Туризм | 12:24 / 17.03.2026
1634
2 дақиқада ўқилади

“Умра плюс” дастури учун малай ва индонез тилларини биладиган гидлар тайёрланади

Ўзбекистоннинг туризм марказлари саналган Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида малай ва индонез тилларини биладиган, зиёрат туризмига ихтисослашган гид-таржимонларни тайёрлаш бошланди. Мазкур ташаббус юртимизга Малайзия ва Индонезиядан келаётган зиёратчи сайёҳлар оқимини сифатли хизматлар билан қамраб олишга қаратилган.

Фото: “Дунё” АА

Лойиҳа Туризм қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси ҳамкорлигида, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 январдаги “Умра плюс” зиёрат туризми дастурини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда Малайзия ва Индонезиядан Ўзбекистонга ташриф буюраётган зиёратчи сайёҳлар сони ортиб бормоқда. Шу боис, улар учун саёҳатни юқори савияда ташкил этиш, тарихий ва муқаддас қадамжолар ҳақида тўғри ва батафсил маълумот бера оладиган гид-таржимонларни тайёрлашга эҳтиёж кучайган.

Шу пайтгача малай ва индонез тиллари бўйича мутахассислар Тошкент давлат шарқшунослик университетида тайёрлаб келинган бўлса, энди бу йўналиш кўлами янада кенгаймоқда. Жумладан, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Бухоро давлат университети ва Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида 6 ойлик интенсив гид-таржимонлар тайёрлаш курслари ташкил этилди.

Ушбу курсларга Малайзия миллий университети ва Султон Идрис педагогика университетининг малакали ўқитувчилари жалб қилинган. Натижада фақат жорий йилнинг ўзидаёқ 50 дан ортиқ малай ва индонез тилларини биладиган мутахассисни тайёрлаш имконияти яратилди.

Келгусида мазкур тажрибани республиканинг бошқа ҳудудларида, хусусан Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида ҳам жорий этиш ва уни доимий тизимга айлантириш режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид