Малайзияда Саҳиҳ ал-Бухорий халқаро ҳадисшунослар танлови очилди
Малайзиянинг маъмурий маркази – Путражайя шаҳридаги Путра масжидида 2024 йилги Саҳиҳ ал-Бухорий халқаро ҳадисшунослар танловининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Фото: "Дунё" АА
Тадбирда Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим, мамлакат ҳукумати, дипломатик корпус ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тантанали очилиш маросимида дунёнинг турли мамлакатларида Имом ал-Бухорий меросини ўрганиш билан шуғулланиб келаётган 15 дан ортиқ уламолар фахрий меҳмон сифатида қатнашди.
Ўзбекистондан мазкур тадбирда Тошкент шаҳридаги Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжиди имом хатиби шайх Исмоилжон Муҳаммад Содиқ иштирок этди.
Путра масжидида ўрнатилган кўп сонли экранларда Самарқанддаги Имом ал-Бухорий мақбарасининг тарихи, унинг обод қилиниши йўлидаги саъй-ҳаракатлар, айниқса, 2017 йилдан кейин Ўзбекистон президенти раҳбарлигида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига бағишланган видеофилм намойиш этилди.
Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим ўз нутқида буюк аллома Имом ал-Бухорийнинг ислом олами ривожига қўшган улкан ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
Ҳиндистон бош муфтийи шайх Абу Бакар Аҳмад ал-Малибари ўзининг маърузасида Имом ал-Бухорийнинг ҳадис илми ривожида тутган ўрни ҳақида тўхталди.
Тадбирга таклиф этилган ҳадисшунос олимлар ҳам Имом ал-Бухорийнинг ҳадис илми ривожига ҳиссаси ва уни ўрганишнинг муҳимлиги тўғрисидаги ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар. Шу ўринда, ўзбекистонлик мутахассис шайх Исмоилжон Имом ал-Бухорий меросини ўрганишда Ўзбекистонда олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берди.
Саҳиҳ ал-Бухорий халқаро ҳадисшунослар танлови Малайзия ҳукумати ташаббусига биноан ҳар йили ўтказиб келинади. Унда машҳур алломанинг мероси билан шуғулланувчи мутахассислар бу соҳадаги билимлари билан ўзаро куч синашадилар.
Мавзуга оид

16:52 / 17.02.2025
Малайзияда аёл оиласи билан кўпроқ вақт ўтказиш учун ишга ҳар куни самолётда қатнаяпти

16:35 / 07.02.2025
Малайзия ва Индонезия зиёратчилари учун Ўзбекистонда “Умра плюс” турпакети йўлга қўйилади

11:15 / 07.02.2025
Ўзбекистон ва Малайзия муҳим ресурслар соҳасидаги лойиҳалар бўйича келишувга эришди

18:27 / 06.02.2025