Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«12 нафар ҳоким ўринбосари синовдан ўтмади». Бош вазир ўринбосари раҳбарлар аттестацияси ҳақида маълумот берди
Давлатнинг иқтисодий сиёсатини жойларда тўғри тушуниш ва амалга ошириш катта масалага айланган. Бунда маҳаллий раҳбарлар — ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари бевосита ушбу масала билан ишлайди, деб ҳисоблайди бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров.
Фото: Халқаро пресс клуб
Бош вазир ўринбосари — Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари орасида ўтказилган ўрганиш натижасини маълум қилди. У бу ҳақда Халқаро пресс клуб сессиясида гапириб ўтган.
«Улар орқали сиёсат жойларда амалга оширилиши керак. Мана шу масалалар тақдири ҳокимнинг биринчи ўринбосарлари дунёқараши, давлат раҳбари олдимизга қўйган вазифаларни тўғри тушуниши, тушунчаларни ўз қўл остидаги ходимларга тўғри етказишига боғлиқ. Шу нуқтайи назардан, ҳамма тумандаги ҳоким ўринбосарлари малакаси қайта ўрганилди», — деди у.
Қўчқоровнинг айтишича, ўрганиш 30 декабрда тугаган ва ҳоким ўринбосарларининг 12 нафари қўйилган талабга жавоб бермаган, 40га яқин ҳоким ўринбосарлари ўз лавозимида шартли равишда қолдирилган.
«Айб бевосита уларда эмас. Негаки, катта минбарда туриб кўп гапирамиз, аммо паст бўғиндаги ҳамкасбларга буни тўғри етказа оляпмизми? Ҳукумат даражасида бажариладиган ишлар бор, туман даражасида талаб қилинадиган ишлар бор. Шундай экан, барча масалалар натижасини улардан сўраш ҳам тўғри эмас. Ҳамманинг функциясини аниқ белгилаш керак», — дея қўшимча қилган Жамшид Қўчқоров.
Вазирнинг таъкидлашича, ушбу мақсадларни рўёбга чиқариш учун 2021 йил 11 январдан бошлаб, ҳоким ўринбосарлари малакасини ошириш бўйича ўқув ташкил қилинади.
«Ўқиш 1 ҳафтадан давом этади. Дастлаб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида фаолият олиб бораётган туман ҳокимлари ўринбосарлари ўқишга таклиф қилинади. Кейинги муддатда Бухоро, Навоий ва Самарқанддаги ҳоким ўринбосарлари ўқитилади ҳамда шу тартибда ўқиш давом этаверади», — дейди у.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида кўпгина вазирлик идоралар фаолиятида қарор қабул қилиш ҳаддан ташқари марказлашгани мамлакатнинг энг катта камчилиги ҳисобланишини таъкидлаган.
Ҳукуматга икки ой муддатда бошқарувда бир-бирини такрорлайдиган идоралар ва функцияларни, ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича топшириқ берилди. Бунда давлат бошқаруви ходимлари сонини ўртача 15 фоизгача оптималлаштиришни назарда тутиш зарур ҳисобланади.
Мавзуга оид
09:00 / 21.12.2025
Энергетикада катта истеъфо ва билимли ёшларга мукофот — ҳафта дайжести
11:37 / 19.12.2025
Нефт-газ соҳасида кутилган натижаларга эришилмаяпти — Қўчқоров
11:08 / 19.12.2025
Жамшид Қўчқоровда нефт-газ бўйича ўринбосар пайдо бўлди
14:41 / 03.12.2025