Ўзбекистон | 17:52 / 13.01.2026
4710
2 дақиқада ўқилади

Бувайдада буйруқни бажаргани учун ишдан олинган мактаб директори лавозимига тикланди

Аввалроқ, Ҳасанбой Нишонов дам олиш кунлари ўқитувчиларни навбатчиликка жалб қилгани учун ишдан олинган эди. Меҳнат инспекцияси унинг ишдан бўшатилишида меҳнат қонунчилиги талаблари бузилганини аниқлади.

Ҳасанбой Нишонов

Фарғона вилояти, Бувайда туманидаги 37-сон умумтаълим мактаби директори Ҳасанбой Нишонов лавозимига тикланди. Бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси хабар берди. Аввалроқ, у дам олиш кунлари ўқитувчиларни навбатчиликка жалб қилгани учун ишдан олинган эди.

«Ўрганиш жараёнида Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан меҳнат қонунчилиги талаблари бузилган ҳолда мактаб директори лавозимидан озод этилгани аниқланди. Инспекция томонидан берилган ёзма кўрсатмага асосан, бошқарманинг 2026 йил 6 январдаги 1-к-сонли буйруғи бекор қилинди», дейилади хабарда.

37-сон мактаб директори Ҳасанбой Нишонов 2025 йил 25 декабрдан 2026 йил 6 январгача ўқитувчиларни туну-кун навбатчиликка жалб қилганидан кейин Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ишдан олинган эди.

Кейинчалик ушбу ташаббус Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан чиққани, барча ҳудудлар бошқармалари, туман ва шаҳарлар бўлимларига шу ҳақда топшириқ берилгани маълум бўлди.

Давлат меҳнат инспекцияси ҳолатни ўрганиб, Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан меҳнат қонунчилиги талаблари бузилган ҳолда мактаб директори лавозимидан озод этилгани аниқланди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид