Ўзбекистон | 20:57 / 12.12.2019
18091
3 дақиқада ўқилади

Расул Кушербаев: «Депутатлар журналистга босим ўтказиш ҳолатини жиноят кодексига киритиб беришлари керак»

12 декабрь куни сиёсий партиялар вакиллари ва Ўзбекистондаги хорижлик дипломатлар ўртасида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда АҚШ, Буюк Британия ва Жанубий Корея элчилари ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги бош координатори қатнашди.

Учрашувда дипломатлар Олий Мажлис депутатлиги учун номзодларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. БМТ вакили Ҳелена Фрейзернинг Ўзбекистонда ОАВ эркинлигини таъминлаш борасида депутатларнинг ўрни қандайлиги бўйича саволига ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси, депутат Расул Кушербаев жавоб қайтарди.

«Биринчи навбатда, инфраструктура билан боғлиқ муаммо бор. Айни вақтда интернет нашрлар анча жадаллашиб ривожланяпти. Лекин ҳозирча чекка ҳудудларни интернет тармоғи билан қамраб олишнинг имкони бўлмаяпти. Яқинда ҳукуматга бир йил ичида барча аҳоли пунктларидаги мактабларни оптик толали интернет билан таъминлаш талабини қўйгандик. Ҳамма қишлоқларда мактаблар бор, агар улар интернетга уланса, аҳолининг интернет билан қамраб олиниши ошади. Ҳукумат бу талабни қондиришни ўз зиммасига олди.

Қонунларга келадиган бўлсак, журналистлар эркинлиги ҳуқуқий таъминланган. Лекин уларга нисбатан қўлланаётган чекловлар бўлса, масъуллар томонидан жавобгарликни кучайтириш ва муқаррарлигини таъминлаш масаласи муаммо бўлиб турибди. Шунинг учун келажакда депутатлар журналист фаолиятига халақит берганлик, босим ўтказганлик, тўсиқ қўйганлик учун жиноий жавобгарликка сабаб бўлиш масаласини жиноят кодексига киритиб бериши керак. Бу депутатларнинг тўғридан-тўғри иши, деб ўйлайман.

Журналистларга босим ўтказган шахс ким бўлишидан қатъи назар қонун олдида жавоб бериши шарт, кечирим сўраб қутулиши керакмас. Бу борада жойлардаги ҳокимлардан умуман қониқмаганман», дея депутатнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

 

Давра суҳбати давомида Расул Кушербаев БМТнинг «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенциясини Ўзбекистон нима сабабдан ҳануз ратификация қилмаётгани ҳақидаги саволга жавобан ушбу халқаро ҳужжат ратификациясига қаршилигини айтди.

«Сўнгги 5 йил ичида бу ратификация ҳақида эшитганим йўқ. Бу халқаро ҳужжатни қабул қилишдан олдин яхшилаб ҳисоб-китобини юритиш керак. Харажатлар қайси манбадан қопланиши аниқланиши зарур. Агар бу ҳаракат тадбиркорлар учун қўшимча харажат талаб қиладиган бўлса, ратификацияни янаям кечиктириш лозим. Ҳужжатни ҳеч қандай ҳисоб-китобларсиз қабул қиламиз дейиш осон. Бундан ким қийналади? Тадбиркорлар асосий солиқ тўловчилар қатлами ҳисобланади. Шунинг учун, албатта, улар билан маслаҳат қилиш керак. Бюджетга ким кўп маблағ туширадиган бўлса, ўшанинг (тадбиркор - таҳр.) фаолиятини чеклайдиган ҳаракат қилмаслигимиз лозим», деди Кушербаев.

Бошқа партия вакиллари ҳам ўз фикрларини билдиришди. «Миллий тикланиш» демократик партияси аъзоси Нодир Тилаволдиев ратификация қабул қилинишини қўллаб-қувватлаган бўлса, «Адолат» СДП вакили бўлган Ойдин Абдуллаева бу жараён Ўзбекистон учун бироз вақтли эканлигини таъкидлади.

Мавзуга оид