Ўзбекистон | 18:59 / 06.03.2026
1415
2 дақиқада ўқилади

Эҳтиёжманд оилалардаги аёллар учун давлат гранти квотаси 2 баробар оширилади

Мактабнинг 11-синфини тамомлаб, давлат техникумларига ўқишга кирган қизларни касбга ўқитиш тўлиқ давлат гранти асосида амалга оширилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Янги ўқув йилидан бошлаб эҳтиёжманд оилалардаги аёллар учун ажратиладиган давлат гранти квотаси икки баробар оширилиб, 4 мингга етказилиши белгиланди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Кўксарой қароргоҳида ташкил этилган байрам тадбирида маълум қилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган қизларнинг сони 904 мингдан ошиб, жами талабаларнинг 54 фоизини ташкил этмоқда. Ўтган йили 60 нафар ўзбекистонлик қиз дунёнинг энг нуфузли олий ўқув юртларига ўқишга киргани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, стажёр-тадқиқотчилар ва докторантурада таҳсил олаётганларнинг 8,5 минг нафари, яъни 61 фоизи хотин-қизлар экани қайд этилди.

Янги ўқув йилидан бошлаб эҳтиёжманд оилалардаги аёллар учун ажратиладиган давлат гранти квотаси икки баробар оширилиб, 4 мингга етказилиши белгиланди.

Топ 300 таликдаги олийгоҳлар билан қўшма таълим асосида магистратура босқичида таълим олаётган талаба-қизларнинг контракт пуллари ҳам давлат томонидан тўлаб берилади.

Эндиликда ҳар йили хотин-қизларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида камида 10 та йўналиш бўйича стартап танловлари ўтказилади. Ҳар бир йўналиш ғолибига Инновация жамғармасидан 500 миллион сўмгача грант ажратилиши белгиланган.

Мактабнинг 11-синфини тамомлаб, давлат техникумларига ўқишга кирган қизларни касбга ўқитиш тўлиқ давлат гранти асосида амалга оширилади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид