Ўзбекистон | 12:00 / 27.12.2018
61292
2 дақиқада ўқилади

Беҳзод Мусаев Давлат солиқ қўмитаси раиси этиб тайинланди

Фото: Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати

Давлат солиқ қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи, раиснинг биринчи ўринбосари Беҳзод Анварович Мусаев Давлат солиқ қўмитаси раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда ДСҚ сайтида хабар берилган.

«Беҳзод Мусаев мамлакатимиз Президентига содиқ, кенг дунёқарашга эга, узоқни кўзловчи, тинмай изланувчан ва олдига ҳамиша стратегик вазифаларни мақсад қилиб келган юқори малакали мутахассисдир.

Б.Мусаев раҳбарлигида Президентимиз ташаббуси билан жорий этилаётган солиқ тизимини либераллаштириш, тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, давлат солиқ хизмати органларини инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкорига айлантириш йўлидаги ислоҳотлар фаоллик билан ҳаётга татбиқ қилинмоқда», дейилади қўмита матбуот хизмати хабарида.

Беҳзод Мусаев 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. 1995 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2004 йилда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган.

У Давлат солиқ хизмати органларидаги меҳнат фаолиятини 2010 йилда бошлаган. 2010-2011 йилларда Солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган, унинг 2011 йилдан 2016 йилгача бўлган фаолияти ҳақида маълумот йўқ. У жорий йилнинг 12 март куни Абдусалом Йўлдошев ўрнига Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасига тайинланганди.

Эслатиб ўтамиз, Давлат солиқ қўмитасининг бундан аввалги раиси Ботир Парпиев жорий йилнинг 11 май куни ишдан олинганди. Шу куни Мусаев биринчи ўринбосар лавозимини сақлаб қолган ҳолда Парпиев ўрнига ДСҚ раиси вазифасини бажарувчи сифатида иш бошлаганди.

Мавзуга оид