияда фуқаролик уруши даврида судсиз қатллар амалга ошириш, шаҳарларни артиллериядан ўққа тутиш ва ҳаводан бомбардимон қилиш, тинч аҳоли вакилларини ўлдириш, тақиқланган қуроллар, жумладан кимёвий қуроллар қўллаш ҳамда бошқа кўплаб ҳарбий жиноятлар учун жавобгар саналади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид