Ўзбекистон | 15:28 / 13.02.2021
8953
1 дақиқада ўқилади

Болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлар тўғридан тўғри жиноий жазога тортиладиган бўлди

Ўзбекистон Республикасининг айрим кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун (ЎРҚ–673-сон, 12.02.2021 й.) президент томонидан имзоланди.

Қонун билан Жиноят кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахснинг 18 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлгани ҳолда уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Ушбу жиноятни содир этган шахсга 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.

Шунингдек, вояга етмаган шахсни ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар, оқимлар, секталар фаолиятида қатнашишга ундаганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Ушбу жиноятни содир этган шахсга 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига киритилган ўзгартиришларга кўра, вояга етмаган шахсни меҳнатга бирор-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаган шахс тўғридан тўғри жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланди.

Илгари бундай қонунбузарлик маъмурий жазо қўлланилгандан сўнг такрор содир этилган тақдирда жиноий жавобгарлик белгиланган.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Мавзуга оид