Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Курдистон ишчилар партияси қуролларини топширмоқда. Бу Туркия билан 40 йиллик можарога нуқта қўядими?
11 июль куни Ироқда бўлган маросимда КИПнинг 30 нафар жангчиси қуролларини рамзий равишда ёқиб юборди. Ўз давлатига эга бўлмаган дунёдаги энг катта этник гуруҳ – ҳуқуқлари учун сиёсий кураш йўлига ўтмоқчи. Абдуллоҳ Ўжаланнинг Туркия қамоқхонасидан туриб қилган чақириғи Сурия ва Ироқдаги бошқа курд гуруҳларига қанчалик таъсир қилиши номаълум. Шундай бўлса-да, Эрдўған бу ҳаракатларни Туркия учун «янги саҳифа» деб атади.
11 июль куни Курдистон ишчилар партиясининг 30 нафар аъзоси, жумладан 15 нафар аёллар ўз қуролларини ёқиб юборди. Жума кунги маросим Ироқнинг шимолидаги Курдистон минтақасида жойлашган, Сулаймониядан 60 км шимоли-ғарбда жойлашган Дукан шаҳридаги Жасана ғорининг киришида бўлиб ўтди.
Маросимдан олинган видеоларда курдлар навбатма-навбат АК-47 автоматлари, ўқдонлар ва бошқа қуролларни катта кулранг қозонга ташлаётгани акс этган. Шундан кейин қуроллари ёқиб юборилган.

Воқеани гуруҳнинг тўрт нафар қўмондони кузатиб борди. Улардан бири – КИПнинг юқори лавозимли вакили Бесе Хозат турк тилида гуруҳнинг қуролсизланиш тўғрисидаги қарорини ўқиб эшиттирди:
«Биз, сизнинг ҳузурингизда, яхши ният ва қатъият белгиси сифатида қуролларимизни ихтиёрий йўқ қилмоқдамиз», — деди у. Кейин бошқа қўмондон айни баёнотни курд тилида ўқиб берди.
Reuters нашрининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, маросим чоғида осмон узра вертолётлар айланиб учган, тоғли ҳудуд атрофини эса Ироқ курдлари хавфсизлик кучлари ўраб олган.
Маросимда Туркия ва Ироқ разведка ходимлари, Ироқ Курдистони минтақавий ҳукумати вакиллари ҳамда Туркиядаги курдларга оид мухолиф ДEМ партиясининг юқори мартабали аъзолари иштирок этди. Айнан ушбу партия бу йили КИПнинг қуролсизланиш қарорида муҳим воситачилик қилган эди.
Келгусидаги топшириқлар қачон бўлиши ҳозирча номаълум. Туркия ҳукумати вакили бу қурол топшириш жараёнини «қайтмас бурилиш нуқтаси» деб баҳолади. Яна бир манбага кўра, кейинги босқичда КИП аъзоларининг Туркия жамиятига қонуний йўл билан қайта интеграция қилиниши, ҳамжамиятларни соғломлаштириш ва ярашувни ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилади.
КИПнинг таъсири
Курдистон ишчилари партияси сўнгги йилларда Туркия жануби-шарқий чегарасидан анча узоқлаштирилгач, Ироқ шимолида жойлашган. Туркия армияси бу ҳудуддаги КИП базаларига доимий зарбалар бериб келади ва у ерда бир нечта ҳарбий постларини жойлаштирган.
НАТО аъзоси Туркиянинг КИП билан қуролли можароси якунланса, бу қўшни Сурияда ҳам муҳим оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки Сурия ҳудудида АҚШ билан иттифоқда бўлган курд кучлари бор. Расмий Анқара уларни КИПнинг бир бўлаги деб билади.
Ҳозирга келиб, АҚШ ва Туркия суриялик курдларнинг аш-Шаръа хавфсизлик тузилмаларига тезроқ интеграциялашувини хоҳламоқда. Таҳлилчиларнинг айтишича, КИПнинг қуролсизланиши бу жараёнга қўшимча босим қўшади.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Курдистон ишчилар партияси томонидан қуролларни топшириш бошланганидан сўнг, мамлакат учун «янги саҳифа очилганини» айтди.
«Кечадан бошлаб, террор балоси тугаш жараёнига кирди. Бугун — янги кун, тарихда янги саҳифа очилди. Бугун буюк ва қудратли Туркия сари эшиклар кенг очилди», — деди Эрдўған.
Курдлар ва КИП ҳақида
Курдлар — умумий сони 30-40 миллион атрофида бўлган, дунёда ўз давлатига эга бўлмаган энг катта этник гуруҳ ҳисобланади. Улар асосан Эрон, Ироқ, Сурия ва Туркияда яшайди. АҚШ ва Европада ҳам бир неча миллион курдлар яшайди. Улар, туркча ёки араб тилига бевосита алоқадор бўлмаган курд тилининг бир нечта лаҳжаларида сўзлашади. Курдларнинг аксарияти — 70 фоизи сунний мусулмонлардир.

Биринчи жаҳон урушидан сўнг жаҳон давлатлари курдларга ўз давлати бўлишини ваъда қилган, бироқ бу ҳеч қачон амалга ошмаган. Кейинги авлодларда турли мамлакатларда курд исёнлари юз берган, уларнинг тили ҳамда маданиятига нисбатан давлатлар босими бўлган.
Мақсадларини Туркиядаги курдларнинг миллий ҳуқуқлари учун кураш ва курд давлатини барпо этиш деб эълон қилган Курдистон ишчилар партияси 1974 йилда Абдуллоҳ Ўжалан бошчилигида ташкил топган. 1980 йилларда Туркия давлатига қарши қуролли кураш бошлаган гуруҳ дастлаб Туркиядаги курдлар учун мустақиллик талаб қилган.
КИПнинг илк ҳаракатлари шарқий ва жанубий Туркия тоғларида бошланиб, ҳарбий базалар ва полиция пунктларига ҳужумлар билан кечди. Туркия ҳукумати бунга кескин жавоб берди. 1990 йилларда можаролар бутун мамлакатга ёйилди. Гуруҳ Туркия шаҳарларида портлашлар уюштириб, кўплаб тинч аҳоли вакилларининг ҳалок бўлишига сабаб бўлди.
1999 йил 15 февралда партия асосчиси Абдулла Ўжалан Кенияда АҚШ ёрдами билан Туркия разведкаси томонидан ҳибсга олинди. Шу йили у ўлим жазосига ҳукм қилинди, бироқ Европа Иттифоқига қўшилиш ҳаракати доирасида ўлим жазоси умрбод қамоққа алмаштирилди. У Мармар денгизидаги Имрали оролида қамалган ва узоқ йиллар ягона маҳбус бўлиб қолган.
2000 йиллардан бошлаб Ўжалан КИП мафкурасини тубдан ўзгартириб, ажралиб чиқиш ўрнига курдларнинг сиёсий ҳуқуқлари учун сиёсий курашга чақира бошлади. 2013 йилда Туркия ҳукумати билан тинчлик музокаралари бошланган, аммо бу жараён 2015 йилда тўхтатилган. Кейинги икки йил ичида жануби-шарқий шаҳарларда юз берган қуролли тўқнашувлар 7 000 дан ортиқ одам ҳаётига зомин бўлган.
Сўнгги йилларда Туркия армияси партиянинг жангариларини шаҳарлардан сиқиб чиқарди, дронлар орқали гуруҳ етакчиларини нишонга олди. Бунга жавобан баъзида КИП ҳужумлар билан жавоб бериб турди. Хусусан, 2023 йилда партиянинг кичик жангарилар гуруҳи Туркия ҳукуматига қарашли аэрокосмик компания штаб-квартирасига автоматлар ва портловчи модда билан бостириб кириб, беш нафар ходимни ўлдирган. Ҳужум хавфсизлик кучлари вазиятни назоратга олгандан кейин тўхтатилган.
Ҳарбий кучдан – сиёсий кураш йўлига
2024 йил охирида КИП ниҳоят қуролсизланиш ва сиёсий кураш йўлига ўтишини эълон қилди. 2025 йил февраль ойида ташкилот етакчиси Абдуллоҳ Ўжаланнинг қамоқдан туриб КИП ва унга алоқадор гуруҳларни тарқатиб юбориш, 40 йилдан ортиқ давом этган қуролли курашга барҳам беришга чақирди.
Шу йил май ойида эса КИП ўзини тарқатиб юбориш ва қуролни ташлаш қарорини эълон қилди. Жангчиларнинг биринчи гуруҳи 2025 йил 11 июль куни Ироқ шимолидаги ғорда қуролларини ёқиб юборди.
Туркияга қарши 40 йиллик кураш давомида партия – Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган. ОАВга кўра, улар 40 мингдан ортиқ инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган.
Энди нима бўлади?
Кейинги қадамлар ҳали аниқ эмас. КИП ва курдларга оид сиёсатчилар Ўжаланни озод қилиш ёки ҳеч бўлмаганда унга нисбатан чекловларни юмшатиб, қуролсизланиш жараёнини бошқариш имконини беришга чақирмоқда.
КИПнинг Ироқ шимолининг тоғли ҳудудларида яширин базаларига бу қарор қандай таъсир қилиши ҳам ҳозирча номаълум. Туркия бу базаларни ва Суриянинг шимоли-шарқини назорат қилаётган КИПга алоқадор гуруҳларни кўп бор бомбардимон қилган ва уларни ўз чегараларига яқин хавф сифатида баҳолаган.


Туркия расмийлари очиқчасига ҳукумат КИПни қуролсизлантириш учун ҳеч қандай имтиёз бермаганини айтган. Бироқ курдларга оид асосий мухолиф партия вакиллари ҳукуматдан маданий ва таълимий ҳуқуқларни кенгайтиришини кутмоқда.
КИПнинг бу баёноти бошқа курд ҳарбий гуруҳларга, айниқса Сурияда, таъсир кўрсатиши ва минтақавий мувозанатни ўзгартириши мумкин.




Мавзуга оид
02:08 / 12.01.2026
Оилада камида уч нафар фарзанд бўлиши керак – Эрдўған
14:59 / 09.01.2026
Қора денгизда дрон зарбаси оқибатида Elbus танкери шикастланди
14:23 / 08.01.2026
Сурияда яна жанглар бошланди
20:24 / 05.01.2026