Уйғурлар масаласини муҳокама қилишни 17 та давлат ёқлади, 19 та давлат қарши чиқди
Хитойнинг мусулмон аҳолиси ҳуқуқлари бузилиши масаласи БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши кун тартибига киритилмади. Бу мавзуни муҳокама қилишни 17 та давлат қўллаб-қувватлаган бўлса, 19 та давлат, хусусан Ўзбекистон ва Қозоғистон қарши чиқди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 51-сессиясида Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном вилоятидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилиш ва махсус йиғилиш ўтказиш бўйича сўров рад этилди.
Лойиҳани 17 та давлат қўллаб-қувватлаган, 11та давлат бетараф қолган, 19 та давлат эса қарши овоз берган. Овоз бериш натижалари қуйидагича бўлган:
Қўллаб-қувватлаганлар: Чехия, Финландия, Франция, Германия, Гондурас, Япония, Литва, Люксембург, Маршалл ороллари, Черногория, Нидерландия, Парагвай, Польша, Жанубий Корея, Сомали, Буюк Британия ва АҚШ.
Қаршилар: Боливия, Камерун, Хитой, Кот-д'Ивуар, Куба, Эритрея, Габон, Индонезия, Қозоғистон, Мавритания, Намибия, Непал, Покистон, Қатар, Сенегал, Судан, БАА, Ўзбекистон ва Венесуэла.
Бетарафлар: Аргентина, Арманистон, Бенин, Бразилия, Гамбия, Ҳиндистон, Ливия, Малави, Малайзия, Мексика ва Украина.
Шу тариқа, Хитойнинг мусулмон аҳолиси ҳуқуқлари бузилиши масаласи БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши кун тартибига киритилмади.
Аввалроқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси Шинжон-Уйғур мухтор вилоятидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида узоқ кутилган ҳисоботини эълон қилганди. Ҳужжатда минтақадаги уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликлар ҳуқуқларининг бир қатор бузилиши тафсилотлари баён этилган, аммо АҚШ ва бошқа давлатлар томонидан айтилган айблов – геноцид ҳақида сўз юритилмаганди.
Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари ва қатор мамлакатларнинг расмийлари Хитой ҳукуматини уйғурларга қарши юқори технологик кузатувлар олиб бориш ва уларни фарзандлар ота-оналаридан ажратиладиган мажбурий меҳнат лагерларига жўнатишда айблаб келади. Расмий Пекин эса лагерлар кўнгилли таълим ва малака ошириш учун ташкил қилинганини айтиб келади.
АҚШ ҳукумати Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном вилоятидаги уйғурларга нисбатан ҳаракатларини “геноцид” ва “инсониятга қарши жиноят” деб ҳисоблайди. Хитой ҳукумати эса даъволарни “Хитой душманлари томонидан тўқиб чиқарилган дезинформация ва ёлғон” деб рад этади.
Мавзуга оид
17:55
Хитой Филиппиннинг денгиз зоналарига оид қонунига жавобан патрулликни кучайтиради
15:18
«Қарз қопқони»: Хитой тасарруфига ўтган Шри Ланка порти
08:08 / 09.11.2024
Хитой Ўзбекистонда меҳнат мигрантлари малакасини ошириш марказларини очади
20:57 / 08.11.2024