Иқтисодиёт | 20:20 / 09.10.2025
4978
5 дақиқада ўқилади

Мис сим экспортига бож киритилади. Иқтисодчилар бу хатолигини айтмоқда

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов Ўзбекистонда мис сим экспортига бож киритилиши кутилaётганини маълум қилди. Унинг айтишича, бундан мақсад – корхоналарни қўшилган қиймат яратишга ундаш. Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ва Отабек Бакиров бу таклифни танқид қилди.

Даврон Ваҳобов / Фото: Ўзбекистон 24

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов мис симига бож жорий этилиши режалаштирилаётганини маълум қилди. У буни қўшимча қиймат яратишни рағбатлантириш мақсади билан изоҳлади.

Ваҳобовнинг “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервюсида айтишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда умумий ҳисобда ўртача 200 минг тонна атрофида мисни қайта ишлайдиган кичик, ўрта ва йирик корхоналар пайдо бўлган. Президент ташаббуси билан, мисдан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар учун биржада бошланғич нархга нисбатан 4 фоизлик чегирмадан фойдаланмоқда.

“Олмалиқда 1 тонна миснинг ўртача нархи 9 минг доллар бўлса, давлат томонидан берилаётган 4 фоизлик имтиёз – ўртача ҳисобда 360 долларни ташкил этади. Корхоналар 8 600–8 700 долларга олиб, юқори қўшилган қиймат яратган ҳолда 12 минг долларгача маҳсулот экспорт қилмоқда. Лекин баъзи тадбиркорлик субъектлари мисни оддий сим ҳолида экспорт қиляпти – бу эса жаҳон бозорида бизнинг мис ишлаб чиқарувчиларимиз имижига ўзига яраша зарар келтиряпти.

50 млн, 80 млн доллар инвестиция қилган тадбиркорлар тарафидан яхши таклиф кўтарилди: бундай симлар [экспорти]га бож ўрнатиш. Бош ўрнатилганидан кейин қолган тадбиркорлик субъектлари ҳам қўшилган қиймат яратишни ўйлаб кўради”, – деди Ваҳобов.

ССП раисининг айтишича, 2025 йилнинг 8 ойида ўртача ҳисобда 71 минг тонна мис чегирма билан сотиб олинган бўлиб, шундан 36–37 минг тоннаси сим сифатида экспорт қилинган.

Мис сим экспорт қилаётган корхоналар 300 мингдан 500 минг долларгача сармоя киритган: печ қўйиб, уни эритиб, сим ҳолатига келтириб, экспорт қиляпти. 30–40 миллион доллар сармоя киритган корхоналар эса, Даврон Ваҳобовга кўра, “100 фоиз тўлов қилиб, ишлай олмаяпти”.

“Шу сабабли бундай симларга бож жорий этиш орқали қўшимча қиймати юқори бўлган, 11–11,5 минг долларлик тайёр маҳсулотни Европа ва АҚШга экспорт қилишга шароит яратилади”, – деди у.

Ваҳобовнинг таъкидлашича, 4 фоизлик чегирма ОКМКдан маҳсулотни 100 фоизлик тўлов билан сотиб олиш шарти билан яна 3 йилга узайтирилади ва мис сим (7408 ТИФ ТН коди) экспортига бож жорий этилади.

“Ундан ташқари, ҳурматли президентимиз томонидан айнан биржадан мис сотиб олувчиларга 100 млн доллар ажратилди”, – деди у.

Экспортга бож қўйиш – жуда хато қарор”

Ню-Йорк университети профессори, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов мис сим экспортига бож жорий этилишига муносабат билдириб, буни “жуда хато қарор” деб атади.

“Эски даврларда, чегарадан мева-сабзавот олиб чиқаётган тадбиркорларни божхона ва чегарачилар ушлагани ҳақида видеолар олиниб, телевизорда “қайта ишланмаган товарларни олиб чиқиб, халқ ризқига тажовуз қилаётганлар” деб айблашарди.

Экспортга бож қўйиш – жуда хато қарор. Импортга бож ҳам худди шундай, Ўзбекистонни камбағалаштирувчи нарса, лекин экспортга ҳар қандай бож – алоҳида, янада оғирроқ масала.

Бир томондан ҳукумат экспортчиларнинг транспорт харажатларини қоплаб беради, иккинчи томондан эса уларга бож солади. Аслида бу икки чорани ҳам қилмаслик керак. Экспортчилар ўз аравасини ўзлари тортишсин, импорт қилувчилар ҳам шундай. Худди шундай, бир тарафдан экспортни кўпайтириш учун форумлар ва кўргазмалар ўтказилади, иккинчи тарафдан эса божлар жорий қилинади”, – дея ёзди профессор.

Унинг қайд этишича, божлар бўйича қарорларни парламент қабул қилиши керак, чунки бож бу – солиқ. Солиқ солишдан аввал эса депутатлар унинг иқтисодий зарарлари ҳақида аниқ ҳисоб-китобларни кўриши ва маслаҳатлашиши зарур.

Нархларнинг эркин шаклланишига аралашув”

Иқтисодчи Отабек Бакиров янгиликни “янги тўсиқ” деб таърифлади.

“Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга мис учун 4 фоизлик чегирманинг берилиши хато қарор бўлганини тан олмагунимизгача, ўша хато қарор оқибатларини тузатмагунча янги ва янги тўсиқларни қўйишда давом этаверамиз. Мис симга энди 5 фоизлик экспорт божи ҳам етарли бўлмай қолади (газга 20 фоизлик бож газ экспортини тўхтатиб қолаётгани йўқ-ку). Айниқса, мис нархи тинимсиз ўсиш трендини (тоннаси 11 минг долларга яқинлашмоқда) намойиш этаётган пайтда, 8 700 доллардан олинган мис билан боғлиқ спекуляция тўхтамайди.

Нархларнинг эркин шаклланишига аралашув ва имтиёзлар доим шунақа оқибатлар яратаверади, кейин оқибатлар билан курашиб янги тўсиқлар қўямиз ва иқтисодиётга янада кўпроқ зиён етказамиз”, – дея ёзди Бакиров.

Аввалроқ “Юксалиш” ҳаракати божлар орқали монополия яратмасликка чақирган эди. Ҳаракат позициясига кўра, божлар ва лимитлар қонун билан белгиланиши ва буни парламент ҳал қилиши лозим.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид