Иқтисодиёт | 20:05 / 08.05.2023
39227
2 дақиқада ўқилади

Картадан картага ўтказмалар бўйича ЭҲФ талаби бекор қилинади

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг талаби нафақат қонунларга, балки конституцияга ҳам зид келиб қолиши ва бу мавзу ОАВда фаол ёритилиши ортидан, картадан картага ўтказмалар ҳақидаги маълумотлар солиқ органларида жамланиши тартиби 1 июндан бекор қилинадиган бўлди.

Фото: Kun.uz

2023 йил 1 июндан бошлаб, тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштириш ва тақдим этиш тартиби бекор қилинади.

Бу – янги таҳрирдаги конституцияни рўёбга чиқаришга доир президент фармонида белгиланди.

1 июндан бошлаб, шунингдек, чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг фаолият кўрсатиш вақтига нисбатан чекловлар ҳам олиб ташланади.

Эслатиб ўтамиз, картадан картага пул ўтказмаларига ҳисобварақ-фактуралар бўйича талаб президентнинг феврал ойидаги фармонида кўзда тутилганди. Фармонга кўра, бу тартиб 1 майдан кучга кириши керак эди.

Бу тартибнинг ишлаши амалда миллионлаб фуқароларнинг картадан картага ўтказмалари ҳақидаги маълумотлар солиқ органларида тўпланишини, бу эса банк сирлари дахлсизлиги қўпол ва тизимли равишда бузилишини англатар эди.

Бу ноқонуний талабни жорий қилишга уриниб келган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу нима учун кераклиги ҳақида бирор марта изоҳ бермади.

Kun.uz бу мавзуни атрофлича ёритиб борди. 1 майдан эътиборан кучга кирган янги конституцияда банк сирлари дахлсизлиги бўйича норманинг кучайтирилгани амалда таклиф этилган ўзгаришни конституцияга қарши қилиб қўйган эди.

Мавзуга оид