Жамият | 17:56 / 01.10.2018
11861
2 дақиқада ўқилади

Болалар нафақаси ва моддий ёрдамни вақтинча ҳисобга олиш жойи бўйича “маҳалладан” олиш мумкин бўлади

Фото: УзА

Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга тегишли тузатишларни Адлия вазирлиги ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Norma ёзмоқда.
 
Эслатиб ўтамиз,  юқорида кўрсатилган Низом фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан:

• 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа;
• бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа;
• кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам  тайинлаш ва тўлаш тартибини тартибга солади.
 
Бунда ишлаётган оналарга бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа маҳаллалар орқали тайинланади, башарти улар бюджет соҳасида ишласалар. Қолган ходимларга мазкур нафақаларни корхоналар ўз маблағларидан тўлайди.
 
Ариза берувчининг муҳтожлиги даражаси нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш учун асосий мезон ҳисобланади. Уни аниқлаш ва тўлаш (ёки тўлашни рад этиш) тўғрисида қарор қабул қилиш учун  маҳаллада 12 ой муддатга камида 5 кишидан иборат махсус комиссия ташкил этилади.
 
Низомнинг 12-бандига асосан болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг доимий яшаш (рўйхатдан ўтиш) жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан тайинланади. Агар тузатишлар тасдиқланса, келтирилган ижтимоий ёрдам турларини вақтинча яшаш ёки ҳисобга олиш жойи бўйича олиш мумкин бўлади.
 
“Инсон ҳуқуқлари бўйича онлайн мурожаатлар” акцияси чоғида фуқаролардан тушган таклифларни ўрганиш натижасида бундай ўзгартиришлар ташаббуси билан чиқилди.
 
Лойиҳа ҳозирча жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган. ҚҲТБТ порталида лойиҳа эълон қилинганидан кейин мазкур шарҳ тўлдирилиши ёки унга тузатиш киритилиш мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид