Ўзбекистон | 11:10 / 30.10.2023
36397
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон армия қудрати бўйича 87 давлат орасида 18-ўринни эгаллади

News & World Report жаҳон давлатларини армия қудрати бўйича таққослаб чиқди. Навбатдаги тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон 87 давлат орасида 18-ўринни эгаллади. 

Фото: Kun.uz

Тадқиқотга кўра, Россия дунёдаги энг кучли армияга эга мамлакат бўлиб қолмоқда, ундан кейин - АҚШ ва Хитой. Исроил 4-ўринда, Украина эса 6-поғонада. Улардан ташқари дунёда энг кучли армияга эга 10 та давлат орасига Жанубий Корея, Эрон, Буюк Британия, Германия ва Туркия киради. 

Люксембург, Сингапур ва Эстония қуролли кучлари энг заиф армиялар деб тан олинди. 

Рейтинг 36 мамлакатда 17,2 минг киши ўртасида ўтказилган сўровнома асосида тузилган. Барча мамлакатлар индивидуал жавоблар комбинацияси асосида 73 мезон бўйича баҳоланди. 

Ўзбекистон армия қудрати бўйича Қозоғистондан 0,2 баллга олдинда – мос равишда 16 ва 15,8 балл. Шу билан бирга, Қозоғистон аввалроқ икки йил кетма-кет олдинда эди: 2021 йилда – 25,6 ва 21,5 балл, 2022 йилда – 12,6 ва 10,8 балл.

Энг кучли армияга эга давлатлар орасида Қўшма Штатлар 2021 йилда Хитойдан 97,6 балл тўплаган ҳолда 97,4 балл билан иккинчи ўринни тортиб олди ва кетма-кет учинчи йил бу ўринни эгаллаб турибди. 

Украина ўз мавқейини сезиларли даражада мустаҳкамлади: тадқиқотга кўра, 2023 йилда у 73,6 балл тўплаган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 65,6 баллни ташкил этган, 2021 йилда эса атиги 38,6 баллни ташкил қилган. 

Стокҳолм тинчликни ўрганиш халқаро институти (SIPRI) маълумотларига кўра, Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари орасида энг катта ҳарбий бюджетга эга. 2022 йилда у 1,1 миллиард долларни ташкил этган бўлса, Қирғизистон ва Тожикистонда бу кўрсаткич мос равишда 149,8 миллион ва 103,5 миллион долларни ташкил қилган. Ўзбекистоннинг ҳарбий харажатлари тўғрисида маълумотлар йўқ.

Дунёдаги энг кучли армияга эга бўлган мамлакатлар ўртасида ҳарбий харажатлар жуда катта фарқ қилади. 2022 йилда Россиянинг ҳарбий харажатлари 86,4 миллиард долларни ташкил этди, бу АҚШдан 10 баравар кам - 876,9 миллиард доллар. Хитойнинг ҳарбий харажатлари 292 миллиард долларни ташкил этди. Таъкидлаш жоизки, таъсирчан миқдорларга қарамай, ҳар уч мамлакат ҳам армияга харажатларни оширди: АҚШ ва Хитой - мос равишда 8,8 фоиз ва 2,1 фоизга, Россия - деярли учдан бирига. 

Украинанинг 2022 йил учун ҳарбий харажатлари SIRPI маълумотларига кўра 44 миллиард долларни ташкил этган, бу 2021 йилга нисбатан 7,4 баравар кўпдир. 

Мавзуга оид