Иқтисодиёт | 18:49 / 07.04.2026
4436
8 дақиқада ўқилади

Кучайиб бораётган энергетика инқирози. Бу кимга қандай таъсир қилади?

Яқин Шарқдаги вазият кескинлашиб, глобал иқтисодиёт ва хавфсизликка таҳдидлар кучайиб боряпти. Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши энергетика таъминотида жиддий узилишларга олиб келди. АҚШ ва Исроилнинг Эронга уруш очишидан олдин нефтнинг Brent маркаси баррелига ўртача 72 доллар, WTI маркаси эса 67 доллардан сотилган бўлса, бир неча кун ичида нархлар 100 долларлик психологик чегарани ёриб ўтди.

Заиф давлатлар гуруҳи

Урушдан олдин Ҳўрмуз бўғози орқали ўтадиган нефтнинг тахминан 80 фоиздан кўпроқ қисми Осиё мамлакатларига йўналтирилган. Сув йўлининг ёпилиши эса бир қатор мамлакатларни стратегик жиҳатдан жуда заиф ҳолатга келтириб қўйди. Масалан, Япония ва Жанубий Корея иқтисодиёти импорт қилинган хомашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот экспорти асосига қурилган. Уруш бошланишига қадар Япония нефтнинг 90 фоиздан ортиғини, Жанубий Корея эса 70 фоиздан ортиғини Форс кўрфазидан импорт қиларди. Энергетика нархларининг ошиши ушбу давлатларда ишлаб чиқариш таннархининг кескин ошиши ва экспорт рақобатбардошлигининг пасайишига олиб келиши мумкин.

Ҳиндистон ҳам хавф остидаги йирик иқтисодиётлардан бири. Расмий Деҳли нефтнинг тахминан 90 фоизи ва суюлтирилган газнинг 50 фоизини импорт қилади. Нефтнинг ярми ва суюлтирилган газнинг катта қисми айнан Ҳўрмуз бўғози орқали ўтади. Мазкур йўналишнинг ёпилиши Ҳиндистонга суюлтирилган газ импортининг 40 фоизга пасайишига ва умумий нефт етказиб беришнинг 15 фоизга қисқаришига сабаб бўлди. Март ойи бошида АҚШ ҳукумати Россия нефтига нисбатан санкцияларни 30 кунга юмшатиш ҳақида қарор қабул қилганди. Бу эса Деҳли учун вазиятни қисман нормаллаштириш имконини берди ва февралга нисбатан март ойида Россиядан нефть сотиб олиш 90 фоизга кўпайди.

Хитой дунёнинг энг йирик нефт импортёри ҳисобланади ва умумий хариднинг 50 фоиздан кўпроқ қисми айнан кўрфаз мамлакатларидан амалга оширилади. Россия билан дўстона муносабатлар Пекин учун инқироз шароитида иқтисодий буффер вазифасини бажараётган бўлса-да, истиқболда хомашё учун кўпроқ пул тўлашга тўғри келиши мумкин. Шу пайтгача санкциялар сабаб Эрон ва Россия нефтини Хитой компаниялари чегирма нархларда харид қилиб келарди. Ушбу мамлакатлар хомашёсига чекловларнинг юмшатилиши бошқа муқобил бозорларга чиқиш имкониятини беради. Масалан, Шарқий Сибир — Тинч океани қувури орқали Москва нафақат Хитой, балки Жанубий Корея, Япония, Сингапур, Тайван каби давлатларга ҳам ўз маҳсулотини қимматроқ нархда сота бошлаши мумкин. Бу эса Хитойни нефт учун кўпроқ пул тўлашга мажбур қилади. Шундай бўлса-да, инқироз шароитида Россия билан яқинлик Пекинга геосиёсий устунлик тақдим этяпти. Яқин Шарқ ва рақобатчи мамлакатларда нефть-кимё мажмуаларининг тўхтаб қолиши фонида Хитой экспорт квоталарини назорат қилиб, пластмасса ва ўғитлар етказиб бериш занжирларида монополия ўрнатиши ва глобал жанубдаги таъсирини кучайтириши мумкин.

Филиппин, Покистон, Малайзия, Сингапур, Таиланд, Бангладеш каби мамлакатлар ҳам Яқин Шарқдан амалга ошириладиган энергетика ресурслари импортига кучли даражада боғланиб қолган. Нархларнинг кескин ошиб кетгани ушбу мамлакатлардаги ишлаб чиқариш занжирларига ҳам жиддий босим ўтказяпти. Масалан, Филиппин энергетика секторида фавқулодда ҳолат эълон қилди. Индонезияда эса ёқилғини тежаш мақсадида жума кунлари уйдан ишлаш режими жорий қилинди. Умуман олганда, Жануби-Шарқий Осиёнинг ривожланаётган бозорларида ёқилғи инқирози инфляцияни тезлаштириши билан бирга иқтисодий ўсишни ҳам секинлаштириши мумкин. Иш ҳафтаси ёки иш куни қисқарганда, бу талабни пасайтиради, натижада ишлаб чиқариш ҳажмлари ва истеъмолчиларнинг харид қобилияти камаяди. 

Европада иқтисодий турғунлик хавфи

Яқин Шарқдаги уруш фонида юзага келган энергетика инқирози Евроиттифоқ учун Россиянинг Украинага босқинидан кейинги оғриқли хотираларни қайта жонлантирди. Ҳарбий можаро аллақачон истеъмолчиларнинг чўнтакларида сезила бошлади. Тўғри, Европа Яқин Шарқ хом нефтига Осиё мамлакатларига қараганда камроқ қарам, бироқ Форс кўрфазидан евроҳудудга кунига тахминан 280 минг баррел авиакеросин экспорт қилинарди. Бу умумий импортнинг 60 фоизини ташкил қилади. Таъминотдаги узилишлар ортидан март ойининг охирида авиакеросин нархи бир тоннаси учун 1800 долларгача қимматлашди. Натижада авиакомпаниялар рейсларни қисқартириб, чипталар нархини ошира бошлади. Бу эса ташиш ва логистика нархларини кўтаряпти. Шунингдек, дизел ёқилғиси таъминотида ҳам узилишлар кузатиляпти.

Газ билан боғлиқ вазият янада драматик тус олган. Қатардаги инфратузилманинг вайрон бўлиши ва Ҳўрмуз боғозининг ёпилиши сабабли Европа бозорида нархлар можародан олдинги даврга нисбатан 45 фоизга кўтарилган. Бу эса қитъада инфляция ўсиши ҳамда иқтисодиётларнинг турғунлашуви хавфини оширяпти. Айниқса, Германия ва Италия каби саноатга таянган давлатлар корхоналарнинг оммавий ёпилиши хавфи остида қолди.

АҚШ дунёдаги энг йирик нефть ва газ ишлаб чиқарувчиси бўлса-да, мамлакатда бензин нархи кескин қимматлашиб кетди. Бу жамиятда кучли норозиликни келтириб чиқаряпти. Таҳлилларга кўра, уруш бошланган 28 февралдан бери америкалик ҳайдовчилар ёқилғи учун қўшимча 8,4 миллиард доллар тўлашга мажбур бўлишган ва ҳар куни 240 миллион доллар йўқотишяпти.

Кимлар фойда кўряпти?

Яқин Шарқдаги энергия инқирози глобал иқтисодиётни таназзулга етаклаётган бир пайтда, саҳна ортида бу вазиятдан миллиардлаб доллар фойда кўраётган “ғолиблар” ҳам бор. Масалан, Россия инқироздан ҳам иқтисодий, ҳам геосиёсий жиҳатдан энг кўп ютадиган давлатлардан бири. Ғарб санкциялари остида қолганига қарамай, нефт нархининг 100 доллардан ошиб кетиши Москвага ўз хомашёсини қимматроқ пуллаш имконини беради. Бу бюджет тушумларини кескин ошириб, мамлакатнинг ҳарбий харажатларини қоплашга ёрдамлашади.

Эрон билан уруш бошланишидан олдин Россия нефт нархларининг пасайиши ва Вашингтон босими туфайли Ҳиндистон билан савдосининг катта қисмини йўқотиб, қийинчиликларга дуч келаётганди. Экспорт ҳам охирги 4 йилликдаги энг паст даражага тушиб кетганди. Уруш фонида расмий Москванинг кунлик қўшимча даромадлари 150 млн долларгача кўпайган бўлиши мумкин. АҚШ молия вазири Скотт Бессентнинг маълум қилишича, қўшимча максимал даромади 2 миллиард долларгача етади. Шунингдек, АҚШнинг ҳарбий ва молиявий ресурслари Яқин Шарққа йўналтирилиши Украина фронтида Кремл учун стратегик енгиллик яратади ва глобал кун тартибини ҳам ўзгартиради.

Гарчи АҚШ ҳукумати нефт нархининг ошиши ва ички инфляциядан жиддий зарар кўрса-да, бу Американинг хусусий энергетика гигантларига катта фойда олиб келяпти. Юқорида айтиб ўтилганидек, Қўшма Штатлар дунёдаги энг йирик нефт қазиб олувчи ҳисобланади. Яқин Шарқдан келадиган нефт ҳажми кескин камайгач, Европа ва Осиё давлатлари муқобил манбалар қидиришга мажбур бўлади. Бу эса АҚШнинг суюлтирилган табиий гази ва нефтига бўлган талабни ошириб юборди. Натижада Chevron, Exxon Mobil каби корпорациялар, шунингдек, Техас ва Ню-Мехикодаги мустақил бурғилаш компанияларининг даромадлари кескин кўпайяпти.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид