Таълим | 11:44 / 30.03.2026
2952
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 14 та “яшил” техникум очилади

Ўзбекистонда экологик таълим ва “яшил” иқтисодиёт учун кадрлар тайёрлаш янги босқичга чиқмоқда — 2026–2027 йилларда барча ҳудудларда 14 та “яшил” техникум ташкил этилиши режалаштирилган.

Фото: "Zamin" халқаро жамоат фонди

Ўзбекистон президентининг 2026 йил 25 мартдаги ПҚ–110-сон қарорига мувофиқ, “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар белгиланди.

Қарорга кўра, 2026–2027 йиллар давомида республиканинг ҳар бир ҳудудида ўрта бўғин кадрларини тайёрлайдиган 14 та “яшил” техникум фаолияти йўлга қўйилади. Ушбу таълим муассасаларида ҳудудларнинг экологик, ижтимоий ва иқтисодий эҳтиёжларидан келиб чиқиб, соҳалар учун малакали мутахассислар тайёрланади.

Шунингдек, 2030 йилгача мазкур техникумларда жами 10 минг нафар ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш орқали экологик таълим тизимини янада ривожлантириш кўзда тутилган.

Қарорда яна бир муҳим йўналиш сифатида 2026–2028 йилларда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳасида илмий даража олган мутахассислар сонини 150 нафарга етказиш вазифаси белгиланган.

2026-2027 ўқув йилидан бошлаб айрим таълим муассасалари “яшил” техникумлар сифатида қайта ташкил этилади. Уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва таълим сифатини ошириш мақсадида мазкур техникумлар Касбий таълим агентлиги билан келишув асосида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетига бириктирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид