Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳокимлик учун сайлов, ошадиган пенсия ёши ва интернетсиз Афғонистон – МО ҳафта ичида
Трамп Афғонистондаги Бағрам ҳарбий базасини АҚШ қайта эгаллашини эълон қилди. Қозоғистонда илк бор шаҳар ҳокимлиги учун сайлов ўтказилади. Қирғизистонда пенсия ёши ҳам, миқдори ҳам оширилади. Тожикистон Америкадан 75 тонна озиқ-овқат ёрдамини олди. Туркманистон бозорларида текширувчилар битта тушлик эвазига ҳам қонунбузарликларни ёпиб кетмоқда. Афғонистонда интернет узиб қўйилди, топшириқни “Толибон”нинг катталари берган.
Қозоғистон тарихида илк бор шаҳар ҳокимлиги учун сайлов ўтказилади
Қўшни давлатда синов тариқасида биринчи марта шаҳар ҳокимини вилоят ҳокими тайинламай, у сайлов асосида танланмоқда. Маҳаллий нашр Теngrinewsʼнинг ёзишича, ҳокимлик учун 4 номзод ҳозирча рўйхатга олинган. Маълум бўлишича, 12 октябр куни сайлов ўтказилади. Номзодлар ким экани 18 сентябр куни эълон қилинган ва сайловолди ташвиқот ҳам бошланди. Улар жамоатчиликка таништирилиб, тегишли ишонч ёрлиқлари топширилди. Ҳаммани ҳайратда қолдиргани, шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Бекжон Бапишев номзодлар орасида йўқ эди. Ваҳоланки, жамоатчилик айнан уни ҳоким этиб сайланади деб ишониб турган эди.
4 номзоднинг барчаси мустақил номзодлар, 3 таси семейлик. Улар ёшлар саройи директори, Геодезия коллежи директори ва ҳозирда ишсиз бўлган собиқ шаҳар маслаҳати раиси, тўртинчи даъвогар – Кўкпекти тумани ҳокими.
Семей шаҳрининг аввалги ҳокими Талгат Муратов август ойи ўрталарида вилоят ҳокими томонидан муддатидан олдин ишдан олинганди. Айни пайтда шаҳардаги 128 та сайлов участкасида овоз беришга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Янги ҳоким сайловида 220 мингдан ортиқ киши овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган.
“Саккиз нафар номзод ўз ҳужжатларини топширди. Улардан 3 нафари Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан танловдан ўта олмади. Биттаси ўз ихтиёри билан сайловдан чиқди. Тўрт нафар номзод сайловда қатнашишга тайёр”, - дейди Семей ҳудудий сайлов комиссияси раиси Гулжан Куанишева.
Бироқ шаҳар аҳолиси сайловга ҳам, унинг натижаларига ҳам жиддий ишонаётгани йўқ. Масалан, Теngrinews эълон қилган хабар остидаги изоҳларда аксарият одамлар бу театр ёки шоу, дея ёзишган.
Яна бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси эса биз аллақачон президентни сайлаганмиз, АЭС қурилишига ҳам овоз берганмиз, бу шунчаки вақтни беҳуда сарфлаш. Ундан кўра, самаралироқ иш билан шуғулланинг, деб ёзган.
Қирғизистон пенсия ёшини ҳам, миқдорини ҳам оширмоқчи
Ёш борасида таклифлар энди-энди қулоққа чалинмоқда, лекин пенсия миқдори шу йил 1 октябрдан эътиборан ошиши аниқ бўлди. Бу ҳақда ҳукумат йиғилишида бош вазир Адилбек Қосималиев маълум қилди.
У “Ижтимоий контракт” дастурининг ижобий таъсирини таъкидлаб, унга кўра жорий йилда бу миқдор 100 минг сўмдан 150 минг сўмга оширилганини таъкидлади.
“Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Саноатлаштириш бўйича шу йилда мамлакатимиз бўйлаб 67 корхона очилиб, 6 минг иш ўрни яратилди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, шу йилнинг биринчи ярмида 159 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,9 баробар кўпдир”, - деган бош вазир.
Унинг қўшимча қилишича, Вазирлар Маҳкамаси аҳоли турмуш даражасини ошириш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Ҳукуматга кўра, 2024 йилда Қирғизистонда қашшоқлик даражаси 25,7 фоизга тушиб, 2023 йилга нисбатан 4,1 фоизга камайган. Бишкекда ўтирганлар тенденцияни ижобий баҳолаяпти.
Қашшоқликни камайтиришнинг асосий омили уй хўжаликлари даромадларининг ошиши бўлган. Вазирлар Маҳкамаси шунингдек, 2025 йилнинг 1 октябридан бошлаб давлат пенсияларини индексация қилишни тасдиқлаган. Қарорга кўра, 50 000 сўмгача бўлган пенсиялар 1,10 коэффициенти билан индексланади. 1 октябрдан кейин тайинланадиган янги пенсиялар базавий пенсия тўловини ҳисобга олган ҳолда 7100 сўмдан паст бўлмайди. Бу ўзбек сўмида 994 минг дегани, яъни Қирғизистондаги бирор пенсия энди 994 минг сўмдан кам бўлмаслиги керак.
АҚШ Тожикистонга 75 тонна озиқ-овқат маҳсулотларини совға қилди
Маҳаллий нашр, Аsia Plus Tajikistanʼнинг ёзишича, мамлакат бўйлаб 40 000 га яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун Тожикистонга қиймати 255,6 минг долларлик 75 тонна Америкада ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатилди.
АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси ёзишича , Техасдаги заводда ишлаб чиқарилган ушбу озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида витамин ва минераллар билан бойитилган ясмиқ, гуруч ва сабзавотларнинг тўйимли аралашмаси мавжуд.
Ушбу ёрдам 140 дан ортиқ тиббий-ижтимоий муассасаларга, жумладан, сил ва психиатрия муассасаларига, саратон марказларига, қочқинлар бошпаналарига тарқатилади. Дастур хавф остида бўлган минглаб одамларнинг саломатлиги ва фаровонлигини яхшилашга қаратилган.
Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар қўмитаси, Миллий сил касаллиги маркази ва Қизил ярим ой жамияти юкларнинг тақсимланишини назорат қилади.
“Бизнинг умумий мақсадимиз оддий: ҳаётни сақлаб қолиш, соғлиғини яхшилаш ва тожик оилалари ҳамда жамиятлари ҳаётида ҳақиқий ўзгаришлар киритиш”, деди АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Мануэл Микалер.
2007 йилдан бери АҚШ ҳукумати Тожикистонга қиймати 2,2 миллион доллардан ортиқ бўлган 1000 тоннага яқин бойитилган озиқ-овқат етказиб берган. Ташаббус Соғлиқни сақлаш вазирлиги, маҳаллий “Авесто” нодавлат нотижорат ташкилоти ва АҚШнинг “Resource and policy exchange” ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилиб келиняпти.
Туркманистонда очкўз текширувчилар кўпайди
Туркманистондаги бозорларда текширувчилар тушлик ва совға-салом эвазига қонунбузарликларга бемалол кўз юмишни одат қилди. Туркманистон ҳақидаги янгиликларни улашиб борувчи нашрлардан бири бу бўйича мақола эълон қилди. Унда келишича, вақти-вақти билан масалан, Туркманобод шаҳри бозорларида шаҳар ҳокимлиги, милиция, санитария-эпидемиология станцияси, солиқ ва ёнғин хавфсизлиги хизматлари вакилларидан иборат комиссиялар текширув ўтказади. Бозорком инспекторлар қачон келиши ҳақида савдогарларга хабар беради. Масалан, Яшил бозорда 10-12 тадбиркор одатда мазали таомлар ва спиртли ичимликлар билан дастурхон тузайди. Тушлик орқа хоналарда ёки сақлаш жойларида, бегона кўзлардан узоқда ўтказилади.
Зиёфат охирида эса инспекторлар қандай совғаларни олишни хоҳлашларини очиқдан-очиқ айтишади: “бугун менинг набирамнинг туғилган куни, унга велосипед совға қилсам яхши бўларди”, “менинг ўғлим бор эди, биз яхши аравача излаяпмиз”, “хотиним янги дазмол олишни хоҳлайди”, дейишади.
Бунинг эвазига эса давлат ташкилотидан келганлар бор қонунбузарликларга кўз юмишга тайёр бўлади. Нашр мухбирларининг айтишича, болалар велосипедлари 600 дан 1000 манатгача туради, бироқ савдогарлар буни солиқчи ёки бошқа текширувчига беришни рад этса, комиссия “бир неча велосипеддан қимматроқ” жарима ёзади.
Совғалар шахсан топширилмайди. Полиция ходими ёки ветеринар сотувчига машинасининг калитини беради, машина қаерда қўйилгани ва давлат рақамини айтади. Кейин сотувчи совғани олади ва уни юкхонага олиб бориб қўяди. Бундай текширувлардан сўнг комиссия энди электр симларининг ҳолати ёки санитария меъёрлари билан мутлақо қизиқмайди, деб ёзади нашр.
Туркманистонда бундай текширувчилик бизнеси аллақачон авж олган. Нашр эълон қилган ушбу мақоланинг остидаги фикрлар турлича. Баъзилар милиция ва амалдорлар арзимаган маош олиши сабаб шу тиланчиликка ўрганганини ёзса, бошқалар янги ишга кирганлар ойлаб маошсиз ишлашини сабаб қилиб кўрсатган.
“Толибон” Афғонистонда интернетни узиб қўйди
Масалан, Мозори-Шариф шаҳрида Wi-fi хизматлари буткул узилган ва бутун мамлакат бўйлаб оптик толали интернет тармоғи тўхтаган. Бу ҳақда Afghanistan international хабар берди.
Мозори Шариф аҳолисининг айтишича, 15 сентябр куни “Толибон” расмийлари интернет провайдерларига шаҳарда Wi-fi хизматларини ўчиришни буюрган. Маҳаллий телекоммуникация компаниялари эса бу қарорни тасдиқлаган.
АфғонТелесом ва яна бир нечта интернет провайдерлар кабел орқали кўрсатиладиган интернет хизматларини тўхтатган. Шунга қарамай, мобил тармоқлар ҳозирча фаолиятини давом эттирмоқда. Кобулдаги интернет провайдерлардан бири берган маълумотга кўра, “Толибон” тахминан 20 кун аввал бутун мамлакат бўйлаб оптик толали интернет хизматларини тўхтатган. Таъкидланишича, компаниялар бу қарор юзасидан алоқа вазирлигига мурожаат қилган, аммо уларга ушбу топшириқ бевосита Қандаҳордан келгани айтилган.
Мозори Шарифдаги телекоммуникация расмийси бу чора Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо ва интернет компаниялари ўртасидаги фавқулодда йиғилишда эълон қилинганини тасдиқлади. Унга кўра, Вафо йиғилишда қатнашганларга бу буйруқ бевосита “Толибон” етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охунзода томонидан берилганини айтган.
Провайдерларнинг маълум қилишича, “Толибон” раҳбарлари бу чекловни “ахлоқсизликнинг олдини олиш” воситаси сифатида оқламоқда. Улар олдин ҳам Тik Tok, PUBG каби иловаларга ҳамда порнографик сайтларга киришни тақиқлашни буюрганди.
Аммо хизмат кўрсатувчилар филтрация харажатлари ойига 50 мингдан 100 минг долларгача тушишини, шунинг учун бу иловаларни тўлиқ блоклай олмаганликларини маълум қилган.
Манбаларга кўра, эндиликда Охунзода юқори тезликдаги интернетни бутунлай тўхтатиш орқали жамоатчилик фикрини назорат қилишга уринмоқда.
NetBlocks маълумотларига кўра, 2024 йилда дунёнинг 54 давлатида жами 296 маротаба интернет чеклови қайд этилган. Масалан, Эрон 2019 йил ноябр ойидаги норозилик намойишлари чоғида интернетни деярли тўлиқ ўчириб қўйган. Россия эса 2021 йилдан бошлаб баъзи ижтимоий тармоқларга киришни чеклаб келмоқда.
Афғонистон эса интернет тезлиги бўйича дунёда 150-ўринда туради. Мутахассислар фикрича, юқори тезликдаги интернетнинг чекланиши шаҳарлардаги ҳаёт сифатига салбий таъсир қилади. Бу савдо-сотиқ, таълим ва маданий ҳаётга путур етказиши, аҳолининг глобал ахборот маконидан янада йироқлашишига олиб келиши мумкин.
Трамп Афғонистондаги базани қайта эгалламоқчи
Афғонистон ҳақидаги яна бир хабар билан дастурни якунлаймиз. Доналд Трамп АҚШ Бағрамдаги ҳарбий база устидан назоратни тиклаш ниятида эканини маълум қилди. Бу ҳақда у Буюк Британия бош вазири Кир Стармер билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида гапирган.
Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ Афғонистонни тарк этиши чоғи стратегик объектни сақлаб қолишни истаган.
“Биз Бағрамни — йирик ҳарбий авиабазани, дунёдаги энг катта авиабазалардан бирини сақлаб қолмоқчимиз. Биз уни уларга текинга бериб юбордик. Айтганча, ҳозир уни қайтариб олишга уринмоқдамиз”, - деди Трамп.
Аэродром 1950 йилларда қурилган. 1979-1989 йиллардаги совет ҳарбий кампанияси даврида у аскарларни жойлаштириш учун муҳим марказлардан бирига айланган. 2001 йилдан бошлаб Бағрам АҚШ назоратига ўтган.
Америка қўшинлари 2021 йилда ўз армиясини Афғонистондан олиб чиқиш жараёнида Бағрамни тарк этган.
Трамп аввал ҳам Бағрамни қайтариш ниятида эканини, сабаби у Хитой назоратига ўтиб кетганини даъво қилганди. Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий буни “ҳақиқатдан йироқ” деб атаган. У Афғонистон мамлакатда ҳар қандай хорижий ҳарбийларнинг бўлишига қатъий қарши эканини билдирди.
“Афғонистон ва афғон халқи ҳатто бир қарич ерда ҳам хорижий ҳарбийлар бўлишини қабул қилмайди. Президент Трамп бу хабарни эшитиши керак. Бошқа давлатлар ҳам тушуниб етишлари керакки, биз олиб бораётган алоқалар фақат сиёсий ва иқтисодий йўналишда”, - деган Мутаққий.
У ҳеч бир давлат билан ҳарбий алоқалар олиб борилмаганини ва келгусида бундай алоқалар ўрнатмаслигини айтди. Сиёсатчи Афғонистон ҳукумати халқаро ҳамжамият билан сиёсий, иқтисодий ва дипломатик алоқаларга содиқлигини таъкидлади.
Мавзуга оид
13:06 / 30.11.2025
Собиқ президентнинг қамоқдаги ўғли, қуриб кетган сув омборлари ва Қозоғистонда яна референдум – МО ҳафта ичида
13:06 / 23.11.2025
25 йиллик жиноят, расмга олишга тақиқ ва Ҳиндистонга қатнаётган «Толибон» вазирлари – Марказий Осиё ҳафта ичида
12:30 / 09.11.2025
Минтақа лидерлари Оқ уйда йиғилди – Марказий Осиё ҳафта ичида
14:50 / 02.11.2025