Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Индонезиялик талабалар хори Ўзбекистон мадҳиясини ижро этди (видео)
Индонезиядаги энг яхши талабалар хори деб топилган «Гунадарма» университети хори Ўзбекистон мадҳиясини ижро этди. Мазкур видео Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг Facebook саҳифасида тақдим этилди.
Шунингдек, Индонезияда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тарғиб қилувчи ҳамда икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлик алоқаларини мустаҳкамловчи visituzbekistan.id туризм портали ишга тушди.
2018 йилнинг 10 февралидан қатор мамлакатлар, шу жумладан Индонезия фуқаролари учун визасиз режимнинг йўлга қўйилиши икки мамлакат туризм алоқаларини мустаҳкамлаш учун туртки бўлди.
Туризмни ривожлантириш, ушбу соҳада кадрларни тайёрлашга оид халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ҳамда хорижий мамлакатларда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадларида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси «Tourism brand Ambassador of Uzbekistan» (Хорижий мамлакатларда Ўзбекистон туризми элчиси) институтини тарғиб қилиш ташаббуси билан чиқди ва бугунга келиб Япония, Жанубий Корея, Исроил, Қозоғистон каби қатор мамлакатларда туризм элчилари фаолият юритмоқда.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Индонезиядаги энг йирик хусусий университет «Гунадарма» ректори ва Индонезиядаги Индонезия-Ўзбекистон дўстлик жамияти раиси Эко Шри Маргианти номзодини танлади.
«Гунадарма» университети Ўзбекистон билан 2010 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади. Дастлаб Россия давлат иқтисодиёт университетининг Тошкентдаги филиали ва собиқ Тошкент автомобил йўллари институти билан ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланган. Бугунга келиб Тошкент давлат шарқшунослик институти, Архитектура ва қурилиш институти, Текстиль ва енгил саноат институти, Кимё-технология институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Хорижий тиллар институти, Фарғона давлат университети ва Политехника институти билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Индонезия энг кўп мусулмон аҳолига эга мамлакат бўлиб, ушбу давлат фуқаролари Ўзбекистон ислом маданий меросига катта қизиқиш билдиришмоқда. Индонезия Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ТИВ билан биргаликда кенг реклама кампаниясини олиб бораётган мамлакатлар қаторига киради.
Шу билан бирга, Индонезия дам олиш учун машҳур йўналишлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон туристик инфратузилмасини ривожлантиришда Индонезиянинг хизмат кўрсатиш ва кадрлар тайёрлашга оид тажрибасидан фойдаланиш мумкин.
Мавзуга оид
14:54
21 мингдан зиёд озарбойжонлик туристик мақсадда Ўзбекистонга келган
13:46 / 12.01.2026
Статистика: Ўзбекистонда туристик агентликлар хизматлари кескин ошди
19:34 / 11.01.2026
Туроператорларга Малайзия ва Индонезиядан жалб қилинган ҳар бир сайёҳ учун субсидия берилади
15:42 / 09.01.2026