Танзила Норбоева: «Ўзбекистон хотин-қизларнинг парламент ва ҳукуматдаги иштироки бўйича АҚШ ва Германия каби ривожланган давлатларни ортда қолдирди»
Бугун, 15 июнь куни Тошкентдаги Вестминстер университетида Марказий Осиё ва Афғонистонда барқарор ривожланиш сари хотин-қизларни иқтисодий қўллаб-қувватлаш мавзусида халқаро бизнес-форум ўтказилди.
Форумда Марказий Осиёдаги 5 давлат ва Афғонистондан юздан ортиқ раҳбар ва тадбиркор аёллар иштирок этди. Шунингдек, БМТ бош котиби ёрдамчиси Миряна Эггер ҳам қатнашди.
Анжуманда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, олти мамлакатдаги тадбиркор аёлларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Гендер тенглиги комиссияси раиси Танзила Норбоева Марказий Осиё давлатлари бошқарувида хотин-қизларнинг ўрни ошиб бораётганини таъкидлади.
«Сўнгги 20 йил давомида Марказий Осиё давлатларининг параментларида аёллар улушининг 2 бараварга оширилгани катта ютуқ, деб ҳисоблайман. 10 йилдан бери меҳнат фаолиятига жалб этилган хотин-қизлар улуши ўртача 65 фоизни ташкил этяпти.
Мана шу статистика хотин-қизларсиз иқтисодиётни ривожлантириш мумкин эмаслигига далилдир.
Ўзбекистондаям хотин-қизлар масалаларига алоҳида эътибор бериляпти. Биргина мисол: 190 та давлат парламентларини бирлаштирган Парламентлараро иттифоқнинг эътироф этишича, хотин-қизларнинг парламент ва ҳукумат доирасида иштироки бўйича Ўзбекистон иттифоққа аъзо давлатлар орасида 45-ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич бўйича мамлакатимиз нафақат минтақа, балки қатор ривожланган Ғарб давлатлари – АҚШ, Германия, Австралия, Канададан юқори поғонага чиқиб олди. 3-4 йил олдин 128-ўринда турардик.
Куни кеча Сенат ялпи мажлисида муҳим ҳужжат – 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди.
Стратегия устида 1 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида ишладик ва халқаро баҳолаш индикаторларига мослаштирдик. Бу ҳужжат орқали хотин-қизларни раҳбарликка тайёрлаб, тавсия этиб борамиз, бандлик масалаларини кучайтирамиз, уларнинг молиявий ресурсларга эгалик қилиш ҳуқуқларини қатъий талаб қиламиз.
Аввалгидек бу вазифалар билан фақат хотин-қизлар масалалари билан шуғулланадиган ташкилотлар эмас, балки вазирликлар, ҳокимликлар ҳам шуғулланади.
Бундан ташқари, хотин-қизларга кредит ажратиш мақсадида республика даражасида хотин-қизлар мақсадли жамғармаси ташкил этилди, давлат бюджетидан ҳар йили 300 млрд сўм ажратилиши белгилаб қўйилди. Бизни энди олдингидай қаердан кредит оларканмиз, деган ўйлар безовта қилмайди. Ижтимоий жиҳатдан муҳтож бўлган 1,5 млн аёлларни камбағалликдан чиқариш бўйича иш олиб боряпмиз», – деди Норбоева.
Тадбирда ушбу форум Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти доирасида ўтказилаётган энг муҳим тадбир дея таъкидланди.
Форум иштирокчилари Марказий Осиё аёллари ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик қилиш масаласида йўл харитаси ҳам қабул қилади. Лойиҳа ҳужжатлари қатнашаётган мамлакат раҳбарлари билан келишилган ва форумда айтилган таклифларни инобатга олган ҳолда қабул қилинади.
Мавзуга оид
16:12 / 22.11.2024
Танзила Норбоева Россияда МДҲ давлатлари Парламентлараро Ассамблеясида иштирок этди
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
13:10 / 17.11.2024
Ўзбекистон парламенти аъзолари Бокуда ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияда иштирок этди
22:55 / 16.11.2024