Ўзбекистон | 14:51 / 31.03.2026
4026
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги барча автомобилларга йил охиригача эко-стикер берилади

Йил охиригача, шунингдек, пойтахт ҳудуди “қизил”, “сариқ” ва “яшил” экологик зоналарга ажратиб чиқилади.

2026 йил якунига қадар Тошкент шаҳридаги барча автотранспорт воситаларига экологик тоифасини тасдиқловчи экологик стикерлар берилиши керак. “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси тўғрисидаги президент фармони билан, Ички ишлар вазирлигига шундай вазифа юклатилди.

Экология қўмитаси эса 2026 йил якунига қадар Тошкент шаҳри ҳудуди “қизил”, “сариқ” ва “яшил” зоналарига ажратиб чиқилишини таъминлаши лозим.

Фармонга биноан, республикадаги барча нефтни қайта ишлаш заводлари 2028 йил 1 ноябрга қадар “Евро-4”, 2030 йил 1 мартдан бошлаб “Евро-5” экологик тоифа талабларига мувофиқ бўлган мотор ёқилғиларини ишлаб чиқариши керак. Энергетика вазирлиги бунинг учун заводларни модернизация қилиш дастурини 2026 йил 1 ноябргача ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиши зарур.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда “Экологик транспорт” тизими 2026 йил 1 январдан бошлаб расман кучга кирган. Унга асосан, шаҳарлар ҳудуди ва транспорт воситалари “яшил”, “сариқ” ва “қизил” зоналарга ажратиб чиқилади ҳамда шаҳарнинг тегишли зонасига тегишли рангдаги экостикерга эга бўлмаган автомобилларнинг кириши чекланади.

Бу тартибни бузганлик учун жарима қўллаш – 2027 йилдан бошланиши кўзда тутилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид