Ўзбекистон | 12:54 / 18.01.2024
7013
2 дақиқада ўқилади

Транспорт вазири қатор масалалар билан лозим даражада шуғулланмаётгани учун огоҳлантирилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган йиғилишда маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга етказишда ишончли логистика занжирларини ташкил қилиш бўйича ўз ечимини кутаётган масалалар таҳлил қилинди.

Масалан, айрим мамлакатларда юк ташишда қўшимча йиғимлар мавжуд, ҳайдовчилар учун виза режими мураккаб, автотранспорт учун вазн талабларини мувофиқлаштириш якунига етказилмаган, портларда экспорт товарларини сақлаш ва қайта ишлашга мўлжалланган терминаллар йўқ.

Бу масалалар билан лозим даражада шуғулланмаётгани учун транспорт вазири Илҳом Маҳкамов огоҳлантирилди.

Инвестиция вазирлигига логистикадаги муаммоларни ечиш, минтақавий ва йирик халқаро лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича бир қатор топшириқлар берилди. Стратегик темир йўл коридорларини барпо этиш доирасидаги ишларни фаоллаштириш лозимлиги қайд этилди.

Мутасаддиларга хорижий мамлакатларда маҳаллий ташувчилар учун виза режимини соддалаштириш чораларини кўриш топширилди.

  • Бундан аввалроқ президент адлия вазири Акбар Тошқуловни лавозимдан олиб, Техник тартибга солиш агентлигига раҳбар этиб тайинлаши ҳақида огоҳлантиргани тўғрисида хабар берилганди.
  • Шунингдек, инвестициялар соҳасида чорак якунигача ўзгариш қилмаса, комплекс учун масъул бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаевнинг лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилиши маълум қилинди.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид