Ўзбекистон | 13:34 / 05.07.2025
42834
2 дақиқада ўқилади

Фарғонадаги Malibu иши: ҳайдовчи вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг турмуш ўртоғи экани маълум бўлди

Фарғона вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ушбу Malibu қоидабузарликларини “охирги зарурат юзасидан содир этилган” деб топиб, 61 та жаримани бекор қилган. Kun.uz'нинг бир биридан мустақил манбалари ушбу автомобил вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Акмал Аҳмедовнинг турмуш ўртоғига тегишли эканини тасдиқлади.

Фарғона вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Акмал Аҳмедов (ўнгда) / Фото: Вилоят ИИБ

Фарғонада ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан қоидабузарликлари бекор қилиб келинган Malibu машинаси вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи подполковник Акмал Аҳмедовнинг турмуш ўртоғига тегишли бўлган. Буни Kun.uz манбалари тасдиқлади.

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятида Malibu машинаси томонидан содир этилган юздан ортиқ қоидабузарликлар асоссиз бекор қилиб келингани айтилган хабарлар тарқалди. Вилоят ИИБ ЙҲХБ муносабат билдириб, ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилганини маълум қилди. Унга кўра, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқармасининг 5 нафар ходимига нисбатан интизомий жазо тайинланган.

Шунингдек, муносабатда Malibu русумли 40 081 SBA давлат рақамли автотранспорт воситасида содир этилган барча қоидабузарликлар бўйича жарималар белгиланган тартибда ундирилгани айтилган.

Kun.uz ҳолат юзасидан қўшимча маълумот олиш мақсадида Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот котиби Элбек Қобилов билан боғланди.

“2024-2025 йилларда ушбу машина томонидан содир этилган жами 61 та қоидабузарлик бўйича жарималар бекор қилинган. Хизмат текшируви якуни бўйича жарималарнинг барчаси ундирилган. Жарималарнинг умумий суммаси бўйича маълумоти йўқ”, дейди Элбек Қобилов.

Шунингдек, бошқарма матбуот котиби ушбу Malibu томонидан содир этилган қоидабузарликларни таҳлил қилиб кўрмаганини, улар асосан қандай турдаги қоидабузарлик эканидан хабари йўқлигини билдирди. Тармоқларда тарқалган видеода эса 40 081 SBA давлат рақамли Malibu ҳатто бир нечта ҳолатда светофорнинг қизил чироғида ҳам ҳаракатланганини кўриш мумкин.

Турмуш ўртоғига тегишли Malibu жарималарини асоссиз ўчиришни Акмал Аҳмедов буюрганми ёки ходимларнинг ўзининг ташаббуси бўлганми, бу ҳозирча аниқ эмас.

Мавзуга оид